Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга навбатдаги Мурожаатномасида истеъдодли ўғил-қизларимиз таълим, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган катта ютуқлари билан янги Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидлангани таълим соҳасига ишонч ва масъулиятни белгилаб берди.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари ижро интизоми масаласига алоҳида тўхталиб, таълим, спорт ва касб-ҳунар соҳасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар янги босқичга кўтарилаётгани, бундай шароитда давлат бошқарувида натижадорлик ва масъулиятни кучайтириш устувор вазифа эканини таъкидлади.
Бугунги кунда таълим сифатини ошириш ва бу орқали ёшларимизни билимли, эртанги кунга масъул ва дахлдор инсонлар қилиб камолга етказиш энг устувор вазифалардан. Шу маънода, соҳага доир қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муҳим вазифаларни амалга оширишда барча бўғиндаги раҳбарлардан катта масъулият ва жавобгарлик талаб этилади.
Бу ислоҳотларнинг асосий мақсади ёшларни замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлаш, жисмоний ва маънавий баркамоллигини мустаҳкамлаш ҳамда рақобатбардош кадрлар захирасини шакллантиришдан иборат.
2026 йилда юртимизда илк бор мактаб ўқувчилари ўртасида нуфузли халқаро кимё ва информатика, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар талабалари ўртасида муҳандислик йўналишларида халқаро олимпиадалар ўтказилади. Ушбу мусобақалар мамлакатимизнинг илм-фан соҳасидаги салоҳиятини дунё миқёсида намоён этиш, ёшларимизни интеллектуал рақобатга тайёрлаш ва жаҳон миқёсидаги инновацион жараёнларга жалб этишга хизмат қилади.
Бу каби тадбирлар ёшларнинг пухта билим олишга қизиқишини ошириб, уларни ўз йўналишида етакчи мутахассислар даражасига етаклашга имкон яратади, ватанимизни илм-фан ривожланган мамлакатга айлантириш, обрў-эътиборини юксалтиришга замин яратади.
Юртимиздаги барча ислоҳотлар, жумладан, таълим, спорт ва касб-ҳунар тизимидаги янгиланишлар, Мурожаатномада белгиланган вазифалар ёшларнинг келажагини барқарор таъминлашга қаратилган. Биз биргаликда келажак авлодни янада билимли, ҳар томонлама соғлом ва ижтимоий фаол қилиб тарбиялашга интиламиз. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир мактаб ва ҳар бир оила бу жараёнда фаол иштирок этиши зарур.
2026 йил 5 февралда Ўзбекистон Президентининг “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра:
— бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритилади;
— мактабгача таълим тизимида ўйинга асосланган таълим жорий этилади;
— мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат берилади.
Умуман, мамлакатимизда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, унинг сифат ва самарадорлигини ошириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Давлат дастурлари, концепциялар ва қарорлар орқали белгилаб берилаётган вазифаларнинг ҳаётга тўлиқ ва ўз вақтида татбиқ этилиши эса, аввало, ижро интизомига боғлиқ. Чунки энг пухта режа ва энг тўғри қарор ҳам ижро механизми суст бўлса, кутилган натижани бермайди.
Ижро интизоми бу — белгиланган вазифаларни аниқ муддатда, сифатли ва масъулият билан бажариш тизимидир. Таълим тизимида у раҳбарлардан тортиб, педагоглар, мутахассислар ва масъул ходимларгача бўлган барча бўғинларда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, таълим ислоҳотлари кўп босқичли, узвий ва комплекс жараён бўлгани учун ижро интизоми бу жараённинг “ҳаракатлантирувчи кучи” саналади.
Сўнгги йилларда мактабгача таълимдан бошлаб олий таълимгача бўлган барча бўғинларда янгиланишлар кечмоқда. Ўқув дастурлари модернизация қилинмоқда, педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими такомиллаштирилмоқда, рақамли технологиялар кенг жорий этилмоқда. Ушбу вазифаларнинг барчаси ҳужжатларда аниқ белгиланган бўлса-да, уларнинг жойларда қай даражада бажарилаётгани ижро интизомига боғлиқ.
Бир сўз билан айтганда, ислоҳотларнинг самарадорлигига эришиш учун соат механизмидек аниқ ишловчи ижро тизими яратилди ҳамда бу жараён айни пайтда ўз самарасини бермоқда.
Амалиёт кўрсатадики, айрим пайтларда топшириқларга юзаки ёндашиш, масъулиятни бошқа бўғинга юклаш, ҳисобот учун ишлаш ҳолатлари учраб туради. Бу эса ислоҳотлар самарадорлигини пасайтиради. Шунинг учун ижро интизомини мустаҳкамлаш, масъулият ва жавобгарликни кучайтириш бугунги кун талаби ҳисобланади.
Таълим муассасаларида раҳбар кадрларнинг ўрни бу борада алоҳида аҳамиятга эга. Раҳбарнинг шахсий масъулияти, талабчанлиги ва намунаси жамоада ижро маданиятини шакллантиради. Агар раҳбар топшириқларнинг бажарилишини мунтазам назорат қилса, муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, ечимини топишга интилса, ижро интизоми табиий равишда мустаҳкамланади.
Шунингдек, педагогларнинг ижро интизомига муносабати ҳам таълим сифати билан чамбарчас боғлиқ. Дарсларга пухта тайёргарлик кўриш, ўқув режа ва дастурларни тўлиқ бажариш, янги метод ва технологияларни амалиётга жорий этиш — буларнинг барчаси ижро интизомининг амалий кўринишларидир. Масъулиятли ва интизомли педагог сифатли таълим кафолатидир.
Бугунги рақамлаштириш жараёнлари ижро интизомини кучайтириш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Электрон назорат тизимлари, онлайн ҳисоботлар ва мониторинг механизмлари вазифаларнинг бажарилишини шаффоф ва тезкор кузатиш имконини бермоқда. Бу эса ортиқча қоғозбозликни камайтириб, реал натижага йўналтирилган фаолиятни таъминлайди.
Шу маънода айтганда, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотлар самараси, биринчи навбатда, давлат органлари ва ташкилотларнинг барча бўғинларида ижро интизомининг зарур даражада ташкил этилишига боғлиқдир.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида ижро интизомини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президентимизнинг фармон, қарор ва фармойишлари, Президент Администрацияси раҳбари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари ижросини белгиланган муддатларда сифатли бажаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2026 йил давомида “Ijro.gov.uz” тизими орқали Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Ўзбекистон Республикаси қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони, қарори, фармойишларида 1786 та ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларида 257 та топшириқ ва вазифа белгиланган.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, вазирликка 2023 йилда 166 та қонунчилик ҳужжатида белгиланган 1725 та, 2024 йилда 185 та қонунчилик ҳужжатида белгиланган 1047 та топшириқ келиб тушган. Вазирлик томонидан 2025 йилда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган 1483 та топшириқнинг ижроси таъминланган. Шу билан бирга, 2026 йилда 1786 та топшириқни сифатли ва ўз вақтида таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Бу борада Президентимизнинг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 25 июлдаги “Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари давлат идоралари ва ташкилотларининг ижро тизимида қатъий интизом ўрнатишга ҳуқуқий замин яратди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори давлат органлари ва ташкилотларининг ижро интизомига масъул бўлинмаларининг ижро интизомини мустаҳкамлашдаги роли ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини назорат қилишнинг янги механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳукумат қарорлари ижросини назорат қилишнинг янги тартиби жорий этилди. Шу асосда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни пухта ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг таъсирчан амалиётини шакллантириш, уларни аниқ ижрочилар, кенг жамоатчилик ҳамда аҳолига тезкор етказиш юзасидан ягона тизимнинг жорий этилгани ислоҳотлар самарасида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини самарали таъминлаш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича қатор ишлар қилинмоқда. Ушбу масъулиятли ва муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вазирликда ҳар ҳафта якуни бўйича ижро муддати яқинлашаётган ҳужжатлар таҳлил қилиниб, зарур ҳолларда тегишли мутахассисларни жалб этиш орқали топшириқ ва вазифаларни белгиланган муддатидан аввал бажариш чоралари кўрилмоқда.
Вазирлик тизимида ижро интизомини мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Ижро интизоми қабул қилинган қарорлар, фармойишлар ва топшириқларни белгиланган муддатларда, сифатли ва тўлиқ бажаришни таъминлашга қаратилган тизимли фаолиятдир. Вазирликнинг марказий аппарати томонидан ҳужжатлар ижроси бўйича аниқ вазифалар, муддатлар ва масъул ижрочилар белгиланади ҳамда уларнинг бажарилиши устидан доимий назорат олиб борилади. Ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан топшириқларни жойларда ўз вақтида ва самарали ижро этиш, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш ҳамда ҳисоботларни тақдим этиш таъминланади.
