Юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнати, ғайрат-шижоатини муносиб рағбатлантиришнинг ўзига хос янги тизими яратилиб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Ақл-заковати, меҳнати, салоҳияти билан бирор соҳа ривожига ҳисса қўшаман, деган йигит-қизларга масъулиятли вазифалар, раҳбарлик лавозимлари ишониб топшириляпти.
Бу борадаги янги ташаббусларни амалга оширишда Қашқадарё вилояти биринчилардан бўлиб намуна кўрсатмоқда. Жорий йил бошида тарихда илк бор вилоят ҳокими ўринбосарлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимлари бир вақтда даволаниш таътилига чиққани сабабли вақтинча уларнинг ўрнини истиқболли ёшлар эгаллади.
Масъулларни 10 кунлик даволаниш таътили учун Тошкентга жўнатиш олдидан вилоят ҳокими Зойир Мирзаев уларга қарата “Тарихда биринчи бор даволаниш учун бормоқдасизлар. Сизнинг саломатлигингиз жамиятга ҳам, оила аъзоларингизга ҳам керак. Эртадан ўринларингизни вақтинча ёшлар эгаллайди. Президентимиз таъкидлаганларидек, “Халқчил бўлишнинг бирдан бир усули — халқ дард-у ташвишларининг ичида бўлишдир”. Шундай экан, ёш раҳбарлар фуқароларнинг биргина дардига ечим топа олса ҳам, бу катта ютуқдир”, — дея мурожаат қилар экан, вақтинча ҳокимлик вазифасини бажарадиган йигит-қизлар фаолиятига катта ишонч билдирган эди.
Тажриба сифатида вақтинчалик иш бошлаган ёш ўринбосарлар илк кунларданоқ вазифасига қатъият ва масъулият билан киришди. Белгиланган муддат давомида ишига сидқидилдан ёндашиб, билдирилган ишончни оқлади, десак муболаға бўлмайди.
Ана шундай ёшлардан бири, нақд 10 кун мобайнида вилоят ҳокимининг ўринбосари сифатида ишлаб, халқ ичига кирган, уларнинг муаммоларини ўрганган Темурбек ПОЁНОВнинг ўзи учун чиқарган хулосалари билан қизиқдик.
— Президентимизнинг ёшларга кўрсатаётган беқиёс эътиборлари натижасида уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштироклари тобора ортиб бормоқда, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Темурбек Поёнов. — Ўз билимига эга қатъиятли ёшларга халқ хўжалигининг турли тармоқларини бошқариш, шунингдек, давлат ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлиги ишониб топшириляпти. Вилоятимизда йўлга қўйилган янгича ташаббус ёшларга ўзидаги раҳбарлик салоҳиятини намоён этишга, ўз ўрнида, раҳбар бўлиш масъулиятини чуқур ҳис қилиш имкониятини берди.
Менга ҳам вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифаси ишониб топширилди. Бу лавозимга мени шахсан вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг ўзлари танлаганларидан бошим осмонга етди. Дастлаб иш жараёнига киришишим бироз қийин кечди. Ўшанда улар томонидан берилган далда эркин ишлашимга йўл очди. Менга билдирган катта ишонч учун уларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Вилоят ҳокимининг мазкур йўналишдаги ўринбосари зиммасидаги функционал вазифалар ниҳоятда салмоқли. Ҳар бир соҳа жумладан, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, айниқса, ёшлар масаласи бугунги кунда мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳолда, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард натижаси айнан мазкур соҳаларда эришилган ютуқ ва натижалар билан ўлчанади. Шу боис, зиммамдаги масъулият ниҳоятда катталигини ҳис этдим.
Мазкур лавозимда фаолият бошлашим аввалида, дастлаб тегишли иш режалари билан танишдим. Фуқаролардан бўлган мурожаатлар ва ташкилотлардан келган хатлар устида ишлаб, мутасаддиларга тегишлиги бўйича топшириқлар бердим. Ҳар куни жойларда бўлиб, мавжуд аҳвол, шарт-шароитларни ўргандим. Имкон қадар муаммоларни ҳал этишда ҳиссамни қўшишга уриндим.
Мен мана шу ўтган муддатда кўп нарсаларни англаб етдим. Раҳбарлик улкан масъулиятли иш экан. Президентимиз Қашқадарё ёшлари билан бўлган учрашувда “Кўпроқ билим олинг. Агар менга қайта имконият берилганда эди, 70-80 фоиз умримни билим олишга сарфлаган бўлардим. Билимли инсон ҳамма нарсага қодир бўлади”, — деб таъкидлаган эдилар. Мен бу сўзларнинг қанчалик ҳақиқат эканини фаолиятимнинг ҳар сониясида ҳис қилдим. Бизга берилган 10 кун, яъни 240 соат эртанги кунга бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлади. Масъулиятни чуқурроқ ҳис қилишга ундади.