Шу боис, ижро интизомини янада мустаҳкамлаш, бу борада қатъий тартиб ўрнатиш, темир интизомни жойига қўйиш, жойлардаги ҳокимлар ва ҳокимликлар масъул ходимларининг дунёқарашини ўзгартириш асосий вазифа сифатида белгилаб берилган.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, экспорт ҳажми ва географиясини ошириш, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада ижобий натижаларга эришилмоқда.

Наманган вилояти ҳокимлигида ҳам ижро интизомини янада яхшилашга қаратилган тизим яратилган. Шу мақсадда Наманган вилояти, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, республика ташкилотларининг ҳудудий бошқармаларида ижро интизомига риоя этилиши, Ўзбекистон Президенти, Президент Администрaцияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан ҳокимликка юклатилган топшириқлар ижроси қаттиқ назоратга олинган.

Бу ишлар Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2025 йил 25 июлдаги “Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-­тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилмоқда. Ҳафтанинг ҳар жума куни ҳокимнинг ижро интизомига масъул биринчи ўринбосари, ҳафтанинг ҳар душанба куни ҳоким ҳузурида, шунингдек, ҳафтанинг ҳар чоршанба ва шанба кунлари Бош вазир маслаҳатчиси ҳузурида мунтазам танқидий ва таҳлилий муҳокама жараёнида топшириқларнинг ижросини ўз муддатида, тўлиқ ва сифатли таъминлаш юзасидан барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Наманган вилояти ҳокимлигига юклатилган топшириқлар ижросини сифатли таъминлаш юзасидан ҳар ой учун календарь-режа ҳамда “йўл харита”лар ишлаб чиқилиб, ижро учун барча даражадаги ҳокимлар ва масъул ходимларга eтказиш тизими йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида “Ijro.gov.uz” электрон тизими орқали жами 358 та қонунчилик ҳужжати, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 58 та фармони, 140 та қарори, 4 та фармойиши, 69 та баёни, Президент Администрaцияси раҳбарининг 5 та фармойиши ва баёни, 35 та резолюцияси, Вазирлар Маҳкамасининг 47 та қарори келиб тушган. Мазкур ҳужжатлар билан Наманган вилояти ҳокимлигига юклатилган жами 1032 та топшириқ ижроси тўлиқ таъминланди.

Вилоятда ҳар бир қарорнинг амалий натижасига алоҳида эътибор қаратилади. Асосий мезон аҳоли розилиги ва ислоҳотларнинг ҳаётдаги самарасидир.

Раҳбарлардан талаб этилаётган энг муҳим жиҳат — шахсий масъулият ва ташаббускорлик. Бугунги кунда вақтни бой беришга ёки вазифаларни орқага ­суришга ҳеч қандай асос йўқ. Президентимиз ислоҳотлар натижаси, аввало, энг қуйи бўғинда сезилиши кераклигини, агар туман ёки шаҳар даражасида ўзгариш бўлмаса, ҳар қанча уринмайлик, у кутилган самарани бермаслигини алоҳида таъкидлайди.

Бу фикр ҳар бир раҳбар учун дастурул­амал бўлиб хизмат қилиши лозим. Чунки халқ давлат сиёсатининг самарасини айнан туманида, маҳалласида ва ўз ҳаётида ҳис қилиши керак.

Президентимиз жорий йил 23 июнь куни Наманган вилоятига ташриф буюриб, вилоятда амалга оширилаётган ­бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари, шунингдек, йирик инвестиция лойиҳалари билан танишганди.

Ташриф давомида 175 миллион доллар ҳисобига Наманган халқаро аэропортида қурилаётган янги йўловчи терминали билан танишди. Бу ерда майдони 22,6 минг квадрат метр бўлган уч қаватли терминал барпо этилиб, соатига 1,2 минг, йилига

3 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади, 550 та янги иш ўрни ташкил этилади, кунлик қуввати 50 тонна бўлган карго терминали ишга туширилади.

Тўрақўрғон туманидаги 10 гектар майдонда ташкил этилаётган, қиймати 35 миллион долларлик Наманган қўйчилик кластери фаолияти билан ҳам танишди. Кластерда дастлаб 15 минг бош наслдор қўй боқилиб, кейинчалик 35 минг бошга етказилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Тўрақўрғон туманидаги 121 гектар майдонда ташкил этилган “Уйчи парранда” корхонасида бўлди. Бу ерда 50 миллион доллар инвестиция ҳисобига 60 минг бош наслли товуқ парваришланмоқда, кунига 60 минг дона тухум олиш ва 50 минг бош жўжа очириш имконияти яратилган.

Паррандачилик комплексларида ҳар бир циклда 120 тонна гўшт ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳани кенгайтириш натижасида вилоятдаги паррандалар сони 12 миллионга етказилиб, мингта янги иш ўрни яратилади.

Ташриф доирасида Янги Наманган шаҳарчасидаги 1,7 гектар майдонда хитойлик ҳамкорлар билан 17 қаватли АT мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилди.

Мажмуада таълим, экспорт, коворкинг, стартап акселератори ва офис хизматлари жойлаштирилиб, 2 минг ёш юқори даромадли иш билан таъминланиб, АT хизматлар ҳажми 500 миллиард сўмга, экспорт ҳажми эса 30 миллион долларга етказилади.

Шундан сўнг Наманганнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда вилоят саноат ҳажми 4,6 триллион сўмдан 40 триллион сўмга етгани қайд этилди.

Жорий йилда ялпи ҳудудий маҳсулотни 9,2 фоиз, саноатни 9 фоиз, хизматларни 17 фоиз ва қишлоқ хўжалигини 6,8 фоиз ошириш вазифаси белгилаб берилди.

Шунингдек, вилоятга 4,5 триллион сўм бюджет маблағи ажратилган, кичик ва ўрта бизнес учун 6,5 триллион сўм ресурс йўналтирилмоқда. Йил якунига қадар 80 минг аҳолини иш билан таъминлаш, 314 минг фуқаронинг даромадини ошириш ва 21 минг оилани камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган. Жорий йилда Наманганга 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва экспортни 1,2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

223 та объектда 430,7 миллиард сўм эвазига 800,2 километр ички йўлни таъмирлаш белгиланган, бугунги кунга қадар 406,2 километр йўлда таъмирлаш ишлари бажарилди.

Айниқса, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури доирасидаги кенг қамровли саъй-ҳаракатлар маҳаллаларнинг ташқи қиёфаси ва инфратузилмасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда.

Жорий йилда 8210 та хонадонли 139 та кўп квартирали уй қурилиши режалаштирилган, айни пайтга қадар 1698 та хонадонли 28 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилди.

Вилоятда умумий майдони қарийб 805 гектар бўлган 73 та кичик саноат зонаси фаолият юритмоқда. Шунингдек, майдони 127 гектарни ташкил этувчи 18 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил қилинган. Улардаги 1294 та инвестиция лойиҳасига умумий ҳисобда 7,4 триллион сўмдан зиёд сармоя жалб этилгани ҳудуд иқтисодиётига ишончнинг ёрқин ифодасидир.

Наманганда қишлоқ хўжалигини модернизaциялаш, eр ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу соҳадаги ислоҳотлар маҳсулот ҳажмини ошириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

2026 йил якунларига кўра, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда хизматларининг умумий ҳажмини 44,8 триллион сўмга eтказиш режалаштирилган.

Пахтачилик ва ғаллачиликда юқори натижалар қайд этилмоқда. Ўтган мавсумда 224 минг тоннадан ортиқ пахта хомашёси, 560 минг тоннадан зиёд дон eтиштирилди. Бу йил ҳам 645,5 минг тоннадан зиёд дон ҳосили олиш кўзда тутилган.

Мактабгача таълим тизими изчил ривожланмоқда. Бугун вилоятда қарийб

4 мингта давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Уларда 225 мингдан ортиқ бола тарбияланмоқда.

Таълим соҳасида вилоятимиз ёшлари республика ва халқаро олимпиадаларда юқори натижаларга эришмоқда. Мисол учун, Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилган “Буюк Шарқ Ренессанси” халқаро олимпиадасида Косонсой туманидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 9-синф ўқувчиси Мадина Каримжонова олтин медални қўлга киритди.

Дунёнинг 40 дан зиёд давлатидан 900 га яқин ўқувчи ёш қатнашган Осиё — Тинч океани минтақаси халқаро информатика олимпиадасида ўзбекистонлик 4 нафар ёш дастурчи юқори натижаларни қайд этди. Хусусан, Наманган шаҳридаги президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Улуғбек Раҳматуллаев муносиб иштироки билан бронза медалга сазовор бўлди.

Жорий йилда 1,2 миллион киши ­оммавий спорт ҳаракатига жалб этилгани соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасидаги ишлар самарасини намоён этмоқда. Йил бошидан буён ўтказилган республика мусобақаларида спортчиларимиз 666 та медални қўлга киритди. Шунингдек, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда 69 та медалга эга бўлди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айни даврда вилоятда 826 та тиббиёт муассасаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги туфайли тиббий хизматлар қамрови ва сифати сезиларли даражада ошди. Кардиология, травматология, онкология, нейрохирургия ва офтальмология соҳаларида замонавий технологиялар жорий этилди.

Жумладан, Республика ихтисос­лаш­тирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали ­Австриянинг “AME international” халқаро ташкилоти билан тузилган шартномага асосан, умумий қиймати 8,9 миллион eвро бўлган хорижий инвестиция ҳисобига 65 турдаги 343 дона замонавий тиббий жиҳоз билан таъминланди.

Туризм вилоят иқтисодиётининг янги ўсиш нуқтасидир. Бугунги кунда туризм нафақат маданий-маърифий соҳанинг бир қисми, балки иқтисодиётнинг энг тез ривожланаётган тармоқларидан бирига айланмоқда. 2025 йилда вилоятга 1 миллион 523 мингдан зиёд хорижий ва 5 миллион 339 минг маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди. Бу кўрсаткич белгиланган режадан анча юқори бўлиб, Наманганнинг туризм харитасидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.

Меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар сони ортиши сайёҳларга янада қулай шарт-шароитлар яратмоқда. Айниқса, Косонсой, Поп, Чуст, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида ташкил этилган капсула уйлар, ўтовлар, кемпинглар ва модулли меҳмонхоналар экологик ва тоғ туризми жозибадорлигини оширди. Бу ҳудудлар бугунги кунда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун энг қизиқарли манзиллардан бирига айланмоқда.

Президентимизнинг гуллар фестивали ҳақида гапириб, “...бу байрам наманганликлар ҳаётига сингиб, яхши анъанага ­айланиб қолгани бежиз эмас. Нега деганда, гулу райҳонни, гўзалликни яхши кўрадиган ва шундай ободликни ўз қўли билан яратадиган одамларнинг қалби ҳам гўзал бўлади”, деган сўзлари бутун Наманган аҳли учун юксак эътироф ва катта ишонч намунаси бўлди. Энди халқаро гуллар фес­тивали Наманганнинг ташриф қоғозига айланди.

Бу фестиваль 2018 йилдан бошлаб халқаро мақомга эга бўлди ва бугун дунёнинг турли мамлакатларидан меҳмонларни ўзига жалб этаётган йирик халқаро тадбир сифатида тантанали равишда ўтказиб келинмоқда. 

Жорий йилги 65-халқаро гуллар фес­тивали очилиш маросимининг ўзида 513 минг маҳаллий ва 6385 хорижий меҳмон иштирок этгани тадбирнинг халқаро нуфузи ва ислоҳотларнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда.

Фестиваль доирасида эришилган муҳим натижалардан бири сифатида Guinness World Records ташкилоти расмий вакили Шейда Субаси хоним томонидан эълон қилинган эътирофни алоҳида таъкидлаш зарур.

Шейда Субаси хоним Гиннесс китоби томонидан белгиланган минимал талаб 1 миллион туп гулдан иборат бўлганини, Наманган вилояти эса бир ой мобайнида бир ҳудудда 29 миллион 406 минг 384 туп гул экилиб, ушбу кўрсаткични бир неча ўн баробар ортда қолдирганини катта ҳайрат ва ҳурмат билан қайд этди. Натижада вилоятимиз “Бир ой давомида жамоа томонидан экилган энг кўп гуллар” номинa­цияси бўйича ғолиб топилди.

Бу йилги гуллар фестивалини мутлақо янгича ёндашув асосида ташкил этдик. Илк бор вилоятимиздаги барча 754 та маҳалла фестивалнинг бевосита иштирокчисига айланди.

Фестиваль доирасида халқаро ва респуб­лика миқёсидаги 150 дан ортиқ тадбир ўтказилди. Хусусан, анъанавий гуллар фестивали, OFF ROAD, motocross, лаванда сайли, ҳунармандлар ярмаркаси ва бошқа кўплаб тадбирлар минглаб томошабинларни жалб этди.

