Қарорга кўра, катта тил моделлари технологиясидан фойдаланувчи лойиҳалар учун дастурий интерфейс орқали бепул равишда 6 ойгача муддатда, бир календарь ой давомида 10 миллион токен ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлашга рухсат берилади.
Бир ойда 10 миллион токендан ортиқ фойдаланилса, қўшимча 50 миллион токенгача бўлган ҳажм учун тўловлар тарифларга мувофиқ белгиланади. Бунда тариф бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма тақдим этилади, фойдаланилмаган токенлар кейинги ойларга ўтказилмайди.
Катта тил моделлари ҳисобланмайдиган сунъий интеллект моделларини ўргатиш, синовдан ўтказиш, валидация қилиш, баҳолаш ва инференс мақсадларида 6 ойгача бўлган муддатга жами 120 гигабайтдан кўп бўлмаган видеохотира ҳажми фойдаланувчи аризасига мувофиқ ажратилади.
Имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқи учун лойиҳалар танлов орқали саралаб олинади. Танлов бир йилда икки маротаба (июль ва ноябрь ойларида) ўтказилади, аризалар 100 балли тизим бўйича баҳоланади.
Танлов натижаларидан норози иштирокчилар натижалар эълон қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида апелляция комиссиясига электрон шаклда шикоят беришга ҳақли. Шикоят беш иш кунида кўриб чиқилади.
Бир фойдаланувчига бир вақтнинг ўзида биттадан ортиқ лойиҳани амалга оширишга рухсат берилмайди. Фойдаланувчилар олинган маълумотларни низомда белгиланган мақсадлардан ташқари қайта ишлаш, учинчи шахсларга бериш, нусхалаш, тарқатиш ёки тижорат мақсадларида фойдаланишга ҳақли эмас (қонунчилик ҳужжатлари ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).