Саксон ёшни қарши олган Ҳусанжон ота кексаликка бўйин бергани йўқ. Китоб, газета ва журнал мутоааласини канда қилмайди. Қаерга борса янги китоб, газета, журнал харид қилади. Оилавий кутубхонаси фонди бойиб бормоқда. Ҳозирда китоблар сони 5000 тага яқинлашган. Ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, энциклопедиялар, дарсликлар, болалар адабиёти намуналарига алоҳида ўрин ажратилган.

— Бу китобларнинг аксариятини ўзим ёшликдан ўқиб йиққанман, — дейди Ҳусанжон ота Эргашев. — Уларнинг ҳар бир мен учун қадрли. Китоб инсонни камолот сари етакловчи хазина. У маънавий озуқа берибгина қолмай, тафаккурни бойитиб, соғлом мулоҳаза юритишга ўргатади. Кутубхонада ўқилган ҳар бир китобни қайд қилиб, фаол китобхонларни рағбатлантириб борамиз.

Китобхон ёшлар, оилалар ўртасида турли танловлар ўтказиш анъанага айланган. Хорижий тиллар бўйича ўқув тўгараги ҳам фаолият кўрсатмоқда. Оиланинг тўнғич келини Шахлохон бу ишларга бош-қош бўляпти.

Ҳусанжон Эргашев турмуш ўртоғи Ақидахон ая билан беш ўғил, икки қизни тарбиялаб элга қўшди. Ўнлаб набира, чевараларнинг севикли бобоси ва бувижони.

Расулжон Камолов