Аксиома гап: инсон доимо мукаммалликка интилади. Ҳар қандай ақлли одам баъзан имкониятлари даражасида, айрим ҳолларда эса ўз куч-қудрати, билим савиясини эътиборга олмаган ҳолда олдига катта ва кичик мақсадлар қўяди, улуғвор режалар тузади. Бундай мақсад ва режалар амалга ошганда – қувонади, бу борада муваффақиятсизликка учраганда эса – қайғуради. Буларнинг сабаби айрим ҳолларда объектив, холис баҳоланади, баъзан эса ўз омадсизлигини бошқаларнинг, жамиятнинг адолатсизлигидан қидиради.
Шу маънода, ҳар бир инсоннинг мақсад-муддаоси муваффақияти кўплаб омилларга боғлиқ. Агар шахс ўз олдига қўйган мақсад ва мўлжаллари бир томондан реал воқелик, ижтимоий муҳитни эътиборга олган тарзда белгиланса, бўлак тарафдан, улар жамият томонидан танланган, умуммиллий ва умумдавлат манфаатларига мос келадиган стратегик мақсадларга мутаносиб бўлса, яна бошқа томондан, бундай индивид ўз олдига қўйган мақсад ва режаларини ўз имконияти, билим савияси, куч-қудратини назарда тутган ҳолда белгиласа, шубҳасиз, у муваффақиятга эришади. Демак, шахсий, жамият ҳамда давлат манфаатларининг ўзаро уйғунлиги ҳар қандай ютуққа эришишимизнинг бош омили ҳисобланади.
Энди асл мақсадга ўтсак. Инсоният тарихининг қайси даврини олиб кўрмайлик, барча босқичларда ҳар бир сиёсий элита, ижтимоий тузум, маънавий-маърифий оқим ўз мақсадларини эълон қилади ва шу асосда фаолият олиб боради. Ана шу фаолият тури ижтимоий мўлжал номи билан ҳам аталади. Бугун, янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида юртимизда содир бўлаётган ислоҳотлар, улар натижасида қўлга киритилаётган янгиликлар асносида ижтимоий мўлжал феномени хусусида айрим фикр-мулоҳазаларни айтишни лозим топдик.
Биринчидан, жамият ва давлат тараққиётининг бугунги босқичида ўз олдимизга кўлами, мазмун-моҳияти, фалсафаси нуқтаи назаридан мутлақо янги вазифаларни қўйдик. Буларнинг бари “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари”, деб номланган феномен ҳодисада жам бўлган. Президентимиз ушбу масала хусусида тўхталиб, “ҳар қандай ҳодиса, тушунча ёки атаманинг ўзига хос шаклланиш жараёни бор. Янги Ўзбекистон феномени ҳам бундан мустасно эмас. Ушбу тушунча мамлакатимизнинг замонавий маънавий қиёфасини шакллантириш, юртимизда демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги ислоҳотларимизнинг таянч ғоясини ифода этади”, дейди.
Демак, бугунги Ўзбекистоннинг ижтимоий мўлжали халқимиз орзу қилган янги Ўзбекистонни барпо этиш, миллий тараққиётнинг янги даврида “Халқ манфаати ҳамма нарсадан улуғ”, деган эзгу ғоянинг тантанасига амалда эришиш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлашдан иборат ижтимоий ҳодисадир. Бундай ижтимоий ҳодиса, шубҳасиз, халқимизни асрлар давомида орзу қилган иқтисодий фаровонлик, ижтимоий-маънавий барқарорлик, сиёсий-мафкуравий етуклик, миллатлараро ҳамжиҳатликка олиб чиқади.
Иккинчидан, биз бугун орзу қилаётган ижтимоий мўлжал барпо этишимиз лозим бўлган, миллий давлатчилигимиз тарихида мутлақо янги ижтимоий-сиёсий ва маънавий-мафкуравий қиёфа билан чамбарчас уйғунлашиб кетгани билан ажралиб туради. Бу ерда гап биз энди қуришимиз керак бўлган янги давлатнинг қиёфаси хусусида кетмоқда. Яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг биринчи моддасида “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” экани алоҳида қайд этилди.
Шу аснода янги таҳрирдаги Бош қонунимизда барпо этишимиз лозим бўлган давлатнинг “Ижтимоий” ва “Дунёвий” мазмун касб этиши ҳам жамият ижтимоий мўлжали билан узвий ҳамоҳанглигидан дарак беради.
