Ромитан тумани марказидан 265 километр узоқликда, таъбир жоиз бўлса, “қуш учса–қаноти, одам юрса–оёғи куядиган” Қизилқум кенгликлари бағрида жойлашган “Қизилравот” маҳалла фуқарорлар йиғинида бугунга келиб 133 та оила, асосан қозоқ миллатига мансуб жами 600 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Умумий майдони 294 минг гектарни ташкил этаётган маҳалланинг географик нуқтаи назардан, аксар ери яйлов ва чўл қирликлардан иборат. Аммо шунга қарамасдан, овул инфратузилмасини яхшилаш, унда истиқомат қилаётган юртдошларимизга рисоладагидек турмуш кечиришлари учун қулай шарт-шароит яратишга эътибор оширилаётгани бу ҳудудда яшаётган чўлқуварларни хурсанд қилмоқда. “Обод қишлоқ" давлат дастурига киритилган мазкур маскан янгича кўриниш касб этмоқда, деб хабар беради Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

— Овулимизда мукаммал таъмирлаш-тиклаш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари эрта баҳордан бошланган, – дейди “Қизилравот” МФЙ раиси Элдўст Акбанбетов. — Аввало маҳалламиз йўлининг 4 километри асоси қайта қурилиб, кенгайтирилди ва шағаллаштирилди. Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида овулга олиб борувчи, эскириб яроқсиз ҳолга келган 960 та таянч устун янгисига алмаштирилиб, 48 километр узунликдаги электр линияси янгидан қурилди. Маҳалла кўчаларига 10 та тунги ёритиш чироғи ўрнатилди. Баҳор кунларида 1 минг 500 тупга яқин мевали ва манзарали дарахт ниҳоларини ўтқазиб, парваришига алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Фақат шугина эмас. Баҳор ойларида юздан ошиқ хонадон турар жойи деворлари оқлаб берилиб, 1 минг 500 туп мевали ва мианзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган бўлса, ҳозирда ёлғиз яшаётган нафақахўр аёл Донет Жиринбаеванинг уйи таъмирлаб берилди ва атрофи девор билан ўраб олинди. Ҳашар йўли билан 24 та турар жой томига шифер қопланди, 62 та уйнинг фасади таъмирланган бўлса, 22 та уйга дарвоза ўрнатиб берилгани кўпларни хурсанд қилди. Бу каби хайрли ишларда Газли шаҳарчаси ҳокими Шерали Пўлатовнинг алоҳида ҳиссаси, ташкилотчилиги бор.

Ҳудудда болажонлар қамровини таъминлаш мақсадида 31-сонли мактабгача таълим ташкилоти қайта қурилаётгани ҳам кўпдан кутилган воқеа бўлди. Мамлакатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги тантанасига муносиб тўёна бўлиши кутилаётган бу замонавий муассаса 100 нафар жажжи ўғил-қизни ўз бағрига олади. Маҳалланинг “А–380” автомагистрали бўйида жойлашган Гугуртли қишлоғини водопроводлаштиришга қизғин киришилган бўлса, бунинг учун ҳудудда ерости “скважний” — қудуғини қуриш ва 3,5 километрга пишиқ пластмас қувурни тортиш, водопроводлаштириш ишлари бошланган. Бу ишда «Сантехразно люкс» МЧЖ миришкорлари жонбозлик кўрсатишмоқда. Худди шундай, қишлоқни газлаштириш ишлари ниҳоясига етказилган бўлиб, қўшни Қизилқум қишлоғи суюлтирилган газ баллони билан мунтазам таъминланмоқда.

Юртимизда кечаётган ислоҳотлар, янгиланишларни олис чўлқуварлар овулида истиқомат қилаётган аҳоли ҳам ҳис этиб яшамоқда. Маҳаллада электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмаслиги боис, куз-қиш мавсумида турар жой ва бошқа маъмурий–маиший иншоотларни иситишда муаммо бўлмайди. Қолаверса, бу ишда “Қизилқум давлат ўрмон хўжалиги” МЧЖ томонидан ҳам яқиндан кўмак берилиб, аҳоли ва маъмурий муассасаларга ўтин етказиб берилмоқда. Айни кунда қарийб юз нафар чўлқувар фарзанди таълим-тарбия олаётган 38-, 39- ва 40-сонли умумтаълим мактаби жорий таъмирдан чиқарилаётган бўлса, 39-сонли таълим даргоҳи мукаммал реконструкция қилинмоқда. Бунда икки қаватли замонавий барпо қилинаётган иншоот «Элегант инвест қурилиш» МЧЖ жамоаси томонидан сифатли олиб борилмоқда.      

Шунингдек, ҳозирда овул аҳолисига тиббий хизмат кўрсатаётган “Қизилравот” оилавий врачлик пункти ва унинг Қизилқум овулидаги филиали таъмирдан чиқарилиб, уч нафар врач ва ўндан ортиқ ўрта махсус маълумотли ходим фаолияти яхшиланаётгани, муассасалар керакли тиббий диагностик ускуналар билан бойитилаётгани албатта, тиббий хизмат сифатини яхшилашда муҳим восита бўлмоқда.   

Бир сўз билан айтганда, Амударё бўйида истиқомат қилаётган чўлқуварлар овулида ҳам оташин ҳаёт қайнамоқда. Юқоридаги саъй-ҳаракат эса аҳоли турмуш даражасини кўтариш, одамлар дуч келаётган муаммоларни жойида ҳал қилиш, эртамиз эгалари соғлом ва талаб даражасида билим олишлари, ўсиб улғайишлари учун зарур воситадир.