Қайд этилишича, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари лавозимига танланган номзодлар 2022 йилнинг 10 январидан ўзларига бириктирилган маҳаллаларда хизмат вазифаларини бажаришга киришишлари тўғрисида буйруқлар имзоланиб, тегишли тартибда эълон қилинади.
Ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи миқдорлари ва уларга берилган шарт-шароитлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 3 декабрдаги ПҚ–31-сон қарорида кўрсатиб ўтилган тартибда амалга оширилади.
Шаҳар ва туманлар ҳокимлари 1 кун муддатда лавозимга тайинланган ҳоким ёрдамчилари билан меҳнат муносабатларига киришиш бўйича тегишли ҳужжатларни (меҳнат шартнома, қарор, буйруқ ва ҳ.к) расмийлаштирадилар.
Бошқармалар, идоралар, тижорат банклари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларига ҳоким ёрдамчилари лавозимига тайинланган ходимларнинг аввалги иш жойидаги лавозимини икки йилгача муддатга сақлаб қолиш, мазкур даврда ушбу лавозимга бошқа шахсларни муддатли меҳнат шартномаси асосида вақтинча ишга қабул қилиш тавсия этилади.