Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида шахсга доир маълумотларни ҳимоялаш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–45-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда миграция ва персоналлаштириш соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш мақсадида қарор қиламан:
I. Устувор йўналишлар
1. Қуйидагилар миграция ва персоналлаштириш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
а) ички ишлар органлари миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларини босқичма-босқич тезкорлик ва шаффофлик тамойиллари асосида аҳолига янада қулай ва сифатли хизмат кўрсатувчи “сервис бўлинмалар”га айлантириш;
б) миграция ва персоналлаштириш соҳасида республика – вилоят – туман (шаҳар) бўлинмалар фаолиятини ташкил этишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва улар самарадорлигини ошириш;
в) миграция ва персоналлаштириш соҳасида кўрсатиладиган давлат хизматларини рақамлаштириш;
г) шахсга доир маълумотларнинг тўғрилиги ва ишончлилигини таъминлаш;
д) соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали мавжуд ахборот тизимларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш.
II. Ташкилий чора-тадбирлар
2. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
б) Ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, 2026 йил 1 майдан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида биттадан туман (шаҳар) ички ишлар органлари миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имконияти яратилган, сунъий интеллект асосида фаолият юритадиган “Ақлли” миграция шохобчалари (Smart migration stations) ташкил этилсин. Бунда:
а) дастлабки босқичда “Ақлли” миграция шохобчаларида 3-иловада келтирилган давлат хизматлари кўрсатилади;
б) Ички ишлар вазирлиги томонидан ўзига ўзи кўрсатиладиган хизматлар турлари кенгайтириб борилади.
4. Ички ишлар вазирлиги (А.А.Ташпулатов) 2027 йил 1 майга қадар эксперимент натижасидан келиб чиқиб, “Ақлли” миграция шохобчаларини республиканинг бошқа ҳудудларида, шунингдек, савдо ва кўнгилочар марказлар, туристик ҳудудларда ҳам ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
III. Аҳолига қулайликлар яратиш
5. Ички ишлар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Солиқ қўмитаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
а) 2026 йил 1 майдан бошлаб Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларига Ўзбекистонга электрон кириш визаси асосида кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг электрон визаларининг амал қилиш муддатини бир маротаба 30 кунгача узайтириш ҳуқуқини бериш;
б) чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномани расмийлаштириш ваколатини Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларига ҳам бериш;
в) ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларига чет эл фуқаролари таълим олаётган муассасалар ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган корхона ва ташкилотларда виза муддатини узайтириш, турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш учун корхона, муассаса ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан шартнома асосида миграция бўлинмасига шаҳодатланганқўшимча штат бирликларини киритиш ҳуқуқини бериш;
г) 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб талабалар ётоқхонасига жойлашиш бўйича шартнома тузиш билан бир вақтда талабаларни турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартибини жорий этиш;
д) 2026 йил 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга идентификaцияловчи ID карталар биринчи маротаба расмийлаштирилганда унинг чипига киритиладиган электрон рақамли имзо сертификатини бепул бериш ҳамда фуқарони “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимида автоматик тарзда бепул рўйхатдан ўтказиш.
IV. Миграция ва персоналлаштириш соҳасини рақамлаштириш
6. Департамент жисмоний шахсларнинг қуйидаги марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва доимий янгилаб бориш бўйича ваколатли орган ҳисобланади:
а) чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олинганманзили тўғрисидаги маълумотлар;
б) идентификaцияловчи ID карта серияси, рақами, берилган жойи ҳамда берилган санаси ва тугаш санаси тўғрисидаги маълумотлар;
в) Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги маълумотлар;
г) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;
д) Ўзбекистон Республикасига таклиф қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳақидаги, шунингдек, уларнинг виза муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.
7. Ички ишлар вазирлиги (А.А.Ташпулатов) 2026 йил 1 августга қадар сунъий интеллект технологиялари асосида:
а) миграция ва персоналлаштириш соҳасига оид электрон давлат хизматларини кўрсатиш, онлайн ҳуқуқий маслаҳат бериш, юкламаси кам бўлган миграция бўлинмалари ҳақида маълумот олиш имконини берувчи “Паспорт-виза” автоматлаштирилган ахборот тизими мажмуасининг “Passport-visa” мобил иловасини ишлаб чиқсин.
Бунда мазкур мобил илова орқали кўрсатилиши кўзда тутилган миграция ва персоналлаштириш соҳасига оид электрон давлат хизматлари дастлаб Ягона интерактив давлат хизматлари порталида йўлга қўйилади;
б) чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистонда бўлиш қоидаларига риоя этилишини “Хавфсиз шаҳар” тизими орқали аниқлаш ва мониторинг қилиш имкониятини яратсин;
в) миграция ва персоналлаштириш соҳасида бошқа шахснинг розилиги талаб этиладиган давлат хизматларини кўрсатишда уларнинг шахсини “Паспорт-виза” автоматлаштирилган ахборот тизими мажмуасининг “Face-ID” модули орқали масофадан туриб аниқлаш ва розилигини олиш имконини берувчи “E-Rozilik” платформасини ишга туширсин.
8. Белгилансинки, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги давлат хизматларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиш имконияти яратилади:
а) хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш;
б) фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун ариза юбориш;
в) мулкдор ёки турган жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг мурожаати асосида унинг турган жойи бўйича рўйхатга олинганлигини бекор қилиш учун ариза юбориш.
9. Ички ишлар вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил якунига қадар шахсга доир маълумотлар доимий янгиланиши ва хавфсизлигини таъминлаш, давлат хизматлари сонини ошириш ҳамда такрорланувчи маълумотларни бирлаштириш орқали ахборот ресурсларидан фойдаланиш қулайлигини ошириш мақсадида Персоналлаштириш марказининг маълумотлар базалари ва дастурий таъминотларини Ички ишлар вазирлигининг “Паспорт-виза” автоматлаштирилган ахборот тизими мажмуасига бирлаштирсин. Бунда:
а) шахсга доир маълумотлар жамланган “Ягона рақамли миграция” платформаси яратилади (Digital migration platform);
б) “Паспорт-виза” автоматлаштирилган ахборот тизими мажмуасини такомиллаштириш, қўллаб-қувватлаш, Департамент ва унинг қуйи тизимлари учун сервер, компьютер ва бошқа қурилмаларни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар Ички ишлар вазирлиги ҳамда Персоналлаштириш марказининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
V. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
10. Ички ишлар вазирлиги (З.К.Курбанов) Департаментнинг ахборот технологиялари ва телекоммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш ҳамда техник қўллаб-қувватлаш, шунингдек, барча ахборот тизимлари, дастурий таъминотлар ва маълумотлар базаларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрсин.
11. Ички ишлар вазирлиги (А.А.Ташпулатов) уч ой муддатда:
а) миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларига чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонда ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғуллангани учун маъмурий чора кўриш ваколатини беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин;
б) қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А.Ташпулатов белгилансин.
14. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департамент бошлиғи Д.Б.Кадиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2026 йил 19 январь