Президентимизнинг 2025 йил 25 июлдаги фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомига масъул таркибий бўлинмаларни алоҳида мустақил тузилма сифатида шакллантириш ҳамда уларни бевосита биринчи раҳбарга бўйсундириш белгиланган. Бу норма давлат бошқаруви тизимида ижро самарадорлигини ошириш, раҳбарларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш ва қабул қилинаётган қарор ҳамда топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлашга қаратилган бўлиб, вазирлик тизимида мазкур талаблар ижросини таъминлаш мақсадида ижро интизомига масъул таркибий бўлинма алоҳида мустақил тузилма сифатида ташкил этилди ва у бевосита биринчи раҳбарга бўйсундирилди. Бу орқали ижро жараёни устидан доимий ва тизимли назорат ўрнатилди, топшириқлар бажарилиши юзасидан тезкор ахборот алмашинуви механизми йўлга қўйилди.
Бевосита биринчи раҳбарга бўйсундириш механизми ижро интизомига нисбатан талабчанликни янада оширди. Топшириқларнинг бажарилиши юзасидан ахборотлар тўғридан тўғри раҳбариятга киритилиши натижасида муаммолар ўз вақтида аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда. Ҳар бир таркибий бўлинма ва масъул ходим фаолияти натижа асосида таҳлил қилиниб, ижро ҳолати бўйича тизимли мониторинг олиб борилмоқда. Бу эса вазирлик тизими фаолиятида интизом, масъулият ва натижадорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, вазирлик тизими бўйича катта натижаларга эришилмоқда.
I. Мактабгача таълим тизимида:
1. Янги турдаги мактабгача таълим ташкилотларининг тизимга кириб келиши натижасида давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 38 мингтага етиб, қарийб 8 баробар ошди (2017 йилда 5200 тани ташкил этган).
Замонавий лойиҳалар асосида янгидан 594 та боғча ташкил этилди, мавжуд 3,1 мингтаси реконструкция қилиниб, 588 мингта янги қувват яратилди.
“Илк қадам” дастури қабул қилиниши ва янги ўринлар яратилиши натижасида 3-7 ёшли болаларнинг қамров даражаси 78 фоизга (2017 йилда 27 фоизни ташкил этган), 6 ёшлиларнинг қамрови 98 фоизга етказилди.
2. 2022 йилда Тошкент шаҳрида ЮНEСКОнинг эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича жаҳон конференцияси ўтказилиб, кейинги 10 йилда мактабгача таълим соҳасидаги устувор йўналишларни аниқлаб берувчи Тошкент декларацияси қабул қилинди.
II. Мактаб таълими тизимида:
1. 14 та Президент, 9 та ижод, 2 та спорт ва 203 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди.
2. Педагог-ходимлар томонидан юритиладиган ҳужжатлар камайтирилди. Хусусан, ўқитувчиларнинг ҳисоботлари 1 та (илгари 7 та), директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳужжатлари 2 та (илгари 10 та), маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳужжатлари 7 та (илгари 18 та), синф раҳбарлари ҳужжатлари 4 та (илгари 10 та) этиб белгиланди.
3. Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш ўртача балл кўрсаткичи охирги беш йилда 69,8 баллдан 80,9 баллга ошди.
4. Халқаро фан олимпиадаларида 596 та (80 та олтин, 204 та кумуш, 312 та бронза) медаль қўлга киритилди (2010-2016 йилларда 71 та). Бу ўтган даврдагига нисбатан деярли 8 баробар кўп дегани.
5. Оролбўйи ҳудудида ўқувчилар бепул овқатланиши тизими жорий қилинди. Натижада Қорақалпоғистон Республикаси (734 та мактаб) ва Хоразм вилоятидаги (545 та мактаб) бошланғич синф ўқувчиларининг бепул овқатланиши йўлга қўйилди.
6. Охирги саккиз йил давомида 5516 та (280 та янги қурилиш, 2871 та реконструкция ва 2365 та мукаммал таъмирлаш) мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди (2010-2016 йилларда 2225 та мактаб). Натижада 761 минг янги ўқувчи ўрни яратилди.
Бир сўз билан айтганда, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларининг ижро ҳолати ҳар ҳафта жума куни вазирнинг биринчи ўринбосари ҳузурида, ҳар ҳафта душанба куни вазир ҳузурида, ҳар ойда вазирлик ҳайъати мажлисларида доимий танқидий муҳокама қилиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизими — барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлишини таъкидладики, бу жорий йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги олдида улкан марралар турганини англатади. Биз ушбу қўйилган маррага эришиш учун бор куч-ғайратимиз ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз.
Эъзозхон КАРИМОВА,
мактабгача ва мактаб
таълими вазири