Жумладан, «Тараққиёт стратегияси» маркази жамоаси томонидан республикадаги ОАВлар, ижтимоий тармоқлар ҳамда марказнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали кўрсатув, интервью, видеоролик ва инфографик маълумотлар намойиш этиб борилмоқда. Шунингдек, Марказ экспертлари томонидан жойларда бевосита вазирлик ва идоралар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувлар ташкил этилиб, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасининг мазмун-моҳияти кенг аҳоли қатламига етказилмоқда.
«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ички ишлар вазирлиги таклифига биноан «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» мавзусида вазирлик тизимида фаолият кўрсатаётган ходимлар учун тақдимот ўтказди.
Э.Туляков ўз чиқишида Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси келгуси беш йилда мамлакат тараққиётини тўлақонли таъминлаб беришга қаратилган еттита йўналиш ва юзга яқин мақсадларни жамлаганлиги, барча мақсадлар бугунги глобаллашув жараёнида Янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида тутган роли ва ўрнини ошириш, халқ фаровонлиги, тинчлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлайдиган эркин жамият ва адолатли давлат қуришга ҳамда мамлакат хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришга қаратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналишида инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш назарда тутилган бўлса, иккинчи йўналишида эса, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, мамлкатнинг иқтисодий тараққиётини таъминлашга қаратилган бир қатор мақсад ва вазифалар учинчи – миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш йўналишида акс эттирилган.
Маълумки, 2017–2021 йилларда амалга оширилган Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий ҳимояни таъминлашга қаратилган барча йўналишлар тўртинчи – ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида қамраб олинган бўлса, бу галги Тараққиёт стратегияси орқали, бугунги глобаллашув жараёнларидан келиб чиққан ҳолда, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш каби икки устувор йўналишга бўлинган ҳолда ўз аксини топмоқда.
Шуниндек, Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишида белгилаб олинган чора-тадбирлар ҳам янги Тараққиёт стратегиясида умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш ҳамда мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш каби устувор йўналишлар сифатида белгиланмоқда.
Жумладан, Фармон лойиҳасининг Иккинчи – Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш йўналишида Ички ишлар вазирлиги тизими ходимлари фаолияти билан боғлиқ бўлган бир қатор муҳим ташаббус ва таклифларни ўзида мужассамлаштирган мақсадлар назарда тутилган.
Хусусан, 16-мақсадда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш орқали жамоат тартибини сақлаш бўйича патруллик хизмати фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шу жумладан замонавий ахборот технологияларини жорий этган ҳолда фуқарони ички ишлар бўлимига текшириш учун олиб бориш тартибини бекор қилиш назарда тутилган.
Шунингдек, йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда ўлим ҳолатларини қисқартириш, жумладан ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш белгиланган.
Яна бир 17-мақсадда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши орқали эса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфаси шакллантирилиб, уларнинг фаолияти халқ манфаатлари, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилишга йўналтириш белгиланмоқда.
Бунда ички ишлар органлари, аввало халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантирилиб, аҳоли билан мақсадли ишлашга йўналтирилади.
Маъруза якунида Марказ раҳбари Элдор Туляков иштирокчилар томонидан билдирилган фикр ва таклифларга ўз муносабатини билдириб ўтди.
«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати