1 сентябрь, тахминан соат 19.00 да 2-батальон ЙПХ инспектори катта сержант Салим Умаров Миробод тумани Шаҳрисабз кўчасида хизмат олиб борган. «Grand Mir» меҳмонхонаси яқинида у текширув мақсадида «Captiva» (давлат рақами 01 Q 772 ВВ) русумли автомобилни тўхтатган. Катта сержант текширувдан сўнг ҳужжатларни ҳайдовчига қайтариб, транспорт воситасини айланиб ўтиб йўл чети томон юрган. Шу вақтда «Lacetti» (давлат рақами 01 Т 789 НВ) русумли автомобилини ишончнома асосида бошқариб борган 19 ёшли Темурбек исмли фуқаро Миробод кўчасидан чиқиб, бошқарувни йўқотган ва йўл четида тўхтаб турган «Captiva» автомобилига тўқнашгач, инерция туфайли ҳаракатни давом эттириб, ЙПХ ходимини уриб юборган.

ЙТҲ натижасида 30 ёшли ЙПХ инспектори катта сержант Салим Умаров бадан шикастлари билан шифохонага етказилди. Ҳозирги вақтда ходим реанимацияга жойланган.

Тергов олди текширувлари олиб борилмоқда. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўрилиши учун прокуратурага йўналтирилади.