Наманганда ҳунармандликнинг кўп­лаб йўналишлари тараққий этган. Хусусан, ёғочдан халқ ҳунармандлиги маҳсулотлари тайёрлаш билан 577 нафар, металлдан буюмлар ясаш билан 462 нафар, тикувчилик ва гул босилган газламалар ишлаб чиқариш билан 336 нафар уста шуғулланмоқда. Миллий либослар, пойабзаллар ва муаллифлик мебеллари тайёрлаш бўйича ҳам ўзига хос мактаб шаклланган.

Ҳунармандларимизнинг халқаро майдондаги муваффақияти эътиборга лойиқ. Қўқон шаҳрида ўтказилган Халқаро ҳунармандлик фестивалида каштачи уста Ҳаким Тожибоев ғолибликни қўлга киритиб, 5 минг доллар миқдоридаги мукофот билан тақдирланди.

Саноатни ривожлантириш мақсадида 73 та кичик саноат зонаси ва 2 та эркин иқтисодий зона ташкил этилди. Бу ҳудудларда инвесторлар учун қулай шароитлар яратиб, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Вилоят иқтисодиёти жадал суръатларда ўсмоқда. Агар 2017 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 18,6 триллион сўм бўлган бўлса, бугунги кунда 85,4 триллион сўмга eтди. Бу эса иқтисодий салоҳиятимиз 4,5 баробар ошганини англатади.

Ҳудудий инвестиция дастури доирасида 813 та янги лойиҳани амалга ошириш орқали қарийб 38 мингта янги иш ўрни яратилади.

Жорий йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 100,9 триллион сўмга eтказиш, бюджетга 4,8 триллион сўм жалб қилиш, 80 минг кишини доимий иш билан таъминлаш ва аҳоли даромадларини оширишни режалаштирганмиз.

2026 йил 13 март куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган махсус видео­селектор йиғилишида ижро интизоми ва мурожаатлар билан ишлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

“Ижро интизомини кучайтириш — қатъий талаб” тамойили асосида фармон ва қарорлар, шунинг­дек, жойларда берилаётган топшириқлар ижроси устидан назорат тизими тубдан қайта кўриб чиқилиши таъкидланди.

Ижро интизомининг бош мезони оддий фуқаронинг давлат идорасидан ва қабул қилинган қонунлардан розилигидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, интизом бор жойда барака бўлади, натижа бўлади. Ижро интизоми шунчаки хизмат вазифаси эмас, балки халқ ва Президент олдидаги фарзандлик ва виждон ишидир.

Президентимиз 2026 йил 24 апрель куни ўтказилган йиғилишда йилнинг дастлабки уч ойидаги иқтисодий кўрсаткичлар сарҳисоб қилиниб, глобал геосиёсий ва иқтисодий тебранишлар шароитида Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлаш чоралари белгилаб берилди.

Камбағалликни қисқартириш ва банд­лик соҳасида “Сайхунобод”, “Уйчи” ва “Зарбдор” тажрибалари асосида хонадонбай ишлаш, аҳолининг томорқадан даромад олишини йўлга қўйиш ҳамда ўзини ўзи банд қилган фуқароларни расмий секторга ўтказиш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича 1-чоракдаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди ва йил якунигача бажарилиши шарт бўлган мақсадли кўрсаткичларни ўзимизга белгилаб олдик.

Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 1 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида барча шаҳар ва туманларда, маҳаллаларда байрамга пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

Наманган вилоятида ҳам мустақиллигимизнинг 35 йиллиги байрам тадбирлари “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида муносиб нишонланади.

Вилоятимиздаги 14 та шаҳар ва туман маркази, 754 та маҳалла байрам билан қамраб олинади. Мустақиллик байрами тадбирлари ғоявий-бадиий концепциясининг маъно-мазмуни ва йўналишлари асосида тегишли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Фаолиятимиздан чиқарган асосий хулосамиз шу бўлдики, ижро интизоми янги Ўзбекистондаги кенг қамровли ислоҳотлар талаби, бугунги ўзгаришлар асосидир.

Шу боис, вилоятимизда ҳар бир соҳага оид топшириқлар ижросини таъминлашда барча даражадаги раҳбар ва мутахассисларни доимий равишда билим ва кўникмаларини ошириб бориш, тартиб-интизомга қатъий риоя этган ҳолда шахсий масъулия­тини юксалтириш устувор вазифа ҳисоб­ланади.

Шавкат АБДУРАЗЗОҚОВ,

Наманган вилояти ҳокими