Тақдимот маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, филология фанлари доктори Узоқ Жўрақулов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Эшқобил Шукур, филология фанлари доктори Мақсуд Асадов, тиббиёт фанлари доктори, профессор, шоир, адиб Жуманазар Бекназаров, филология фанлари номзоди, доцент Акромжон Деҳқонов, филология фанлари номзоди, доцент Олим Тошбоев сўзга чиқиб юртимизда буюк мутафаккир Алишер Навоий ижодига бўлган эътибор бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, Президентнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ана шу мақсадга қаратилгани жиҳатидан улкан тарихий аҳамиятга эгалигини эътироф этдилар.

Ушбу монография буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг шахс ва давлат арбоби сифатидаги фазилатлари, бунёдкорлик фаолияти янги талқинлар асосида ёритилган. Унда улуғ бобокалонимизнинг ирфоний ва адабий-эстетик олами билан боғлиқ ўзига хос илмий қарашлар илгари сурилган. Буюк бешлик – «Хамса»да ижодкор бадиий концепцияси, она оразининг поэтик талқини юзасидан илмий-назарий фикрлар билдирилган. Алишер Навоий ижодиётининг миллат адабий-эстетик тафаккури такомилга кўрсатган таъсири масалалари тадқиқ қилинган.

“Маоний аҳлининг соҳибқирони” асари 2021 йилда ўтказилган “Йилнинг энг яхши асари” танловида адабий танқид йўналиши бўйича мукофотга лойиқ, деб топилган эди.

Навоийни англаш, мутахассислигидан қатъий назар, барча учун сув ва ҳаводек зарурлиги боис, улуғ шоир асарларини фақат филология йўналишлари эмас, барча соҳаларда ўқитилиши кераклиги илгари сурилган.

Тадбирда сўнгида муаллиф Нурбой Жабборов сўзга чиқиб, монографиянинг ёзилиши жараёнлари, унда кўтарилган масалалар, ўрганилган жиҳатлар ҳақида гапириб берди ҳамда тадбир иштирокчилари ва ташкилотчиларига миннатдорлик билдирди.