Ҳоким ёрдамчиларини «лойиҳавий ёндашув» асосида ишлашга ўқитиш тизими йўлга қўйилиб, буни «оғир» маҳаллалардан бошлаш топширилди. Ҳар бир туман кесимида «лойиҳавий ёндашув» асосида амалга ошириладиган лойиҳалар портфели шакллантирилади.

«Оғир» маҳаллалардаги бўш ерлар ва давлат объектларининг бошланғич нархини 2-3 карра пасайтириб, сотувга чиқариш йўлга қўйилади.

Иш ўрни ва даромадни кўпайтириш бўйича энг яхши натижа кўрсатган 100 та «оғир» маҳаллага 1 миллиард сўмдан маблағ берилади. Ушбу маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари Хитой, Туркия, Корея, Малайзия каби давлатларга бир ойлик малака ошириш курсларига юборилади.

«Маҳалла еттилиги» самарасини ошириш бўйича пойтахтда йўлга қўйилган тажриба энди барча туман ва шаҳарларда ҳам татбиқ этилиши белгиланди.

Бундан буён ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси маҳалла раиси тақдимномаси асосида туман ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва ишдан олинади.