Табиат каби жамият ҳам доимо ўзгариш ва янгиланишда бўлади. Бу жараёнда, янги марра ва улкан довонларни забт этишда халқни бир мақсад йўлида бирлаштириш ва сафарбар этиш жуда муҳим аҳамиятга эга.

Айни пайтда Янги Ўзбекистон деган эзгу ғоя меҳнаткаш ва бунёдкор халқимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, умумхалқ ҳаракатига айланмоқда. Бу улуғвор ғояни амалга оширишда ва кўзланган марраларни эгаллашда ҳар биримиз масъулиятни ҳис этиб, ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишимиз керак. Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси халқимизнинг орзусини руёбга чиқаришда барчамизга дастуруламал бўлади.

Бугун Ўзбекистонда тараққиётнинг  юксак босқичи  — учинчи Ренессансга пойдевор қўйилмоқда. Учинчи Ренессанс бу — янги тараққиёт, янги марралар, янги имкониятлардир.

Мамлакатимиз Президентининг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “Ҳаммамиз кўриб турибмиз  — бугун замон жуда тез, мислсиз шиддат билан ўзгармоқда. Шунинг учун биз ислоҳотларимиз суръатини асло пасайтирмасдан, фақат олдинга боришимиз, ҳар бир соат, ҳар бир кундан унумли фойдаланишимиз керак”, дея таъкидлаган сўзлари замирида улуғ ниятларни амалга ошириш йўлида юксак масъулият ўз ифодасини топган.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон турибди. Унинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, тинч ҳаёт кечириши, муносиб меҳнат ва  яшаш шароитларини яратиш каби вазифаларга эътибор қаратилмоқда. Инсон қадри улуғланган юртда, албатта, файзу барака ва фаровонлик бўлади. Бундай юртда фуқаролар амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда унинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчисига айланади.

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистонни тараққиёт стратегиясида барча соҳалар қаторида кон-металлургия тармоғига ҳам катта вазифалар қўйилмоқда.

Бугунги комбинат кечаги комбинат эмас

Навоий кон-металлургия комбинати нафақат республикамизда, балки дунё миқёсида йирик ишлаб чиқариш корхонасидир. Айниқса мустақиллик йилларида кончиларимизнинг юртимиз равнақи йўлидаги фидокорона меҳнати туфайли комбинат дунёнинг энг йирик олтин ишлаб чиқарувчи корхоналаридан бирига айланди.

Жамоамиз шиддатли давр билан ҳамқадам одимламоқда. Негаки, бугунги кунда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, халқаро майдонда бозорларни эгаллаш учун давлатлар ҳамда йирик корхоналар ўртасида кескин рақобат кучаяётганлиги шуни тақоза этаяпти. Жаҳон иқтисодиётидаги кучли рақобат ва замонавий ишлаб чиқариш муносабатлари бизни янгича ишлашга, янгича ёндашувларга чорламоқда.

Комбинатда муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан кейинги йилларда замонавий бозор муносабатларининг талабларидан келиб чиқиб, барча йўналишларда бошқарувнинг янги, замонавий шаклига ўтилаяпти. Шу пайтгача давлат корхонаси сифатида фаолият олиб борган Навоий кон-металлургия комбинати транформация қилинмоқда. Бундан кўзланган мақсад унинг халқаро молия бозорига чиқишини таъминлаш ва давлат кафолатисиз хорижий инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини яратиш. Бугунги кунда мамлакатимизда олтин ишлаб чиқарувчи энг йирик корхона  — “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти сифатида фаолиятини бошлади.

Бу борадаги ишларимизни давом эттириб, комбинат томонидан 2023 йилда халқаро молия бозорида ўз акцияларини сотиш (IPO) жараёни амалга оширилади ва унинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланади.

Айни вақтда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини (IFRS) татбиқ этиш, ҳисоб ва ҳисобот бўйича халқаро стандартлар (ISAR) тамоили ва талабларига мувофиқ корпоратив маълумотларни ошкор қилиш тизимини жорий этиш, глобал ҳисобот ташаббусига (GRI) мувофиқ, шу жумладан, иқтисодий, ижтимоий ва экологик масалалар (ESG) бўйича маълумотларни чоп этиш, жаҳонда тан олинган замонавий корпоратив бошқарувнинг илғор тажрибаси (Соrporate Governance Best Practices)дан келиб чиққан ҳолда, корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш бўйича халқаро тажрибага эга нуфузли  компаниялар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз.

