Ўзбекистон табиатининг биологик ва ландшафтлар хилма-хиллиги миллий бойлигимизнинг ажралмас қисмидир. Мамлакатимизнинг Асосий қонуни Конституциямизнинг 68-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, дейилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида” ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш сохасини тартибга солишга қаратилган. Бироқ мамлакатимизда ҳайвонот дунёсидан хўжасизларча, ноқонуний, мақсадсиз фойдаланиш, унга зарар етказиш билан боғлиқ ҳолатлари учраб турибди. Мисол тариқасида Сурхондарё вилоятида содир бўлган ноқонуний ов билан боғлиқ ҳолатни келтириб ўтишимиз мумкин. Сурхондарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ҳамкорлигида навбатдаги рейд тадбирлари ўтказилди. Назорат тадбирлари давомида ҳудудларда табиатни муҳофаза қилиш, ноқонуний ов ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган текширувлар олиб борилди. Рейд жараёнида Термиз тумани Учкўл атрофидаги дашт ҳудудида ноқонуний ов ҳолати аниқланди. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани “Олмазор” кўчасида яшовчи фуқаро Э.Ф. томонидан 13 бош ёввойи қуён ноқонуний равишда овланган. Текширув давомида фуқаро овни тақиқланган усулда — тунда ёритувчи мосламадан фойдаланган ҳолда амалга оширгани аниқланган. Бу эса амалдаги овчилик қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилди. Шунингдек, ов жараёнида фойдаланилган, фуқаро Э.Ф.га тегишли бўлган 3 дона ов милтиғи ашёвий далил сифатида олиб қўйилиб, вилоят Ички ишлар бошқармасига топширилди. Ҳозирда табиатга етказилган зарар миқдори ҳисоб-китоб қилинаётганини келтириб ўтишимиз мумкин.

Бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳолатни ҳам келтириб ўтишимиз мумкин. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Экологик назорат инспекцияси — Экополиция ходимлари томонидан ҳудудларда навбатдаги назорат-рейд тадбирлари ўтказилди. Мазкур рейдлардан кўзланган асосий мақсад — ёввойи табиатни муҳофаза қилиш, ноқонуний ов қилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда биохилма-хилликни асрашдан иборат. Рейд тадбирлари давомида Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани чўл ҳудудида жиддий ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. Хусусан, 2 нафар фуқаро томонидан 4 дона ноқонуний ов қуроли ёрдамида 8 дона қуён ва 1 дона бўрсиқ ноқонуний овлангани фош этилди. Шунингдек, улар яна 2 дона бўрсиқни тирик ҳолда тутиб олганликлари маълум бўлди. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 4 дона ов қуроли олиб қўйилди ҳамда Ички ишлар органларига топширилди. Мазкур ҳуқуқбузарлик ноқонуний ов қуроллари билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, тўпланган дастлабки материаллар қонуний чора кўриш мақсадида ваколатли органларга юборилди. Тезкор чоралар натижасида тирик ҳолда ушланган 2 дона бўрсиқ табиий яшаш муҳитига — табиат қўйнига қўйиб юборилди.

Мутахассислар бу каби рейд тадбирлари ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш, браконерликка қарши курашни кучайтириш ҳамда экологик қонунчилик ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Экологик партия ва жамоатчиликнинг ҳайвонларга ов қилиш учун рухсатномалар беришга мораторий жорий қилиш бўйича 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қарор лойиҳасини киритган эди.

Бироқ ҳозирги кунга қадар ушбу қарор лойихасини тақдири ноаниқлигича қолмоқда. Агар ушбу қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинадиган бўлса мамлакатимиздаги ҳайвонот дунёсининг барқарорлиги ҳамда ёввойи ҳайвонларнинг генетик фонди сақлаб қолинган бўлур эди. Ҳайвонларга ов қилиш учун рухсатномалар беришга мораторий эълон қилиш амалиёти қўшни Қирғизистон Республикасида ҳам амалга оширилаяпти. Хусусан айрим ҳайвонот турларини овлашга 10 йил мораторий эълон қилишни амалга ошириш арафасида турибди. Бундан ташқари Европа иттифоқи ҳамда табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари жирафа, фил ва каркидон ҳайвонларини ов қилишга мораторий эълон қилиш ташаббуси билан чиқишди. Японияда ҳам 1986 йил китларни ов қилишга 30 йил мораторий эълон қилинганлигини келтириб ўтишимиз мумкин.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бошқа мамлакатларда ҳам ҳайвонот дунёсини мухофаза қилишга жуда катта эьтибор бериб келинмоқда.

Таклиф қилинган қарор лойиҳасини қўллаб қувватлаган ҳолда шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, қарордан кўзланган асосий мақсад юртимизда экологик қонунчиликни такомиллаштириш, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвон турларини сақлаб қолиш ва кўпайтиришдан иборатдир.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ушбу қарор лойиҳаси республикамиздаги камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвон турларини сақлаб қолишга ҳамда кўпайтиришга хизмат қилади деган умиддамиз.

Р.Х.Кенжаев,
Тошкент давлат юридик университети
Экология ҳуқуқи кафедраси профессори