Маҳсулотнинг афзаллиги шундаки, у бозорда таклиф этилаётган 20 та қувурли қуёш сув иситгичларидан фарқли бўлиб, 24 та қувур билан жиҳозланган. Бу эса қисқа вақт ичида 200 литр сувни иситиш имконини беради. Маҳсулот нарх борасида ҳам арзонлиги билан ажралиб туради. Мутахассисларнинг билдиришича, савдода мавжуд бўлган шу турдаги қурилма 15 йиллик кафолатга эга бўлса, маҳаллий маҳсулот 20 йил давомида ишончли хизмат қилади.
Биринчи босқичда, 15 та қуёш сув иситгичлари «Тошкент ИЭМ» АЖда ўрнатилди. «Сирдарё ИЭС» АЖда 12 та ва «Толимаржон ИЭС» АЖда яна 10 донасини ўрнатиш ишлари олиб бориляпти. Айни пайтда, тизимдаги барча корхоналарни жами 150 га яқин ушбу ускуналар билан таъминлаш режалаштирилган.
Келгусида лойиҳа доирасида маҳаллий бюджет ташкилотлари ва аҳоли учун ҳам қуёш сув иситгичларини ишлаб чиқариш белгиланган. Айни кунларда мазкур иситгичларни бозор нархидан 5-10 фоиз арзон қийматда, аҳолининг кенг қатлами учун мўлжалланган турини тайёрлаш ҳамда кредит ёки ссуда кўринишида сотиш тартибини жорий этиш устида иш олиб бориляпти, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Иссиқлик электр станциялари» АЖ маълумотига таяниб.
Эслатиб ўтамиз, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ томонидан тизимда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида «Фарғона ИЭМ» АЖ 1 800-2 000 кВт, «Сирдарё ИЭС» АЖ 1 200-1 500 кВт қувватга эга қуёш электр станцияларини ўрнатиш бўйича тендер эълон қилган эди.