Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Марказий сайлов комиссияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мазкур тадбирнинг ташкилотчиларидир.
Мазкур тадбир хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини, хусусан, электорал маданиятини ошириш соҳасида парламент, жамоат ташкилотлари, ваколатли давлат органлари, қонун ижодкорлиги субъектлари ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти вакилларининг хотин-қизларнинг сиёсий онги ва электорал маданиятини юксалтириш, жамиятда уларнинг фаоллигини янада кучайтириш мақсадида ўтказилмоқда.
Тадбирни Олий Мажлис Сенати Раиси, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши раиси Танзила Норбоева очиб берди.
Т.Норбоева ўз сўзида ҳозирги вақтда хотин-қизлар мамлакат аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил этиши, уларнинг барча соҳаларда самарали меҳнат қилишлари, шу жумладан, сиёсий бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаолият кўрсатишлари учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги, сайловларда аёлларнинг ўрни беқиёс эканлигини, бугунги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланганлигига эътибор қаратди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда аёллар сайлов жараёнларининг барча босқичларида фаол қатнашишлари учун эркаклар билан тенг шароитлар яратилган. Президент сайлови жараёнида аёлларимиз ҳам сайловчи, ҳам президентликка номзод, ҳам сайлов комиссиясининг аъзоси, ҳам кузатувчи, ҳам ишончли вакил сифатида эркаклар билан тенг шароитда ва эркин иштирок этмоқда.
Хусусан, бугунги кунда Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 104 нафари ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 65 минг 974 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда хотин-қиз сайловчилар сони қарийб 11 миллион нафарни ташкил этади. Шуни ҳисобга олиб аёлларнинг, шу жумладан, биринчи марта овоз берадиган қизларнинг сайловда фаол иштирок этишини, ўзлари муносиб деб топган номзодга овоз бериш имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда бўлажак сиёсий жараёнда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ўз конституциявий ҳуқуқидан эркин фойдаланиши, ўзлари танлаган номзодга овоз бериши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида маҳаллаларда бир қатор тарғибот тадбирлари ўтказилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, хотин-қизларининг сиёсий фаоллигини рағбатлантиришда, энг аввало, сиёсий партияларнинг алоҳида ўрни борлиги, улардаги Аёллар қаноти тузилмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир давом этмоқда.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири