2025 йил 8 декабрь куни соат 08:30 ларда Марказий банкка фуқаролардан Humans иловаси орқали маблағлар ечиб олингани ҳақида мурожаатлар келиб тушди, дея хабар беради банк ахборот хизмати.
Шу муносабат билан Марказий банк ўз ваколати доирасида «Octagram» АЖ (Пайлов савдо белгиси) билан боғланиб, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда эҳтимолий техник заифликни бартараф этиш мақсадида P2P амалиётларни тўхтатиш бўйича кўрсатма берган.
Маълумотга кўра, 9 декабрь ҳолатида Humans мобил иловаси орқали «Octagram» АЖ (Пайлов савдо белгиси) орқали амалга ошириладиган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.
Марказий банк фуқароларга мурожаат қилиб, Uzcard ва Humo карталари орқали амалга ошириладиган тўлов ва пул ўтказмалари одатий тартибда ишлаётганини маълум қилди.
Шунингдек, карталардан бошқа банк ва тўлов ташкилотлари иловаларида фойдаланиш имконияти ҳам тўлиқ сақланиб қолган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тезкор текширув ишлари олиб борилмоқда. Барча шубҳали транзакциялар, техник жараёнлар ва платформалар ўртасидаги амалиётлар тўлиқ ўрганилмоқда.
Текширув натижалари бўйича қўшимча расмий ахборот тақдим этилиши айтилди.
Фуқаролар ушбу ҳолат бўйича белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлари мумкин.