Бугун янги Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида ҳар жабҳада туб ўзгаришлар рўй беряпти. Кенг кўламли ислоҳотлар натижасида халқимиз дунёқараши, онгу тафаккури юксалмоқда, янгиланишларга хайрихоҳлиги ошмоқда. Айниқса, “Давлат — инсон учун” деган эзгу ғоя ҳаётга татбиқ этилаётгани, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги барча мақсад ва вазифалар юртимизда инсон қадр-қимматини юксалтиришга қаратилгани юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаяпти.
Хусусан, тараққиёт стратегиясининг тўртинчи устувор йўналишида олий таълим муассасаларида мамлакатимизни янада ривожлантиришга қодир ёшларни тарбиялаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани юқори малакали кадрлар билан таъминлаш каби қатор вазифалар белгиланган.
Бу борада олий маълумотли тиббиёт ходимларини тайёрловчи таълим муассасалари зиммасида ҳам алоҳида масъулият бор. Президентимизнинг шу йил 18 март куни соғлиқни сақлаш ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқотида бу ҳақида батафсил сўз юритилди. Олий ва ўрта махсус тиббиёт таълими муассасалари олдида турган мақсад ва вазифалар очиқ-ойдин белгилаб берилди. Ушбу топшириқлардан келиб чиққан ҳолда, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида ҳам муайян ишлар бажарилмоқда.
Ҳозир таълим муассасасининг 8 та факультетида 12 та таълим йўналиши ҳамда 24 та мутахассислик бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Тиббиёт кун сайин ривожланаётган, соҳага янги тушунча ва технологиялар кириб келаётган айни пайтда бу йўналишлар камлик қилади. Шу боис, келгуси ўқув йилида институтда 2 та янги факультет, 3 та кафедра, 1 та бакалавриат таълим йўналиши ва 6 та магистратура ихтисослиги очилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, тиббиётда нанотехнология, рақамли тиббиёт, биоинжиниринг технологиялари, биокимё (тиббиётдаги генетика) каби йўналишлар бўйича етакчи хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурлари сонини ошириш чораси кўрилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракат натижасида талабалар сонини 5 409 нафардан 6 963 нафарга етказиш имкони вужудга келади.
Муассасамизда анъанавий тиббиёт билан бирга, халқ табобатини ўқитишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Бугун институтимиз базасида 20 нафар шифокордан иборат Халқ табобати ва интегратив тиббиёт шифохонаси фаолият олиб боряпти. Бу йўналишда сифатли кадрлар тайёрлаш учун 2020 йилда халқ табобати йўналиши очилган. Ҳозир бу бўйича 55 нафар талаба ўқияпти.
Халқ табобати табиий доривор гиёҳлар билан даволашга асосланган. Шу боис, институтнинг доривор ўсимликлар етиштириш учун ажратилган бир гектар ер майдонида ўндан ортиқ шифобахш гиёҳ етиштирилмоқда. Уларни амалиётга татбиқ этиш ва таъсирини ўрганиш бўйича 12 та илмий иш олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш ходимлари билан учрашувида ўрта махсус тиббиёт билим юртларини олий таълим муассасаларига бириктириш орқали мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилган эди. Мана шу топшириқ ижроси юзасидан Бухоро ва Навоий вилоятларидаги 6 та жамоат саломатлиги техникуми ва битта тиббиёт коллежи институтимизга бириктирилди.
Келгусида мазкур таълим муассасалари билан мунтазам академик ҳамкорлик олиб борилади. Яна бир аҳамиятли жиҳат шуки, Бухоро вилоятидаги туман тиббиёт бирлашмалари ва марказий тиббиёт муассасалари бош врачлари сони 41 нафарни ташкил этади. Энди ушбу бош врачлар ҳам илмий фаолиятга жалб қилиниб, уларга институтдан 41 нафар раҳбар бириктирилади.
