Аммо рақамлар шундан далолат бермоқдаки, айрим товарлар сегментида Ўзбекистон бозори ҳали ҳам импортга жиддий боғлиқ ҳолатда қолмоқда.

Бу ҳолат нимадан далолат беради? Имкониятлар қаерда? Муаммо нимада? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида биз Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази  директори Олимжон Жумаев билан суҳбатлашдик.

Аввало, ички бозорда маҳаллий маҳсулотлар улуши бўйича умумий ҳолат қандай?

— Олиб борилган таҳлилларга кўра, айрим товар бозорларида маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси анча паст. Масалан, ўрта зичликка эга бўлган ёғоч-толали плиталар (MDF) сегментида бу кўрсаткич атиги 8,1 фоизни ташкил этмоқда.

MDF маҳсулотлари бўйича рақамлар нимани кўрсатяпти?

— Ҳозирда республикада 18 та корхона томонидан 46,7 минг м³ маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бироқ импорт ҳажми 62,3 млн м²ни ташкил қилмоқда. Экспорт эса 973 минг м². Бу рақамлар ички талаб асосан импорт ҳисобига қопланаётганини кўрсатади.

Спорт пойабзаллари бозорида вазият қандай?

— Бу сегментда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилмоқда. Республикада атиги 4 та корхона томонидан 125 минг жуфт маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бироқ импорт ҳажми 1,1 млн жуфтни ташкил этмоқда. Маҳаллий маҳсулотлар улуши эса бор-йўғи 10,2 фоиз.

Пойабзал креми каби оддий маҳсулотларда ҳам импорт устунми?

— Ҳа, ҳатто бундай оддий маҳсулотларда ҳам импорт улуши юқори. Маҳаллий ишлаб чиқариш 83 тонна, импорт эса 664 тоннани ташкил қилган. Бу ерда маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси 11,1 фоиз атрофида.

Қайси маҳсулотларда маҳаллий ишлаб чиқариш умуман мавжуд эмас?

— Электроустаралар ва зажигалкалар бозорида маҳаллий ишлаб чиқариш мавжуд эмас. Масалан, электроустаралар импорти 21,7 минг дона, зажигалкалар эса 29,2 минг донани ташкил этган. Бу сегментларда маҳаллий маҳсулотлар улуши 0 фоиз.

Бу ҳолатни қандай баҳолаш мумкин? Муаммо ёки имконият?

— Буни икки томонлама баҳолаш мумкин. Бир томондан, бу — ички ишлаб чиқаришнинг етарли даражада ривожланмаганини кўрсатади. Иккинчи томондан эса, бу тадбиркорлар учун катта имконият дегани. Чунки бозорда бўш нишалар мавжуд.

Тадбиркорлар учун қандай имкониятлар очиляпти?

— Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, юқоридаги маҳсулотлар бўйича янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Рақобат қўмитаси бу каби таҳлилларни эълон қилиб бориш орқали тадбиркорларга йўналиш кўрсатмоқда.

Қўшимча таҳлиллар буюртма қилиш имконияти ҳам борми?

— Албатта. Агар тадбиркорлар муайян маҳсулот тури бўйича қўшимча таҳлил ўтказишни истаса, Рақобат қўмитасига мурожаат қилишлари мумкин. Биз очиқ ва шаффоф маълумот бериш тарафдоримиз.

Юқоридаги рақамлар оддий статистика эмас — бу бозордаги реал ҳолатни кўрсатувчи ойна. Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг паст улуши эса бир вақтнинг ўзида ҳам муаммо, ҳам имконият эканини англатади. Эндиликда асосий савол — бу имкониятдан ким фойдаланади? Ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдириш — фақат иқтисодий масала эмас, балки стратегик мустақиллик масаласи ҳамдир.

 

Суҳбатлашди:

Зулхумор Акбарова

Дилнура Абу Бакирова