Йиғилишда ота-она меҳрига муҳтож болаларга ғамхўрлик масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни эътибордан четда қолдирмаслик учун кенг кўламли ишлар олиб борлмоқда. Шунга қарамай, қуйи бўғиндаги эътиборсизлик оқибатида жойларда қаровсиз қолиб кетган болалар аниқланаётгани қайд этилди. Ҳозирда уларга васийлик белгиланмоқда.

Шунингдек, ота-онаси миграцияда бўлган, ноқулай ижтимоий муҳитдаги оилаларда тарбияланаётган, руҳий-жисмоний ривожланишида хусусиятлари бор болаларга ёрдам тизимини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бундан буён жойларда васийлик, ҳомийлик, патронатга олинган ҳамда оилавий болалар уйларидаги болалар билан маҳалладаги ижтимоий ходимлар шуғулланиши белгиланди.

Улар ота-она ўрнини босувчи шахслар бола олдидаги мажбуриятини қай даражада бажараётганини мониторинг қилиб, баҳолаб боради.

Бунинг учун ҳокимликлар ҳузуридаги Васийлик ва ҳомийлик комиссиялари тугатилиб, уларнинг ваколати “Инсон” марказларига ўтказилади.