Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 1987 йилда туғилган шахс ўзининг 1983 ва 1990 йилларда туғилган танишлари билан олдиндан тил бириктириб, фирибгарлик йўли билан давлат ерини сотишга урингани аниқланди.

Тергов маълумотларига кўра, гумондорлар Янгийўл тумани ҳудудида чорвачилик мақсадида фойдаланиб келинаётган давлатга тегишли ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, харидор ишончини суиистеъмол қилган.

Улар 1 сотих ерни тахминан 1 минг АҚШ долларидан ҳисоблаб, жами 4 гектар ерни 400 минг АҚШ долларига сотиш бўйича келишувга эришган.

Тезкор тадбир давомида гумондорлар келишилган маблағнинг бир қисми — 20 минг АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан гумондорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси тўртинчи қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни ер майдонлари, кўчмас мулк ва бошқа мулкий муносабатларга оид битимларни фақат қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда ваколатли идоралар орқали амалга оширишга чақирди. Таъкидланишича, ҳушёрлик ва ҳуқуқий саводхонлик фирибгарликнинг олдини олишдаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.