Тадбирни уюшма раиси ўринбосари Ғайрат Мажид олиб борди. Унда Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Султонмурод Олим, адабиётшунослар Ғафур Ҳамроев, Жумали Шабанов, шоиралар Дилдора Мардиева, Муҳайё Мирсаидова, Эркин Воҳидовнинг ўғли Ҳуршид Воҳидов ва бошқалар сўзга чиқди.

– Шоирнинг кинояси шеърларида яхши оҳанг топди, дардларга посанги бўлди, - деди Иброҳим Ғафуров. – Унинг ажиб кинояси гўё зулмат дунёсига ўткир, кўзни қамаштирадиган эшик очади. Кейинги вақтда ёзган шеърлари жуда катта изланишларнинг самарасидир.

Ушбу тўпламни ўқиркансиз, тўғрисўз шоир сифатида кўз олдингизда гавдаланади. Шеърларининг мавзу кўлами ҳам жуда кенг.

– Рустам Мирвоҳид шеърларида жозиба, ўзига хос оҳанграбо бор, - деди Дилдора Мардиева. – Унинг турли мавзуларда ёзган ғазал ва шеърлари ўқувчини мушоҳадага чорлайди. Шоир ижодида мумтоз адабиёт анъаналарига муҳаббат яққол сезилади.

Китобдан “Она ва Ватан меҳри”, “Онанинг кўзи учса”, “Ғойибона”, “Дилим сози”, “Муҳаббат” каби шеърлари ҳамда А.Пушкин, Якуб Колас, Сергей Есенин ижодидан қатор таржималари ўрин олган.

Тақдимотда Ўзбекистон халқ ҳофизи Эркин Рўзиматов, хонандалар Шуҳрат Дарё, Шаҳриёрбек Остонбеков ижросида шоир шеърларига басталанган куй-қўшиқлар тингланди. Ижодкор Николай Ильин Рустам Мирвоҳиднинг “Руҳият фасллари” шеърини (Состояния души) рус тилидаги таржимасини ўқиб берди.

Тадбир сўнггида муаллиф тўпламнинг яратилиш жараёни ҳақида сўзлади, ижодига бўлган эътибор учун миннатдорлик билдирди ва барчага “Сенингдирман” китобини туҳфа этди.