Қайд этилганидек, мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг ички ишлар органлари фаолиятига оид Фармонлари ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ва “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилади.

Хусусан, Қонун билан Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаларининг, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисоботлар тақдим этиши тартиби жорий қилинмоқда.

Шу билан бирга туман, шаҳар ички ишлар бўлинмаларининг бошлиқлари – ҳар чоракда ва уларнинг ўринбосарлари – ҳар ойда, маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктларининг профилактика катта инспекторлари – ҳар олти ойда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисоботлар тақдим этиши тартиби белгиланмоқда.

Бундан ташқари, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунга ички ишлар органлари тизимида фаолият юритаётган маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктларининг ҳуқуқий мақоми ва асосий вазифаларини белгилашга қаратилган қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, қонунга маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани тўғрисидаги норма киритилиб, бунда маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктлари жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда жамоат тузилмаларининг маҳаллалар кесимида ҳамкорликда ишлашини ташкил этиш бўйича ички ишлар органларининг таркибий тузилмаси ҳисобланиши белгиланмоқда.

Мазкур Қонун ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги, шунингдек уларнинг фаолиятини халқ вакиллари томонидан назорат қилиб бориш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиб, ички ишлар органларининг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга ва уларнинг ўзаро фойдали ҳамкорлигини кенгайтиришга, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлиги соҳасида кўрилаётган чоралар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди, деб хабар беради  Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати.