— Универсал моделга кўра, ҳомиладор ва ёш болали аёллар хонадонига патронаж ташрифлари неча марта амалга оширилади?
— Универсал модели барча болалар ва ҳомиладор аёлларни қамраб олишни кўзда тутади. Ташрифлар сони – патронаж ҳамшираси ҳомиладор аёлга 2 марта, яъни ҳомиладорликнинг 12 ҳафтаси ва 32 ҳафтасида ташрифларни амалга оширса, 5 ёшгача бўлган болалари бор оилаларга эса 12 та ташрифни, шунингдек, чилла давридаги аёллар учун 3 марта – туғруқхонадан чиққандан сўнг биринчи 3 кунида, туғруқдан кейин 15 кунда ва туғруқдан кейинги бир ойда ташрифларни амалга оширади.
Ёш болалар бор бўлган оилаларга ташрифни амалга оширишда патронаж ҳамшираси ҳар доим ўз ишини умумий хавф белгиларини текширишдан бошлаши керак ва бирор-бир умумий хавф белгиси ёки касаллик белгилари аниқланса, “Тез ёрдам” хизматини чақириши ёки зудлик билан шифокор қабулига юбориши лозим.
Агар улар аниқланмаса, патронаж ҳамшираси ўз ишини универсал модель режасига кўра давом эттиради. Ҳомиладор ва туққан аёлларга ташриф ҳам шу кетма-кетликда олиб борилади. Хавф омиллари аниқланган хонадонларга патронаж хизматининг прогрессив модели асосида алоҳида ташрифлар режаси ишлаб чиқилади.
— Ҳомиладор аёллар ва ёш болали оилаларда хавф омилларини аниқлашда асосан нималарга эътибор қаратилади?
— Ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи белгилар борлигини аниқлашда аёлнинг ушбу даврида нотўғри овқатланиши орқали юзага келадиган муаммоларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Шунингдек, ҳомиладорлик даврида депрессияга тушиш, зарарли одатлар ҳамда ижтимоий хавфларга ҳам диққат қилинади. Туққан аёл ёки ота-она ва 5 ёшгача болада хавф омилларини баҳолашда бола ва чилла давридаги аёлнинг ҳаётига хавф солувчи белгиларни кўздан кечириш зарур.
6 ойгача бўлган болаларни истисносиз кўкрак сути билан эмизиш масаласи, 6 ойдан 5 ёшгача бўлган болаларнинг қўшимча овқатлантириш муаммолари, болани эмлаш, оиладаги ота-оналарнинг депрессия ҳолати ҳамда бола учун хавфсиз муҳит яратилганига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Шунингдек, фарзандни тарбиялашда меҳр кўрсатиш, сўзлашиш, ўйин ўйнаш ва китоблар ўқишнинг аҳамияти, ота, буви ва боболарни бола тарбиясидаги ўрни ҳамда унинг жисмонан ва руҳан баркамол бўлиб вояга етишига тўсқинлик қилувчи омиллар – қўпол муомала, эътиборсизлик, қўрқитиш, қўл кўтариш ҳолатлари кузатилмаётганига ҳам амин бўлиш зарур.
Бир сўз билан айтганда, янги патронаж тизими мамлакатимизда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, репродуктив саломатликни сақлаш соҳасини янги босқичга кўтаради.