Ҳиндистоннинг Чабахар порт шаҳридан Эрон ва Марказий Осиё давлатларининг автомобил йўллари бўйлаб машинада ҳаракатланиб келаётган “Калунга” спорт клуби аъзолари шу ҳафтада Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳар ва қишлоқларида бўлишди.

Йўлтанламас автомобилида 7 та давлат ҳудудида ҳаракатланиб келаётган 4 кишилик жамоа аъзолари пойтахтимизда ҳам қатор учрашувлар ўтказишди. Хусусан, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида сайёҳатчилар йўл таассуротлари билан ўртоқлашди. Шундан сўнг, меҳмонлар Тошкентдаги Ҳинд клуби аъзолари билан мулоқот ўтказиб, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ҳинд диаспорасининг яшаш тарзи, урф-одат анъаналарни ўзига хос тарзда амалга ошириб келаётганлиги бўйича фикр-мулоҳазалар алмашишди. Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистон автомотоспорт жамияти вакиллари билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик бўйича мулоқот қилишди.

– Биз автоспортни ривожлантириш билан бирга Ҳиндистондан Марказий Осиё давлатларига юкларни транспортда ташиш бўйича халқаро дастур ва лойиҳалар амалга ошириш учун 6 минг километрли магистрал автойўлларнинг ҳолати ва инфратузилмаларни ўрганишга ҳам ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз. Жумладан, Ўзбекистон бизда катта таассурот қолдирди. Хусусан, автомагистрал йўллари текис ва равон. Инфратузилмалар тўла шаклланган бўлиб, автосервис, ёқилғи қуйиш шахобчалари ҳамда овқатланиш масканлари кўп учрайди, – дейди Ҳиндистоннинг “Калунга” спорт клуби вакили Таманна Дехури хоним.

“Калунга” спорт клуби раҳбари Рамеш Махарапатранинг фикрича, Самарқанд ва Бухородаги тарихий бинолар архетектураси жуда чиройли, сайёҳларни ўзига ром этади. Шунингдек, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос таомлари бор. Айниқса, лағмон ҳиндларнинг аччиқ таомларини ўрнини босишга асқотган. Шунингдек, палов, қовурдоқ, шашлик ва сомса каби миллий таомлар ҳам жамоанинг ҳар бир аъзосига маъқул келган.

Умуман, Ҳиндистон спорт клуби аъзолари 3 кун мобайнида Самарқанд, Бухоро, Андижон ва Тошкент шаҳарларида бўлиб, тарихий ва диққатга сазовар жойлар ҳамда музейларга бориб, Ўзбекистон маданияти, санъати, тарихи ва анъаналари билан яқиндан танишишди.

Абжувоҳид ОЧИЛОВ