Айтайлик, Бағдод туманидаги Самандарак қишлоғида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Насиба Бобохонова уйда чеварлик қилиши, маҳалла хотин-қизларига бу ҳунарни ўргатаётганини айтиб, хонадонини таъмирлаб, қулай меҳнат муҳитини яратишда амалий ёрдам сўраган эди.

Мурожаатдан сўнг Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси масъуллари, Халқ қабулхонаси ва секторлар раҳбарлари Насиба Бобохонованинг уйига келиб, унинг оилавий шароитини ўрганди. Бу оиланинг тўрт вакилида ногиронлик бор экан. Насибахоннинг ҳунари бор, ишлаб оилага даромад келтириши мумкин. Натижада ички имкониятлар ҳисобидан аёлнинг уй-жойини таъмирлаш учун зарур қурилиш материаллари, чевар аёлга эса, янги замонавий тикув машинаси ажратилди.

Бағдоднинг Амиробод маҳалласида яшовчи яна бир чевар, 1-гуруҳ ногирони Соҳиба Йигитованинг аввалги оммавий қабулдаги мурожаати ижроси жойига чиқиб ўрганилди. У ўтган йили уй-жой олиш учун мурожаат қилган, ўшанда аёлнинг ота ҳовлисидан яқинлари ажратган жойда ички имкониятлар ҳисобидан ҳам уй-жой, ҳам корхона қуриб бериш белгиланган эди. Ўрганишлардан сўнг бошланган эзгу ишларни охирига етказиш учун зарур қурилиш материаллари, аёлга замонавий тикув машинкаси ажратилди. Ҳадемай, беш хонали уй Соҳибахон ихтиёрига топширилади, у эса ўз яқинлари бағрида мўъжаз тикувчилик корхонасида маҳалласидаги 30 дан зиёд қиз-келинга бош бўлиб иш бошлайди.

– Ҳаётимда мўъжиза рўй берди. Мана, уйларим битяпти. Ишхонамни ҳам кенгайтириб олсак, шогирдларим билан астойдил элга хизмат қиламиз. 30 дан ортиқ иш ўрни яратишни мақсад қилганман, – дейди қувончини яширолмай Соҳиба Йигитова.