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда кон-металлургия соҳасини юқори босқичга кўтариш, янги конларни ўзлаштириш, мавжуд корхоналарни замонавий самарадор технологиялар билан жиҳозлашда кончиларга катта амалий ёрдам берилмоқда. Бунда, аввало, қазилма бойликларининг захираларини аниқлаш муҳим ўрин тутади. Бу эса геология тармоғиини ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқдир.

Яқинда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган  Геология фанлари университети  биринчи босқичининг фойдаланишга топширилиши бу борадаги тизимли ишларнинг самараси ўлароқ соҳада илгари кузатилмаган  ислоҳотлар бошланганидан далолат беради.

Комбинат  —  замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган, илмий салоҳияти юқори бўлган йирик саноат мажмуаси ҳисобланади. Унинг ноёблиги шундаки, қазилма бойликларни геологик қидириш, қазиб олиш, қайта ишлаш ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлар тўлиқ амалга ошириладиган замонавий саноат кластеридир.

Комбинатимиз жамоаси томонидан келгусида йирик лойиҳаларни амалга ошириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Янги йилда “Пистали” кони негизида йилига 4 миллион тонна олтин маъданини қайта ишлайдиган 6-гидрометаллургия заводининг қурилиши бошланди. Шунингдек, яқин йилларда “Нуқракон” ва “Косманачи” конларидан кумуш таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуалари қурилиши ҳамда “Турбой”, “Қорақўтан” олтин конларида  маъданларни қазиб олиш лойиҳалари  амалга оширилади.

 Бу каби лойиҳаларнинг амалга ошиши туфайли яқин йилларда комбинатда олтин ишлаб чиқариш ҳажми 100 тоннадан ошади ва кумуш ишлаб чиқариш эса 20 тоннадан 200 тоннага етказилади.

Бундай муваффақиятларга қандай эришилмоқда деган саволга, бу, аввало муҳтарам Президентимизнинг бизга кўрсатаётган ғамхўрлиги ва эътибори натижасида ишлаб чиқаришнинг барча жараёнларида қўлланилаётган инновацион ёндашувнинг маҳсули, деб жавоб берган бўлардим.

Янги ўзбекистоннинг янги олтин заводлари

Кейинги йилларда босиб ўтган йўлимизга назар ташласак, эртанги кунимизга, ўз куч ва имкониятларимизга бўлган ишончимиз янада ортади. Бундан беш йил олдин рўёбга чиқарила бошланган инвестицион лойиҳалар айни пайтда ўз натижаларни бермоқда. Очиғини айтишим керак, инвестицион лойиҳаларни бошлаш даврида уларни ўз вақтида амалга ошира олар эканмизми, деган ҳадик  ҳам бор эди.

Халқимизда “Кўз  —  қўрқоқ, қўл  —  ботир”, деган ажойиб ибора бор. Жамоамизнинг малакали мутахассис ва муҳандислари, тажрибали лойиҳачи ва моҳир қурувчилари ҳамда кўплаб ҳамкор ташкилотлар билан белимизни маҳкам боғлаб, кўзлаган марраларни эгаллаш учун тинимсиз меҳнат қилмоқдамиз.

Шу ўринда, бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, деб биламан. Бир пайтлар завод ёки оддий бир цехни ишга туширмоқчи бўлсак, четдан мутахассислар жалб қилинарди. Сўнгги йилларда бу ҳолга тамоман чек қўйдик. Бу борада ўзимизнинг маҳаллий кадрлар бой тажриба тўплаб, замонавий технологияларга асосланган, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган заводлар қуришни мукаммал ўзлаштириб олишди. Бу, албатта, бизнинг энг катта ютуғимиз десак, айни ҳақиқатдир.

