Форумда 5 та асосий масала ўрин олган:
- Бизнес жараёнларини оптималлаштиришда халқаро меҳмонхона брендининг роли;
- Меҳмондўстлик соҳасида хизматлар сифатини оширишда профессионал кадрлар омили;
- Ўзбекистонда меҳмонхона очиш бўйича инвестиция лойиҳаси доирасида молиявий модель;
- Халқаро тажрибада меҳмонхона хизматларининг туроператорлар билан ўзаро ҳамкорлиги;
- HORECAдаги тенденциялар ва янгиликлар. Қандай қилиб меҳмонхона ресторанлари самаралироқ бўлиши мумкин?
Турли даражадаги саёҳат чекловлари, эмлаш даражаси ва саёҳатчиларнинг саёҳат хавфсизлигига ишончи туфайли туризмнинг тикланиш суръати дунёнинг турли минтақаларида секин ва нотекислигича қолмоқда.
«Сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга давлат раҳбари даражасида юксак эътибор қаратиляпти, ушбу йўналишда фаолият юритувчи туристик бизнес вакилларига қатор имтиёз ва преференциялар бериляпти, — деди туризм ва маданий мерос вазирининг биринчи ўринбосари Улугбек Азамов. — Туризм соҳасида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун жорий йил 9 ойи давомида 6,5 миллиард сўм миқдорида маблағ давлат бюджетидан субсидия сифатида ажратилди. Буларнинг бари, ўз ўрнида, мамлакатимизда сайёҳлик инфратузилмасини янада яхшилаш, туристик хизматлар сифатини ошириш ҳамда соҳада фаолият юритувчи кадрлар малакасини юксалтиришни талаб этади, албатта. Шунингдек, Ўзбекистонда халқаро тоифадаги юқори сифатли меҳмонхона хизматини ташкил этиш қўллаб-қувватланяпти».
Бизнинг мамлакатимизда эса туризм соҳаси жадал ривожланиб, соҳанинг ўсиш суръатлари учун шарт-шароитлар яратиляпти.Бугунги кунга келиб, мамлакатимизда 1 327 та жойлаштириш объекти фаолият кўрсатяпти, республика бўйича хоналар сони 32 243 та хонани ташкил этади.
03.01.2022 йил ҳолатига кўра, оилавий меҳмон уйлари сони 2 481 тани, улардаги ўринлар сони 21 239 тани, хостеллар сони эса 384 та бўлиб, 12 584 ўринни ташкил этади.
Ҳукуматимиз саъй-ҳаракатлари билан қатор фармонлар жорий этилди. Хусусан, 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январига қадар умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз миқдорида белгиланди.
Меҳмонхона хизматлари ва жойлаштириш воситалари учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкалари 90 фоизга пасайтирилди. Вилоятлар ва шаҳарларнинг туристик зоналарида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари учун айланма солиқ ставкалари 1 фоиз миқдорида белгиланди. Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғи ушбу турдаги солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизини ташкил этади.
Ҳар бир меҳмонхона ва бошқа турар жой объектлари ногиронлар аравачасидагилар учун бир ёки бир нечта хоналарни жиҳозлаши, шунингдек, эшитиш ва кўриш қобилияти суст бўлган инсонларга одамларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, эълонлар дисплей ва овозли қурилмалар билан таъминлаши шарт бўлган турар жой биноларига қўйиладиган умумий талабларга ўзгартиришлар киритилди.
Республикамизнинг тарихий ҳудудларига, хусусан, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари меҳмонхона хизматлари бозорига халқаро меҳмонхона брендлари кириб келяпти. Хусусан, Тошкент шаҳрида (2022 йил боши ҳолатига кўра) меҳмонхона хизматлари соҳасида қуйидаги халқаро брендлар фаолият юритиб келяпти: Hilton -2та меҳмонхона, Wyndham - 2 та меҳмонхона, Radisson, Lotte, Marriot, ATECA Hotels.
«Ўзбекистон биз учун ривожланишнинг асосий векторларидан бири бўлгани учун бу тадбирга ташриф буюрдик. Мамлакат кенг кўламда ривожланаётганини ва меҳмонхоналарга бўлган талаб ошиб бораётганини кўриб турибмиз. Биз аллақачон Ўзбекистонда учта янги лойиҳа очиш бўйича шартнома имзолаганмиз. «Ўйлайманки, биз йил якунига қадар ушбу мамлакатнинг етакчи брендларидан бирига айланамиз. Мазкур форум давлат томонидан туризм соҳасини қўллаб-қувватлаётгани ва унга катта эътибор қаратилаётганидан далолатдир» — деди Accor New East Europe бош директори Алексис Деларофф.
Рақамларни 2018 йил билан солиштирганда (2018 йилда меҳмонхоналар сони – 5 та, 2022 йил – 9 та), халқаро бренд меҳмонхоналар сони 45 фоизга, хоналар сони эса 38 фоизга ошган (2018 йилда хоналар – 969 та, 2022 йил – 1 576 та) ).
2023 йилга келиб, Тошкент меҳмонхона бозоридан юқори ва ўрта нарх сегментларидан – Holiday Inn, Intercontinental , Curio Collection by Hiltonда фаолият юритувчи яна камида учта оператор ўрин олиши режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон меҳмонхоналар ассоциацияси Ўзбекистонда жойлаштириш воситаларини ягона давлат стандартлари ва тавсифларини балли баҳолаш тизимини йўлга қўйиш бўйича катта ишларни амалга оширяпти, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.