Айниқса, ер бериш, кредитлар ажратишда ёшларга кенг имтиёзлар тақдим этилиши соҳада навқирон йигит-қизларнинг сони ортиб боришига хизмат қилмоқда.
Фарғона вилояти Бағдод туманидаги “Замин қуёши” фермер хўжалиги раҳбари Равшанбек Аҳмедов ҳам деҳқончиликни тадбиркорлик билан уйғунлаштириб, яхшигина даромад олаётган ёшлардан.
2018 йилда тендер орқали 52 гектар ер олиб, ташкил этган фермер хўжалигида пахта, ғалла йўналишида иш бошлаган қаҳрамонимиз ҳар йили давлат режасини ортиғи билан бажариб келмоқда. Йилига пахтадан 150, ғалла ҳосилидан 200 миллион сўм даромади бор. 5 нафар доимий, 20 нафар мавсумий ишчи ўрни яратган. Жорий йилдан сабзавот етиштиришни йўлга қўйиб, хорижга экспорт қилишни бошлаш ниятида.
— Болалигимиздан ерга меҳр бериб катта бўлганмиз, — дейди ёш фермер. — Онам Матлуба Жўраева 51 йил қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритиб, ҳалол ва фидоий меҳнатлари учун кўп бора мукофотланганлар. Онамдан қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларини, соҳанинг сир-асрорларини ўргандим. Шу боисми, бугунгача тармоқда деярли қийналмасдан ишлаб келяпман. Ҳар қандай йўналишда иш билим ва тажриба билан бошланса, машаққатлар бўлмайди, деб ҳисоблайман.
Фарғона тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришда ўзига хос тажрибага эга вилоятлардан ҳисобланади. Айниқса, сўнгги йилларда кичик ва ўрта бизнесга кенг йўл очилмоқда. Бу борада вилоят раҳбари Хайрулло Бозоров вилоят тадбиркорларига яқиндан кўмакчи. Вилоятда қишлоқ хўжалиги тармоғи ҳам сезиларли даражада ривожланмоқда. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари сони ошиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш кўрсаткичлари ўсиб боряпти.
Шу мақсадда, Равшанбек Аҳмедов раҳбарлигидаги хўжаликни ҳам кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантириш ишлари бошланган. Ишлаб чиқилган лойиҳага кўра, хўжалик “пахта-ғалла” йўналишини сақлаб қолган ҳолда қўшимча 9 хил йўналишда иш олиб боради. Ҳозирда фермер хўжалигининг 15 гектарига сув ресурсларини тежовчи томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича шартнома имзоланган. Яқин йилларда 5 миллиард сўм қийматидаги лойиҳа асосида паррандачилик ёки чорвачиликни йўлга қўйиш режалари ҳам бор. Бундан ташқари, хўжаликда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводини ишга тушириш кўзда тутилган. Умумий қиймати 2 миллиард сўм, дея баҳоланган лойиҳани амалга ошириш орқали қўшимча 20-25 та иш ўрни яратилади.
Замонавий ишлаб чиқаришни илм-фан билан боғлаш яхши самара бериши амалиётда ўз исботини топмоқда. Фарғона политехника институтининг бакалавр ва магистратура босқичларини тамомлаган қаҳрамонимиз Фарғона вилояти бандлик бош бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вилоят Кенгаши ва Фарғона вилояти ҳокимлигида масъул лавозимларда ишлаб, ёшлар муаммоларини ўрганди, уларга амалий кўмаклар кўрсатди. Бугунги кунда у ёш фермер бўлиши билан бирга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси ҳамдир.
Спортнинг футбол, бокс, қўл жанги турларига қизиқадиган, китоб мутолаа қилишни канда қилмайдиган қаҳрамонимиз бизнес ҳамда мамлакат иқтисодиёти учун фойдали таклиф-лойиҳалар ҳам ишлаб чиқади. Бугунги кунда унинг “Ҳар бир ёшга бир раҳбар”, “Рақамли маҳалла” сингари бир қанча лойиҳалари Фарғона тажрибаси мисолида амалга оширилиши кўзланган. Равшан Аҳмедов Ёшлар парламенти аъзоси сифатида ҳам мамлакат ёшларининг ижтимоий сиёсий ҳаётини ривожлантириш йўллари, ёшлар сиёсати ҳамда йигит-қизларда инсон ресурслари ва интелектини ривожлантириш каби лойиҳалар устида ишлаяпти.
Фарғонада Равшанбекни нафақат ёш тадбиркор, депутат йигит, балки саховатли инсон сифатида яхши танишади. У одамларга ёрдам беришни, “ўнг қўлинг берганини, чап қўлинг билмасин” қабилида муҳтожларга хайр-эхсон қилишни хуш кўради. Фермер хўжалиги ташкил этилганидан буён ғалладан бўшаган ерларни уюшмаган ёшларга 20-25 сотихдан ажратиб келади. Йўлини тополмай юрган қанчадан-қанча ёшларни ёнига олиб, иш ўргатди. Уларга тўғри йўл кўрсатди. Шу боис, Президентимизнинг жорий йилдаги ёшларга ер ажратиш бўйича топшириқлари асосидаги ишларда бажонидил, фаоллик билан иштирок этяпти. У доим деҳқончилик, фермерликни ҳам тадбиркорликка айлантириб, яхши даромад топиш мумкинлигини таъкидлайди.
— Ёшлар олдига қўйган мақсади сари ҳаракат қилиши, тўхтамаслиги керак, — дейди Равшанбек. — Давлатимиз раҳбари “ер халқники, уларга беришимиз керак”, деяптилар. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги майдонлари кўп. Ишлайман, деган ёшларга бериляпти. Бу катта имконият. Бирданига кўп нарсани орзу қилмасдан, имкониятга қараб, тезда ишни бошлаш керак. Мутасаддиларнинг олдиларига бориб, маслаҳат, йўл-йўриқ олиш зарур. Изланиш, интилиш керак. Ҳеч нарса бирданига бўлмайди. Муаммолар барчада бўлади, аммо уларни интилишимиз билан, орттирган ҳаётий тажрибаларимиз асосида енгиб ўтамиз. Асосийси, илм, ўрганиш билан ишни бошлаш зарур.
Қаҳрамонимизнинг олдига қўйган хайрли мақсадлари бисёр. Улар орасида рақамли иқтисодиёт бўйича докторлик ишини ёқлаш ҳам бор. Асосий мақсади эса ўйлаб юрган янги лойиҳасини фермер хўжалигида амалга ошириш орқали ҳозирги 300-400 миллион сўм йиллик даромадини 1-2 миллиард сўмга етказишдан иборат. Хўжалик фаолиятини янада кенгайтириш орқали қўшимча 100 та янги иш ўрни яратиб, мамлакат иқтисодиёти ривожига янада кўпроқ ҳисса қўшмоқчи.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири