Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ томонидан Андижон вилоятида Давлат раҳбари топшириқларининг амалий ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда

Тадбир жараёнида асосий эътибор маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликни маҳаллабай жиловлаш дастурларининг ижроси, оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳамда ёшлар, аёллар томонидан ва ишсизлик оқибатида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш борасида маҳаллада шакллантирилган бешликнинг ҳамкорлик масалаларига қаратилмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан Президентнинг «Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда улар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  қарори ижросини ўрганиш мақсадида Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасига бириктирилган Асака туманидаги 16-сонли «Нурли маскан» ихтисослаштирилган мактаб-интернатида амалга оширилган ишлар билан танишилди.

Ўқувчилар учун Ички ишлар вазирлиги ҳомийлигида спорт анжомлари, «Брайл алифбоси»да чоп этилган китоб ва анжомлар, техника воситалари ҳамда битирувчиларга эсдалик совғалар тақдим этилди.

Ишчи гуруҳ томонидан аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ва коммунал соҳадаги муаммоларини ечими масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, ишчи гуруҳнинг саъй-ҳаракатлари билан мавжуд захира ҳисобидан Андижон вилояти ҳудудида жами 13293 та хонадонга суюлтирилган газ балон ва 33 тоннадан зиёд кўмир етказилиб, аҳолининг коммунал соҳадаги эҳтиёжлари қисман қаноатлантирилди.

Истеъмол бозорларидаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат захираларини жамлаш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Андижон шаҳри, Андижон, Хўжаобод, Булоқбоши, Қўрғонтепа, Жалалқудуқ туманлари ва Хонобод шаҳрининг деҳқон бозорлари ҳудудларида ҳамда олис маҳаллаларда алоҳида, жами 37 та арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил этилиб, улар 64 тонна кундалик истеъмол товарлари билан таъминланди.

Шунингдек, ўз маҳсулотини тўғридан-тўғри сотиш истагида бўлган жами 420дан зиёд томорқа ер эгаларига ўз маҳаллаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун савдо расталари ташкил этишга кўмаклашилди.

Ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, оилавий тадбиркорлик, ёшлар ва аёлларнинг ташаббускор лойиҳаларига кўмаклашиш мақсадида вилоят ҳудудида жойлашган барча мономарказлар ва меҳнат бозорларининг самарадорлиги танқидий ўрганилиб, қўшимча имкониятларни жалб этиш натижасида 168 нафар фуқаролар доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 42 нафари касбга ўқитишга юборилди ҳамда 4 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди. Шу билан бирга 1023 нафар фуқаролар ўзини-ўзи банд қилиш орқали меҳнатга жалб этилди.

Маҳалларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш аҳволи ва уларни қаноатлантириш даражаси танқидий ўрганилиб, аҳоли қулайлиги учун жами вилоятнинг барча туманларида 261 та сайёр давлат хизматлари пунктлари ташкил этилиб, 1634 та давлат хизматлари онлайн кўрсатилишига кўмаклашилди.

Аҳолини шикоятларидан келиб чиқиб, 12 нафар тадбиркорларнинг фаолиятини тиклашга кўмаклашилди, 18 нафар алимент тўловчи қарздорлар ишга жойлаштирилди, қарздорлардан 77 млн сўмлик алимент пули ундириш чоралари кўрилди, 327 та низоли оилаларнинг маиший муаммолари бартараф этилиб, 58 нафар аёлларга «ҳимоя ордер»лари расмийлаштирилди.

Ишчи гуруҳ таркибидаги Миллий гвардия Андижон вилояти Қўриқлаш бошқармаси томонидан Марҳамат, Асака, Шаҳрихон ва Хўжаобод туманларидаги 15 та ижтимоий хизмат кўрсатиш объектлари ва 8 та фуқаро хонадонлари қўриқловга олинди.

Вилоят ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўловчи ва ҳайдовчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Андижон шаҳар, Пахтаобод, Булоқбоши, Балиқчи, Қўрғонтепа ҳамда Жалалқудуқ туманларида қўшимча равишда 5 та светофор ва 18 та йўл белгилари ўрнатилди, 400 метр пиёдалар йўлаги ва 14 км йўл чизиқларини ётқизиш, 2,5 минг метр ички йўлларга асфальт қопламалари ётқизиш каби ишлар амалга оширилди.

Ишчи гуруҳнинг Андижон вилоятидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати