Учрашувда Ҳиндистон Ислом маданияти маркази ва Ўзбекистондаги етакчи Ислом илмий-тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва унинг ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти ҳақида ҳинд томонига маълумот берилди.

Сирожиддин Қурайший Ўзбекистонда ислом динини чуқур ўрганиш, унинг ривожига ҳисса қўшган буюк олимларнинг илмий меросини ҳар томонлама тадқиқ этиш ва дунё ҳамжамиятига етказиш бўйича бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар кўлами мақтовга сазовор эканини таъкидлади.

Ўз навбатида Ҳиндистон Ислом маданияти маркази ўз имкониятлари доирасида мазкур тадқиқот марказлари билан яқин амалий ҳамкорликка тайёр экани эътироф этилди. Бу борада ўзбек ва ҳинд олимлари ўртасида қўшма тадқиқотлар олиб бориш, халқаро илмий конференцияларда фаол иштирок этиш, Ҳиндистондаги йирик кутубхоналарда сақланаётган исломшунос олимлар асарларини ўрганиш каби алоҳида йўналишлар кўриб чиқилди.