Хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш уларнинг оила ва жамиятда мустаҳкам ўринга эга бўлиши, қолаверса, ўз қобилияти, имконияти ва орзу-интилишларини рўёбга чиқаришида асосий омил ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар опа-сингилларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ҳунармандчилик кластери ташкил этилди.

Бу ерда дастлаб тажрибали ҳунарманд усталар ишсиз хотин-қизларга касб кўникмаларини ўргатди. Лойиҳанинг биринчи босқичида аёллар тол ҳамда бошқа эгилувчан дарахт новдаларидан ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган маҳсулотлар тўқишга ўргатилди. Кейинги босқичларда ҳудуд шароити ва имкониятидан келиб чиқиб бошқа ҳунар турлари ҳам ўргатилиши режалаштирилган.

Албатта, қорақалпоғистонлик хотин-қизлар учун айнан шундай касб кўникмалари бежиз танланмади. Боиси, ҳудуд иқлими арзон хомашё мўл-кўллигини таъминлайди. Қолаверса, табиий хомашёдан тўқилган буюмлар, айниқса мебель жиҳозлари ҳар қандай интерьер ва экстерьерга мос келиши билан харидоргир саналади. Улар мустаҳкам ва эгилувчан новдалардан ясалади, шу боис, енгил ва чидамли бўлади. Бундай буюмлар  Қорақалпоғистон ва унга яқин ҳудудларнинг кескин континентал иқлимига мос ҳарорат ўзгаришларига чидамлилиги билан ҳам ажралиб туради. Жумладан, қуёшда ҳам  рангини яхши сақлай олади,  300 килограммгача оғирликни кўтаради.

Шу ўринда, оддий математик ҳисоб-китобни келтирайлик. Табиий хомашёдан ўртача ҳажмдаги сават ёки кичикроқ мебель жиҳозини тўқишга 40 дақиқа атрофида вақт кетади. Унинг “биринчи қўл” нархи 60 мингдан 100 минг сўмгача. Агар аёл уйидаги икки нафар оила аъзосига, ҳаттоки ўсмир фарзандларига бу ҳунарни ўргатса, кун давомида ёки ўқиш ва рўзғордаги ишдан бўш вақтларида улар 3 тадан шундай буюм тайёрлаши мумкин. Энди шундан келиб чиққан ҳолда оила даромадини ҳисоблайверинг. Шу жиҳатдан ҳунармандчилик кластери маҳаллий аҳолига анча кенг имкониятлар тақдим этмоқда.

 Лойиҳа доирасида маълум муддат ҳунар ўрганган қорақалпоғистонлик бир гуруҳ хотин-қизлар уста-ҳунарманд бўлиб, “Ҳунарманд“ уюшмасига аъзолик гувоҳномаси олишди. Ҳозирда алоҳида корхона ташкил қилиб иш бошлади ва эндиликда бошқа ишсиз хотин-қизларга ҳунар сирларини ўргатмоқда. Бу жараён “устоз-шогирд” анъанаси асосида тизимли амалга оширилади. Натижада, лойиҳанинг биринчи босқичида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 1400 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланишига эришилади.

Лойиҳа аввалида 35 хотин-қиз ўқитилган бўлса, шундан 21 нафари хунармад бўлиб, уларнинг ҳар бирига 10 нафардан, жами 210 шогирд бириктирилди. Бунга Тахиатош, Кегейли, Амударё, Хўжайли, Нукус тумани ҳамда Нукус шаҳридан хотин-қизлар жалб қилинди. Шунингдек, лойиҳа доирасида Кегейли туманида ҳунармандчилик маҳсулотлари хомашёсини етиштириш мақсадида 10 гектар ерда тол плантацияси ташкил этилди. Бу дарахтлардан кластер ишчиларининг хомашёга бўлган доимий талабини қондириш учун фойдаланилади.

Айтиш жоизки, тол плантациясини ташкил этишда Кегейли туман ҳокимияти бевосита ташаббускор бўлиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ташкилий ишлар амалга оширилди.

 Ҳунармандчилик кластерини ташкил этишда кластер устав капиталининг 50 фоизи тенг улушларда Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилган ҳолда, қолган қисми кластер эгаси маблағлари ҳисобидан шакллантирилади. Пировардида, нафақат хотин-қизлар бандлиги таъминланади, балки плантацияда экилган толлар ҳавони кислород билан тўйинтириб, ҳудуд табиатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Ушбу ҳунармандчилик кластерлари тажриба тариқасида ташкил этилмоқда. Афзал жиҳати шундаки, кластер ҳунарманд аёлларни хомашё билан таъминлайди, уларнинг қўл меҳнати билан яралган маҳсулотларини бозор баҳосида сотиб олади. Сўнгра ушбу буюмлар ички ва ташқи бозорга чиқарилади. Натижада, хотин-қизларнинг керакли ашё олиш учун ёки тайёрлаган маҳсулотларини сотиш учун сарсон бўлишига зарурат қолмайди. Улар уйдан чиқмай, ортиқча оворагарчиликсиз барқарор даромадга эга бўлади. Ҳозирда ўзини оқлаган бу лойиҳани бошқа ҳудудларда ҳам, маҳаллий имкониятлардан келиб чиқиб, амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, Сурхондарё вилоятида бу йўналишда ишлар бошлаб юборилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Айтиш керакки, аёллар она ва уй бекаси сифатида оила фаровонлигига қанчалик фаол улуш қўшса, жамият ривожига ҳам шунчалик катта таъсир кўрсатиши мумкин. Хусусан, хотин-қизлар мамлакатимиз иқтисодиётида банд аҳолининг деярли ярмини ташкил этишини назарда тутсак, уларнинг салоҳиятидан янада кўпроқ фойдаланиш, қобилиятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш давлатимиз бир неча баробар тезроқ ривожланишига, оилалар равнақига хизмат қилади.

Ҳунармандчилик кластерлари эса бу борада опа-сингилларимиз учун ўзига хос янгича имконият бўлади. Ишончимиз комилки, бу янги тизим орқали опа-сингилларимиз уйда ўтириб ҳам даромад олиш, оила бюджетига муносиб ҳисса қўшиш, жамиятда янада фаол бўлиш имконига эга. 

Нодира ШОТУРСУНОВА,

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер

тенглик масалалари қўмитаси бош маслаҳатчиси.