Иқтисодий ва молиявий жараёнлар доимо ҳаракатда бўлади. Бу эса уларни қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиш, назорат қилиш механизмларини қўллашни тақозо этади. Айниқса, сўнгги йилларда молиявий назорат тизимини тубдан ислоҳ қилишга эҳтиёж ортиб бормоқда.

Юртимизда молиявий назоратнинг олий органи ҳисобланган Ҳисоб палатаси мамлакатимизни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида илғор халқаро тажрибалар асосида давлат молиявий ресурсларини самарали бошқариш ҳамда бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш устидан давлат молиявий назорати тизимини такомиллаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ушбу стандартларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2021 йил 27 августда Президентимизнинг “Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармони қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжатда 2022 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига Олий аудит органлари халқаро ташкилоти (INTOSAI) аъзоси бўлиш, халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда республикада янги молиявий, самарадорлик, мувофиқлик ҳамда фуқаролар иштирокидаги аудитнинг миллий стандартларини ишлаб чиқиш ва палатанинг назорат тадбирларини ушбу мезонларга мувофиқ ўтказиш вазифаси юклатилди.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ҳисоб палатаси томонидан INTOSAI га аъзо бўлишнинг мазмуний ва ташкилий жиҳатлари устида фаол иш олиб борилди. Хусусан, халқаро муассасага 2019-2022 йилларда раислик қилувчи Россия Федерацияси Ҳисоб палатаси раиси Алексей Кудрин ва ташкилот бош котиби, Австрия олий аудит органи раҳбари Маргит Кракер билан мунтазам конструктив мулоқотлар бўлди.

Палата матбуот хизмати маълумотига кўра, INTOSAI бошқарув кенгаши таркибига кирувчи 18 та давлатнинг олий аудит органлари раҳбарлари билан Ҳисоб палатасининг ушбу ташкилотга кириш ташаббусини қўллаб-қувватлаш бўйича музокаралар ўтказилди.

Ниҳоят, INTOSAI бошқарув кенгашининг жорий йил 23 ноябрда бўлиб ўтган 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ушбу ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиниши бир овоздан маъқулланиб, расман эълон қилинди.

Бу, авваламбор, мамлакатимизда сўнгги йилларда вужудга келган очиқлик ва шаффофлик сиёсатига асосан халқаро ҳамжамият билан олиб борилаётган конструктив мулоқотнинг маҳсули ҳисобланади. Мазкур аъзолик Ўзбекистон олий аудит органи фаолиятининг ривожланишида муҳим тарихий босқич бўлди. Ҳисоб палатасининг INTOSAI таркибига кириши, аввало, давлат секторидаги аудитнинг нуфузли халқаро стандартларга яхшироқ мослашишига имконият яратади. Бу стандартлар юртимизда молиявий назорат жараёни шаффофлигини ошириш, аудиторлик фаолияти сифатини таъминлашга хизмат қилади.

Қолаверса, йирик халқаро тузилмага интеграциялашув илғор ғоялар, тажриба ва ноу-хау алмашинуви, давлат секторини самарали назорат қилишнинг янги стандартларини ўзлаштириш, халқаро ҳамжамият доирасида эътироф этилган жамоатчилик овозига эга бўлиш каби қатор имкониятлар эшигини очади.

1953 йилда ташкил этилган INTOSAI БМТга аъзо мамлакатлардаги олий аудит институтларини бирлаштирувчи автоном халқаро ташкилот бўлиб, “Ўзаро тажриба барча учун манфаатлидир” шиори остида фаолият юритиб келмоқда. 2021 йил ҳолатига кўра, ташкилотга 195 мамлакатнинг олий аудит органлари аъзо бўлган. Ўзбекистон ҳам ушбу форматдаги халқаро тузилмага аъзо бўлишдан манфаатдор. 

Ўзбекистоннинг янги сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимидаги нутқида халқаро ихтисослашган тузилмалар билан кўп томонлама муносабатларни янги, амалий маъно-мазмун билан бойитамиз, дея алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. Бу юртимиз ташқи сиёсатида халқаро молиявий институтлар билан ҳам кўп томонлама муносабатлар ўрнатиш ва ривожлантириш асосий масалалардан бири бўлиб қолишини кўрсатади.

Мухтасар айтганда, INTOSAI тизимида қўлланиладиган янги халқаро аудит стандартлари юртимизда молиявий назорат жараёнининг шаффофлигини ошириш, аудиторлик фаолияти сифатини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса аудит ҳисоботларига нисбатан кенг жамоатчилик ишончининг ортишига олиб келади.

Келгусида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси INTOSAIга аъзо хорижий олий аудит органлари билан ҳам яқин ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилган.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири