Маданий мерос агентлигининг хабар беришича, қарорга асосан, Андижон вилояти, Бухоро вилояти, Фарғона вилояти, Жиззах вилояти, Навоий вилояти, Наманган вилояти, Самарқанд вилояти, Сурхондарё вилояти, Сирдарё вилояти, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган археологик ёдгорликлар, тарихий ва меъморий иншоотлар, монументал санъат объектлари ҳамда диққатга сазовор жойларнинг миллий рўйхати қайта кўриб чиқилди.

Миллий рўйхатга киритилган 8370 та маданий мерос объектига янги қарор асосида яна 67 та объект рўйхатга қўшилиб, муҳофазадаги объектлар сони 8437 тага етди.

Gazeta.uzнинг тарқаттган маълумотларида Тошкентда архитектура ёдгорликлари қаторига қуйидагилар киритилган:

  • Мирзо Улуғбек туманида — Маҳатма Ганди кўчаси 32-уйда жойлашган 1880−1944 йилларга оид турар жой биноси;
  • Шайхонтоҳур туманида — Фурқат кўчаси 6а-уйдаги 1919 йилда қурилган П. Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби бинолар мажмуаси;
  • Чилонзор туманида — Бешёғоч кўчасидаги 1932−1934 йилларда қурилган 16 ва 18-рақамли тўрт қаватли турар жой бинолари — «Мутахассислар уйлари» деб аталувчи объектлар;
  • Яккасарой туманида — Шота Руставели кўчасидаги XIX асрга оид 59-уй ҳамда 1956 йилда қурилган 22-рақамли тўрт қаватли турар жой биноси;
  • Яшнобод туманида — Фарғона йўли кўчаси 15-уйда жойлашган, Электромагнит мослашув маркази тасарруфидаги 1915 йилда қурилган иккита 90 метрли радиомачта ва радиостанция биноси (техник корпус).