— Икки мамлакат тиббиёти ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланаётганлигидан мамнунмиз. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган бу саъй-ҳаракатлар нафақат тиббиёт, балки бошқа соҳаларда ҳам қулоч ёзишига ишонамиз. Тиббиёт соҳаси вакили сифатида айтишим мумкинки, касалликлар ташхисоти ва уларни даволашда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ёндошуви ҳамда усуллари мавжуд. Шуни унутмаган ҳолда, биз ҳам ўз тажрибаларимизни ўртоқлашган ҳолда сизнинг шифокорларингиз иш услубидан ва малакасидан ўзимиз учун керакли жиҳатларни оламиз, деган ниятдамиз. Лўнда қилиб айтганда, тиббий кўриклар ва жарроҳлик амалиётлари орқали якдил бўлган ҳолда мамлакатингиз тиббиётини янги босқичларга кўтаришга ҳисса қўшишдан умидвормиз, - дейди онкорадиолог Наинах Саманта.

Марказ фаолияти билан яқиндан танишган мазкур мутахассислар вилоятдаги ортопедик касалликлардан азият чекиб келаётган бемор болажонларни тиббий кўрикдан ўтказди. Кўрик давомида 40 нафардан ортиқ бемор хорижлик мутахассислар қабулига келиб, керакли тавсия ва маслаҳатларни олдилар. Беморларни соғломлаштириш бўйича маҳаллий ҳамкасблари билан чора-тадбирларни белгилаб олдилар.

Таъкидлаш жоизки, ортопед Г.Ратхоре “JAYPEE” клиникасининг директори ва ўз мамлакатидаги етук ортопед шифокори саналади. Айнан шу йўналишда у салкам 16 йиллик тажрибага эга мутахассис бўлиб, шундан 11 йиллик фаолияти Буюк Британиядаги етакчи клиникаларда ўтган. Унинг иштирокида шу пайтга қадар бажарилган кўплаб жарроҳлик амалиётларидан сўнг мустақил ҳаракатланишдан умидини узган болажонлар қалбига қувонч қайтди. Марказнинг ортопедия бўлимига келган болалар ва уларнинг яқинлари ҳам мана шундай илинж билан мутахассисга юзландилар.

-Мазкур йўналишдаги ҳамкорликнинг биз учун аҳамиятли томони шундаки, жараёнлар биргина тиббий кўрик билан чегараланиб қолмайди. Лойиҳа доирасида ҳар иккала томоннинг имконият ва тажрибаларини ўрганиш, мураккаб йўналишлардаги жарроҳлик амалиётларини биргаликда бажариш, қолаверса, бизнинг мутахассислар ҳам Ҳиндистонга бориб, хориж тажрибасини ўзлаштириб келишлари назарда тутилган, - дейди вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи Аваз Қурбонов.

Ортопедия йўналишида мураккаб саналган сон-чаноқ бўғими чиқишлари, умуртқа поғонасининг қийшиқлиги каби бир неча турдаги касалликларни жарроҳлик йўли билан даволашда чет эллик мутахассислар билан самарали ҳамкорлик сари дадил қадамлар ташланади. Бу эса бемор болажонларни соғлом ҳаётга қайтариш ҳамда уларнинг яқинларининг қувончига қувонч қўшишга замин яратади, десак муболаға бўлмайди.

-Бухоро шаҳрида яшаймиз. Фарзандим номукаммал остеогенез касаллиги билан дунёга келган. Суяк мўртлигига олиб келувчи бу касаллик таянч ҳаракат тизимини шикастлайди. Ўғлим жуда теран фикрлайди. Инглиз тилига қизиқади. Аммо, кўнглимни хира қиладиган нарса шуки, мустақил ҳаракатлана олмайди. Мана, кўрикка келдик. Биз учун фойдаси тегадиган мужда эшитишдан умидвормиз, - дейди саккиз ёшли Асадбекнинг онаси Сабина Жумаева.

Беморлар ва уларнинг яқинлари билан мулоқотда бўлган шифокорлар тиббий кўрик хулосаларини ўртоқлашиш баробарида, уларга болаларда суяклар соғлом ҳамда мустаҳкам бўлиши учун нималарга эътибор бериш кераклиги, болалар учун уйда яратиб бериш шарт бўлган шарт-шароитлар ҳамда истеъмоли зарур ва нозарур бўлган маҳсулотлар ҳақида тушунча бердилар.

 Ҳамзабек ТУРДИЕВ