Чунки бугун ҳамма соҳага илмий ёндашув талаб этиляпти. Айниқса, амалиётдаги мутахассислар учун билими ва тажрибасини муттасил ошириб бориш сув ва ҳаводек зарур. Институт қошида замонавий ускуналар билан жиҳозланган илмий лаборатория ташкил этилган. Аппаратлар ярим автомат ва автомат тарзда ишлайди, асосан, Германия, Бельгия, Туркия давлатларидан олиб келинган.
Илмий лабораторияда 150 дан ортиқ таҳлил намуналарини ўтказиш имконияти мавжуд. Ушбу жиҳозлар ёрдамида талабаларнинг клиник ва амалий кўникмалари шакллантирилади. Илмий лаборатория ёнида замонавий жиҳозланган ўқув хоналари ташкил этилгани ҳам талабаларга қулайлик яратмоқда.
Ушбу шароитлар туфайли ўтган 2020 йили Бухоро давлат тиббиёт институтида 400 нафар чет эллик талаба таҳсил олди. Жорий ўқув йилида педагогик жамоамиз Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатлардан келган 600 нафар бўлғуси тиббиётчига таълим бермоқда.
Айниқса, Ҳиндистондаги халқаро Ноида университети базасида Бухоро давлат тиббиёт институтининг филиали очилгани халқаро таълим алоқалари соҳасида катта ютуқларимиздан бўлди. Бунинг натижасида чет эллик талабалар сони ортиб, юртимиз олийгоҳларининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошди. Энг асосийси, ўз анъана ва ютуқларига эга бўлиб бораётган олий таълим даргоҳи сўнгги тўрт йилда мамлакатимиз миллий рейтингида бир неча ўнлаб поғона юқори кўтарилди.
Жумладан, 2017 йилда институт миллий рейтингда 41-ўринни эгаллаган бўлса, 2020 йилга келиб, юртимизнинг энг яхши олий таълим муассасалари ўнлигига кирди. Институтнинг халқаро миқёсда таълим жозибадорлигини ошириш ва жаҳон рейтингларида барқарор позицияни эгаллаши борасида мақсадли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинмоқда.
Қолаверса, тиббиётнинг бир қатор йўналишлари бўйича етакчи хорижий университетлар билан қўшма таълим сонининг йил давомида янада кўпайиши кутиляпти. Ўтган йил якунига қадар муассасамизнинг илмий салоҳияти 43,2 фоизни ташкил этиб, 70 та илмий иш ёқланди. 450 нафар профессор-ўқитувчидан 40 нафари фан доктори, 160 нафари фан номзоди, 34 нафари эса илмий иш билан шуғулланаётган докторант, 74 нафари мустақил тадқиқотчи.
Бундан ташқари, тиббиёти ривожланган чет давлатларда иқтидорли олимларимиздан 5 нафари диссертацияларини муваффақиятли ёқлаган. Институтимиз талабалари маҳаллий ва халқаро миқёсдаги олимпиадаларда совринли ўринларни эгаллаб, нуфузли стипендия ва мукофотларга эга бўлаётгани ҳам қувонарли ҳол.
Жумладан, ўтган йили 44 нафар талабамиз шундай юқори натижаларни қўлга киритди. Кутилаётган янгиликлардан бири — институтнинг янги кампуси фойдаланишга топширилиш арафасида. Мазкур мажмуада талабалар шаҳарчаси, поликлиника ва талабалар турар жойлари, илмий лабораториялар ўрин олади.
Бу ерда молекуляр генетик лаборатория, ўқув ва симуляция маркази, доривор ўсимликлар етиштириладиган майдон, кичик илмий ва амалий анъанавий тиббиёт соҳасида зарур дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш учун фармацевтика заводи ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, истиқболдаги режаларимиз институтимиз талабаларининг мукаммал билим олиб, берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, келажакда эл корига ярайдиган етук шифокорлар бўлиб етишиши учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.