Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, Сунита Двиведи бир неча марта мамлакатимизга ва Марказий Осиёдаги тарихий шаҳарларга ташриф буюриб, ўз саёҳати якунлари бўйича «Buddha in Central Asia» китобини ёзган. Саёҳатнома шаклида ёзилган мазкур китоб ҳинд ўқувчилари орасида кенг оммалашган.
Тақдимот маросимида мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов иштирок этиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий алоқалар тарихи ва бугунги кундаги ҳолати, республикамиздаги буддавийликка оид тарихий-маданий мерос ва уни муҳофазаси бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди.
Иштирокчилар эътиборига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида "Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" мавзусида халқаро форумни ўтказиш ташаббуси бўйича батафсил маълумот етказилди. Бой илмий-маданий меросга эга бўлган Марказий Осиё минтақасида бугунги кундаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада ривожлантириш, халқаро илмий-академик доираларнинг мавжуд маданий меросни ўрганишга бўлган қизиқишини янада оширишда мазкур халқаро форумнинг аҳамиятининг салмоқлилиги таъкидланди.
Марказий ва Жанубий Осиёнинг кўплаб тарихий шаҳарларида сақланиб қолган буддавийлик мероси бугунги кунда давлатлар ўртасида нафақат маданий кўприк бўлиб хизмат қилиши, балки мазкур мамлакатлар туризм салоҳиятини янада ривожлантириш учун улкан имкониятлар манбаи эканлиги тадбир иштирокчилари томонидан эътироф этилди.