Учрашувда инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Томонлар 2022 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг 30 фоизга изчил ўсишидан мамнун эканликларини билдирдилар. Яқин келажакда ушбу кўрсаткични 1 миллиард долларга этказиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга ўзаро қизиқиш билдирилди.

Инвестициявий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати кўриб чиқилди. Ҳиндистон ишбилармонларининг бир қатор йирик лойиҳаларни амалга оширишда ўзбек ҳамкорлари билан ўзаро ҳамкорликка қизиқиши ортиб бораётгани қайд этилди. Андижон вилоятидаги «Sadilla Pharmaceuticals» компанияси томонидан йўлга қўйилган 50 миллион долларлик дори воситалари ишлаб чиқарилиш корхонаси, «Pratiksha Hospital Group» билан ҳамкорликда Самарқандда 8,5 миллион доллар ҳажмидаги инвестициялар эвазига ташкил этилган тиббий клиника шулар жумласидандир. Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битим юзасидан келишиш ишлари якунлангани мамнуният билан қайд этилди. Мазкур ҳужжат имзоланиши икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида саноат кооперациясини жадал ривожлантириш ва ишбилармонлик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очади.

Шунингдек, музокаралар давомида молиявий-техник ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Жумладан, Ҳиндистон Эксимбанк томонидан 4 та устувор ижтимоий ва инфратузилмавий лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратилган 448 миллион долларни ўзлаштириш бўйича икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларининг биргаликдаги фаолиятини жадаллаштириш, шунингдек, олиб борилаётган ишларни мониторинг қилиш мақсадида ҳиндистонлик мутахассисларни жалб этиш режалаштирилди.

Мультимодал транспорт йўлаклари минтақавий тармоғини ривожлантиришни, шунингдек, тўғридан-тўғри ва транзит юк ташишни кўпайтириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларида транспорт жиҳатидан ўзаро боғликликни мустаҳкамлаш масалалари алоҳида тартибда кўриб чиқилди.

Учрашув якунида муҳокама этилган лойиҳа ва ташаббуслар доирасида икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини тезкор ҳал этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларнинг биргаликдаги фаолиятини жадаллаштиришга келишилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.