Жорий йил 1 январидан бошлаб мамлакатимизда Ҳисоб палатасининг “Давлат аудити” дастурий комплекси ишга туширилган эди. Бугунга қадар барча давлат молиявий назорати тадбирлари, шу жумладан, ички аудит хизматларининг аудит тадбирлари мажбурий тартибда мазкур дастурий комплексда рўйхатга олиниб келинмоқда.
Бунда, назорат объекти раҳбари QR-код орқали назорат тадбири асослилигини текшириш имкониятига эга бўлади. “Давлат аудити” дастурий комплексида рўйхатга олинмаган назорат тадбирларини ўтказишга йўл қўйилмайди ва бундай назорат тадбирлари ноқонуний ҳисобланади.
Жорий қилинган янги тизим орқали бюджет ташкилотларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, уларда қайта-қайта текширишлар ўтказиш ҳолатлари ҳамда фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олди олинмоқда.
Дастурий комплекснинг ишга туширилиши молиявий назорат органлари фаолиятини тартибга солиш, коррупцион омилларни олдини олиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда вертикал назорат тизимини ўрнатиш имконини яратади.
Бюджет ташкилотлари ўзларида ўтказилган давлат молиявий назорати тадбирлари юзасидан ёзма фикрларини “Давлат аудити” дастурий таъминотига киритиш ҳамда назорат тадбирлари якунларига баҳо бериш имкониятига эга бўлади. Бу эса назорат тадбирлари холислигини, текширувчиларнинг масъулиятини оширади.
Ҳисоб палатасининг “Давлат аудити” дастурий комплекси халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини ҳам ўзига жалб этди. Жорий йилнинг июнь ойида ушбу дастур ҳақида маълумот Европа олий аудит органлари (ЕВРОСАИ) ташкилотининг Ахборот технологиялари бўйича ишчи гуруҳининг махсус бюллетенида (Эстонияда) нашр қилинган эди.
Куни кеча “Давлат аудити” дастурий комплекси ҳақида Олий аудит органларининг халқаро ташкилоти ИНТОСАИ томонидан нашр қилинадиган Давлат аудити халқаро журнали (International Journal of Government auditing)нинг навбатдаги сонида мақола чоп этилди.
Маълумот учун: Давлат аудити халқаро журнали АҚШнинг Вашингтон шаҳрида ҳар чоракда бир маротаба инглиз, француз, немис, испан ва араб тилларида нашр қилинади. У ИНТОСАИ ташкилотининг расмий нашри ҳисобланади. Журнал таҳририяти кенгаши раиси ИНТОСАИ Бош котиби Маргит Кракер ҳисобланади.