Президент раислигида 3 декабрь куни илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.
Унда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда Бахмал туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини илмий жиҳатдан ўрганиш, истиқболли соҳалар ва тармоқларнинг тадқиқот йўналишларини аниқлаб олиш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бир гуруҳ олимлари, илмий тадқиқотчилари ҳудудга ташриф буюрдилар.
Сафар давомида Бахмал туманини комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шунингдек, ҳудуднинг бошқа қиёсий устунликларини инобатга олган ҳолда ривожланишга туртки берадиган драйвер йўналишлар (лойиҳалар) аниқлаб олинди.
Маълумотларга кўра, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жон бошига Республикада 1 миллион 673 минг сўмни, Жиззах вилоятида 2 миллион 509,9 минг сўмни ташкил қилаётган бир пайтда Бахмал туманида бу кўрсаткич бор-йўғи 445 минг сўм миқдорида тўғри келаяпти. Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига туманда 784 та тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган бўлсада, бироқ улардан 239 таси ёки 29,5 фоизи амалда фаолият кўрсатмаяпти. Умумий натижа шуки, рўйхатдан ўтган юридик шахс мақомига эга 3 минг 610 та тадбиркорлик субъектидан 1 минг 342 таси ёки 37 фоизи, 2 минг 151 та жисмоний шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектидан 1 минг 445 таси ёки 67 фоизи фаолият кўрсатмаяпти.
Шундан келиб чиқиб, ушбу кўрсаткичлар Тошкент давлат иқтисодиёт университети олимлари ҳамда туман Молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан таҳлил қилиниб, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, бандлик ва меҳнат муносабатлари бўйича мавжуд муаммолар базаси шакллантирилди. Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан иқтисод ва ҳуқуқ йўналишида “Бахмал туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларини илм-фан ютуқлари ва илмий тадқиқот натижалари орқали яхшилаш” мавзусидаги уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳалар танлови бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, ҳудуд аҳолисининг молиявий ва бизнес юритиш бўйича саводхонлигини ошириш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университетига бириктирилган Бахмал иқтисодиёт ва туризм техникуми базасида “Бизнес коучинг” ташкил этган ҳолда ўқувлар ташкил этиш бўйича режалар ишлаб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, 18 сентябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори, профессор Қўнғиротбой Шарипов Жиззах вилоятига борганида Бахмал тумани ҳокими Муса Анорбев билан учрашиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, салоҳиятли кадрлар базасини яратиш, амалиётга инновацион лойиҳаларни жорий этишда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган эди. Бундан ташқари, 7 ноябрь куни Бахмал тумани ҳокими 1-ўринбосари, молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Нодир Шарипов раҳбарлигидаги делегация Тошкент давлат иқтисодиёт университетига келди ва келишувлар ижросини таъминлаш мақсадида ишчи тартибида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун, Тошкент давлат иқтисодиёт университетига бириктирилган Бахмал иқтисодиёт ва туризм техникуми базасида илмий тадқиқот маркази фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, бу муассасада меҳмонхона ташкил қилиниб, илмий тадқиқотчилар учун зарур шароитлар яратилиб, ўқувчи ва талабаларнинг амалиёт ўташлари учун муҳит ташкил қилинади.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ахборот хизмати