Бу тизим воситасида кам таъминланган оилаларга нафақалар тайинлашда қатор қулайликлар яратилди. Аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг шаффофлиги ва адолатлилиги таъминланмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 4 августда қабул қилинган “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада ҳуқуқий асос вазифасини ўтаяпти.
Мазкур қарор ижроси дастлаб Тошкент вилоятида синаб кўрилди. 2020 йилнинг 1 декабридан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими воситасида бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш, 14 ёшгача болалари бўлган ва кам таъминланган оилаларига моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашнинг соддалаштирилган механизми ишга туширилди.
Мазкур тизим Сирдарё вилоятида ҳам синаб кўрилди ва ўз самарасини кўрсатди. Айни пайтда уни босқичма-босқич мамлакатимизнинг барча ҳудудида жорий этиш кўзда тутилган.
Шу йилнинг 1 январидан бошлаб кам таъминланган оила мақомини олиш учун фуқародан аввалгидек 12 та идорадан 30 дан зиёд маълумот талаб қилинмайди. Эндиликда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими воситасида эҳтиёжманд оилаларга 30 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматларни осон ва қулай тарзда тақдим этиш йўлга қўйилди.
Бу, албатта, сўнгги даврда давлат томонидан бошқарув тизими ва иқтисодиёт тармоқларига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш рағбатлантирилаётгани самарасидир.
Айниқса, коронавирус пандемияси даврида аҳолига давлат хизматларини масофадан кўрсатиш нақадар муҳимлиги яққол намоён бўлмоқда. Ижтимоий ҳимоя ягона реестри жорий этилиши натижасида давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини олиш жараёнида барча маълумот электрон кўринишда тақдим этиляпти, инчинун, қоғозбозликка барҳам бериляпти. Шунингдек, у давлат хизматлари шаффофлиги ва манзиллилигини таъминлайди, ёрдам олиш жараёнини тезлаштиради.
Бундан ташқари ягона реестр ташкил этилиши натижасида давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдам олиш учун мурожаат қилган фуқаролар тўғрисида яхлит маълумотлар базаси шаклланади. Оилалар эҳтиёжмандлиги даражаси ва белгиланган мезонларга мувофиқлигини реал вақт режимида баҳолаб бориш имконияти яратилади.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимидан фойдаланиш учун 16 ёшга тўлмаган болалар ва биометрик паспорти бўлмаган фуқаролар учун жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини киритиш керак бўлади. Ариза тизим орқали топширилиб, керакли маълумотлар киритилганидан сўнг 9 та вазирлик ва давлат идорасининг маълумотлар базаси билан электрон маълумотлар айирбошлаш жараёни амалга оширилади.
Олинган маълумотлар мурожаат этувчига инсон омилисиз, мустақил равишда белгиланган мезон ва меъёрлар асосида ижтимоий нафақа тайинлайди ёки рад этади. Чиқарилган қарор аризачига СМС орқали маълум қилинади. Бу тизим фуқаролар учун нафақат қулайлиги, балки ижтимоий нафақаларни тайинлаш жараёнида шаффофликни таъминлаш, расмиятчилик ва сансалорликни бартараф этишга хизмат қилади.
Бу тизим ривожланган мамлакатларда анчадан буён амал қилади. Кўп давлатларда муҳтож инсон ва оилаларга пул ёки маҳсулот кўринишидаги ёрдамлар автоматлаштирилган тизим воситасида амалга оширилади. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими ана шундай мамлакатлар тажрибасини ўрганиш асносида вужудга келди. Ушбу тизим аҳолига қулайлик яратиш, улар эҳтиёжи ва талабларини қондиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шохруҳбек НИЯЗБЕКОВ,
Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан
ташқари пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар
Яккасарой туман бўлими бошлиғи