Яна бир муҳим маълумотни айтиб ўтсам. Илгари, ишлаб чиқариш корхонаси қурилса, оддий болтигача четдан олиб келинарди. Бу борада ҳам олиб борилган изланиш ва меҳнатимиз туфайли эндиликда улар заводларимизда ишлаб чиқариляпти. Ҳозирда нафақат оддий болтлар, балки илгари четдан валютага олиб келинадиган кўплаб дастгоҳлар, асбоб-ускуналар, бутловчи материаллар қаторида шарли тегирмонлар Навоий машинасозлик заводи ҳамда кон бошқармалари цехларида тайёрланмоқда.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида давлатимиз раҳбарининг 7-гидрометаллургия заводига ташриф буюриб, жамоамиз вакиллари билан бўлиб ўтган учрашуви барчамизни беҳад руҳлантириб, ишларимизга қанот бағишлади. Президентимизнинг 2017 йил 28 мартда Навоий вилоятига ташрифи чоғида 5-гидрометаллургия заводи қурилишига тамал тоши қўйган эди. 2021 йилда завод ишга туширилди. Кон-металлургия соҳасида олтинни қайта ишлайдиган энг йирик  корхона  —  мамлакатимиз фахри бўлган 2-гидрометаллургия заводида йилига 12 миллион тонна маъданни қайта ишлайдиган “Б” корпуси фойдаланишга топширилди.

Тажрибали муҳандис ва мутахассисларимизнинг тинимсиз меҳнати ва профессионал малакаси натижаси бўлган бундай қувончли ютуқлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси

Таълим, яъни инсон капиталини ривожлантиришга катта эътибор ривожланган давлатлар эришаётган муваффақиятларнинг асосий омилларидан биридир. Аслида ҳам, инсон капиталини ривожлантирмасдан туриб, тараққиётга эришиб бўлмайди.

Шу мақсадда, мамлакатимизда кейинги йилларда олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш, янги олий ўқув юртлари ва нуфузли олийгоҳларнинг юртимиздаги филиалларини ташкил этиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда.

2016 йилда Навоий давлат кончилик институтининг 2000 нафар талабага мўлжалланган замонавий ўқув бинолари фойдаланишга топширилди. Институт ўқув жараёнлари учун энг замонавий ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари олиб келинди. Бу тез орада ўз натижаларини бера бошлади. Бундан 10 йил муқаддам институтда саноқли фан докторлари бўлган бўлса, бугунги кунда бу ерда 29 нафар фан доктори ҳамда 72 нафар фан номзодли фаолият кўрсатмоқда.

Кончилик ва металлургия соҳаси учун мутахассислар тайёрлашни янада юқори босқичга олиб чиқишда 2021 йилнинг 13 октябрида Навоий шаҳрида сайловчилар билан бўлган учрашувда Президентимиз томонидан Навоий давлат кончилик институти негизида 15 минг талабани ўқитадиган Политехника университетини ташкил этиш таклифи бу жиҳатдан айни муддао, ниятларимиз рўёбга чиқишига қанот бўлди.

Бу қандай натижа беради? Энг авалло, соҳа учун кадрларни тайёрлашда халқаро стандартлар жорий этилиши туфайли ишлаб чиқариш корхоналарига малакали мутахассислар етказиб берилади. Иккинчидан, университетда профессор-ўқитувчи ва талабалар тегишли соҳаларнинг илмий-техник муаммоларига йўналтирилган илмий-тадқиқот ишларига жалб этилиши орқали бу борадаги муаммолар ҳал этилади.

Замонамиз фарҳодлари

Кончилик  —  машаққатли бўлиши билан бирга, шарафли касбдир. Бугунги кунда Қизилқум саҳросида фидокорона меҳнат қилаётган замонамиз фарҳодлари буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоий ўз асарларида тараннум этган, инсонларни бахтли ва фаровон яшаши ҳақидаги орзу-ниятларини рўёбга чиқармоқда.

Дарвоқе, бу айни ҳақиқат. Бир пайтлар қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган саҳро бағридаги бойликлар улуғ бобомиз авлодлари томонидан ўзлаштирилиб, Навоий, Зарафшон ва Учқудуқ каби гўзал шаҳарлар бунёд этилди.

Бугун Ўзбекистон янги тараққиёт йўлига чиқяпти. Олдимизда катта довонларни забт этишдек марралар турибди. Янги Ўзбекистонни энг ривожланган давлатлар қаторида кўришдек улуғвор мақсад халқимиз томонидан тўла қўлла–қувватланиб, умумхалқ ҳаракатига айланди. Ана шу ҳаракатнинг олдинги сафларида бўлиб, уни рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшиш комбинат жамоаси учун юксак шараф ва зиммамизга катта масъулият юклаайди. Ҳар бир соат, ҳар бир кундан уунумли фойдаланиб, Тараққиёт стратегиясининг амалга ошишига муносиб ҳисса қўшамиз.

Қувондиқ САНАҚУЛОВ,

“Навоий кон-металлургия комбинати”

акциядорлик жамияти бошқарув раиси  Бош директори