Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс иқтисодий ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, даромади ва турмуш фаровонлигини оширишга стратегик йўналиш сифатида эътибор қаратилиб, сўнгги йилларда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида вилоятларга ташрифида, биринчи навбатда, ҳудудлар иқтисодиётидаги ўсиш нуқталарини белгилаш ва шу орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, шу йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Бойсун, Сариосиё, Шеробод туманларини қурилиш материаллари, Қизириқни енгил саноат, Олтинсойни озиқ-овқат, Ангорни чарм, Бандихон ва Музработ туманларини маҳаллий саноатга ихтисослаштириб, кластерлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, Сариосиёда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш инновацион индустриал зонаси ташкил этилиши, Олтинсой, Узун, Бандихон, Денов, Жарқўрғон, Музработ, Термиз ва Сариосиё туманларида зайтун плантациялари, Шеробод, Музработ ва Қизириқда анорзорлар барпо этилиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Замонавий ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасиз ҳудудлар тараққиётига эришиш имконсиз. Шундан келиб чиққан ҳолда 2018 йилда бошланган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани яхшилаш орқали ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Биргина 2021 йилда барча туман ва шаҳардаги жами 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20,8 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишни назарда тутувчи “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш чора-тадбирларини молиялаштириш белгилангани яқин истиқболдаги тараққиётга хизмат қилади.
Ҳудудлар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланишни рағбатлаштириш ва дахлдорликни кучайтириш мақсадида маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлашга қаратилган маҳаллий давлат органлари ваколати кенгайтирилмоқда. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш ҳисобига қўшимча солиқ тушумларига эришиш, ҳудудларни субвенциядан чиқариш ва умумдавлат солиқларини маҳаллий бюджетларда қолдириш кабилар бевосита маҳаллий бюджетлар даромадининг ошишига, бу эса, ўз навбатида, ҳудудларнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Натижада 2018 йилдаёқ барча маҳаллий бюджетлар субвенциядан тўлиқ чиқарилди ва бугунги кунда тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар қўлланмоқда.
Жаҳон иқтисодиётидаги илғор тажрибаларга кўра, ҳудудлар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда мамлакатимизда 23 та эркин иқтисодий зона фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг 20 таси 2016 йилдан кейин ташкил этилди. Бу ўринда умумий эркин иқтисодий зоналардан ташқари алоҳида соҳалар, жумладан, туризм, фармацевтика каби муҳим жабҳаларда эркин иқтисодий зоналар фаолияти йўлга қўйилганини алоҳида қайд этиш зарур.
Фаолият кўрсатаётган эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари фаолиятини умумий тартибга солиш нуқтаи назаридан 2020 йил 17 февралда Ўзбекистон Республикасининг “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида барча эркин иқтисодий зоналар мақоми, имтиёзлари тенглаштирилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғриси”даги фармонига биноан фармацевтикага ихтисослашган ва соҳани ривожлантиришга қаратилган еттита эркин иқтисодий зона ташкил этилди. Умуман, 2016 йилдан буён эркин иқтисодий зоналар фаолиятига доир ўндан ортиқ фармон ва қарор қабул қилинди.
Шунингдек, туманларни ҳам комплекс иқтисодий ривожлантириш мақсадида бугунги кунга қадар 348 та кичик саноат зонаси ташкил этилиб, фаолиятини давом эттирмоқда. Натижада эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 2,6 миллиард долларлик 453 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 36 мингга яқин иш ўрни яратилган. Кичик саноат зоналарида эса 5 триллион сўмлик 1 минг 497 та лойиҳа ишга туширилиб, 36 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланган.
Мамлакатимиздаги ҳар бир ҳудуд ўзига хос сайёҳлик имкониятларига эга. Бу жиҳат халқаро жамоатчилик томонидан ҳам мунтазам эътироф этилмоқда. Мавжуд юқори туризм имкониятидан ҳар томонлама самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди.
2016 йил 2 декабрдаёқ туризм соҳасини ҳар томонлама ривожлантиришга масъул Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди. Туризм индустрияси меҳмонхона бизнесини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди.
Мамлакатимизда туризм ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш, аҳолини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, инфратузилмани яхшилаш, туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш орқали сайёҳлик учун қулай шарт-шароит яратиш, маданий меросни муҳофаза қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилаётганидан келиб чиққан ҳолда шу йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилди.
2016 йилданоқ мамлакатимизда туризм соҳаси иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида белгиланди. Қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида соҳадаги имкониятлар кенгайтирилди. Фуқароларидан юртимизга виза талаб этилмайдиган мамлакатлар сони 9 тадан 86 тага етказилди. 53 та давлат учун “электрон виза” тизими жорий этилди. Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш амалиёти йўлга қўйилди.
Юртимиз туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, миллий маданий меросни миллий ва халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш, зиёрат туризми, экологик туризм, гастрономик туризмни ҳамда уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш борасида чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Фақатгина давлат бюджети маблағлари ёки банк кредитлари ҳисобидан ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётини молиялаштириш асосида минтақалар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш мушкул масала. Шу боис, бу борада хусусий секторнинг ижтимоий масъулиятини ошириш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги асосида лойиҳаларни амалга ошириш ҳам олдимизда турган стратегик вазифалар ижросида муҳим ўринга эга. Айни имкониятлардан фойдаланган ҳолда энергетика, коммунал хизматлар, соғлиқни сақлаш, сув хўжалиги, таълим, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳаларда ҳудудлар бўйича қарийб 2,2 миллиард АҚШ долларига тенг қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Таҳлиллардан аён бўлмоқдаки, энергетика соҳасида Навоий, Сирдарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида амалга оширилаётган лойиҳалар истиқболда ҳудудларнинг ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий тараққиётига хизмат қилади. Чунки энергетика соҳаси ривожисиз нафақат ижтимоий соҳа, балки бизнес тараққиётини ҳам тасаввур қилиш қийин. Таълим, соғлиқни сақлаш, сув хўжалиги ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари аҳамияти борасида юқоридаги фикрларни такрорлаш мумкин.
Хулоса сифатида таъкидлаш лозимки, минтақалар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш борасида ҳукуматимизнинг комплекс ёндашуви аллақачон ўзининг натижаларини бериш билан бирга истиқболдаги жадал тараққиётимизга ҳам хизмат қилади. Бу жараёнда энг асосийси интеграциялашган ва мувозанатли ижтимоий-иқтисодий тараққиёт орқали аҳоли турмуш фаровонлиги таъминланади.
Самариддин ЭЛМИРЗАЕВ,
Тошкент молия институти кафедра мудири,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор