Таъкидланганидек, Ҳисоб палатаси 2020 йилдаги фаолиятини коронавирус пандемияси туфайли қўлланилган карантин чораларига қарамасдан мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ҳамда Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижросига, пандемиянинг салбий оқибатларини камайтириш борасидаги долзарб вазифалар ижросини назорат қилишга қаратган.
2020 йилда юклатилган вазифалар доирасида Ҳисоб палатаси томонидан 87 та назорат тадбири ва тематик таҳлилий ўрганишлар амалга оширилган.
Натижада Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳисобидан ажратилган маблағлар сарфланиши юзасидан 2020 йилда 671,3 миллиард сўмлик ноқонуний харажатлар, камомад ва ўзлаштиришлар ҳамда самарасиз харажатлар, 1 триллион сўмдан ортиқ харажатларни оптималлаштириш имкониятлари аниқланган.
Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан маблағларидан 23,8 миллиард сўмлик камомад ва ноқонуний харажатлар аниқланиб, ортиқча молиялаштирилган 8,4 миллиард сўм маблағлар жамғармага қайтарилган ва 2,6 миллиард сўмлик ортиқча ва асоссиз тўловларнинг олди олинган.
Давлат улушига эга 2 232 та корхоналар томонидан дивидендларнинг тўлиқ бюджетга тўланиши таҳлил қилиниб, 4,8 триллион сўмлик дивидендларнинг бюджетга ўтказиб берилиши таъминланган.
Давлат ташқи қарз маблағларини жалб қилган ҳолда 2010 — 2019 йилларда якунланган умумий қиймати 12,6 миллиард долларлик 81 та лойиҳанинг 24 тасида хато ва камчиликлар аниқланган.
Давлат раҳбарининг 796 та ҳужжатларидаги 15 518 та топшириқлари ижроси назоратга олинган.
Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш ва такрорламаслик юзасидан 10 та йўналишда 28 та таклифлар ишлаб чиқилган.
Ҳисоб палатаси ўз фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципларига амал қилиб молиявий ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида 40 дан ортиқ материаллар расмий веб-сайтда, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритган.
Шу билан бирга, сенаторлар Ҳисоб палатаси томонидан амалга оширилаётган назорат тадбирлари натижаларига қарамасдан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағларининг сарфланишида ноқонуний харажатлар, камомад ва ўзлаштиришга йўл қўйиш каби салбий ҳолатлар сони йилдан-йилга ортиб бораётганини ҳам қайд этди.
Бу эса Ҳисоб палатасининг Қонунда белгиланган вазифалари ижросини таъминлашда илғор халқаро тажрибалардан фойдаланган ҳолда фаолиятини кучайтиришни ҳам талаб этиши таъкидланди.
Муҳокамалар якунига кўра Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.