Учинчидан, бугун биз танлаган жамият ижтимоий мўлжали фақат сиёсий элитанинг хоҳиш-иродаси билангина белгиланган эмас. Ҳеч шубҳасиз, ижтимоий мўлжалимиз бугунги Ўзбекистон сиёсий раҳбариятининг кучли сиёсий иродаси, чуқур ўйланган, илмий жиҳатдан асосланган, методологик – концептуал жиҳатдан пишиқ назарий хулосалар асосида белгиланган.
Аммо, танланган ижтимоий мўлжалимизнинг ҳаётийлиги, реаллиги яна бошқа бир омил – халқимиз манфаатларига муштараклиги билан ҳам изоҳланади. Сиёсий элита томонидан танланган ижтимоий мўлжал халқ, жамият аъзоларининг манфаатлари, қизиқишлари, эҳтиёжлари билан уйғунлашмас экан, бундай ижтимоий феномен ҳодисанинг ижобий натижасини кутиш амри маҳол.
Айни пайтда ижтимоий мўлжал мазкур жамиятнинг фақат сиёсий-мафкуравий мақсадларидан иборат бўлса ва у халқ манфаатлари, эҳтиёжлари билан уйғун бўлмаса, ушбу феномен ҳодиса ўз ҳаётийлигини йўқотади, келажаги бўлмайди.
Келинг, яхшиси, ушбу фикрларимизнинг исботи учун яқин тарихдан айрим мисолларни ёдга олайлик. 74 йил давом этган совет мустабид тузуми даврида ҳукмрон сиёсий раҳбарият ўз олдига фақат ғоявий-мафкуравий режаларни амалга оширишдан иборат ижтимоий мўлжални сунъий равишда аҳоли онгига сингдиришга ҳаракат қилди. Бундай мўлжал совет давлатининг жаҳондаги “Энг адолатли мамлакат” ҳамда камбағалпарвар давлат экани тўғрисидаги сохта ғоя билан асосланди.
Бошқача айтганда, совет давлати аҳоли манфаатларига мутлақо тўғри келмайдиган ижтимоий мўлжални танлади. Бунинг натижасида расман эълон қилинган ижтимоий мўлжални амалга оширишга тўсиқ бўлаётган жараёнларни даф этиш мақсадида қатағон сиёсати ўйлаб топилди, миллий қадриятларга қарши ҳужум бошланди, асрлар давомида шаклланиб келган буюк давлатчилик тарихимиз бузиб кўрсатилди.
Ўша давр ижтимолий мўлжалини амалга ошириш баҳонасида собиқ совет республикаларида, айниқса, Ўзбекистонда иқтисодиётни бир томонлама ривожлантиришга урғу берилди. Бу эса бугун ҳам ўзининг аччиқ меваларини бераётган пахта яккаҳокимлигини шакллантирди. Совет давлати танлаган ижтимоий мўлжал туфайли камбағалликни улуғлаган ҳолда бой давлат қуришга ҳаракат қилинди. Совет мафкурасига асосланган ўша даврнинг ижтимоий мўлжали мамлакатни жаҳон ҳамжамиятидан ажратиб ташлади, Ўзбекистон эса бошқа мамлакатлар учун ёпиқ жамиятга айланди.
Биз юқорида жамият ижтимоий мўлжалини танлаш осон иш эмаслигини қайд этган эдик. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Миллий мустақиллик арафасида, шунингдек, истиқлолнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон жамияти ҳам ўз ижтимоий мўлжалини танлашга алоҳида эътибор берди. Ўша йилларда турли сиёсий гуруҳлар, олим-зиёлилар, мамлакат ва миллат тақдирига бефарқ бўлмаган барча юртпарварлар Ўзбекистон келажагини белгилаб берадиган ижтимоий мўлжални танлашда фаоллик кўрсатди.
Фикрлар хилма-хиллиги шу даражада ранг-баранг эдики, баъзан бу ҳол кучли сиёсий тортишувлар, бахсларга, ҳиссиётга берилишларгача олиб келди. Айримлар Ўзбекистон ўз ижтимоий мўлжалини танлашда собиқ совет даврида таъқибга учраган, сунъийлаштирилган миллий маданиятни, қатағон қилинган ўзбек тилини, қадрсизланишга маҳкум этилган миллий қадриятларни тиклашга алоҳида эътибор бериш лозимлигини таъкидлади.
Бошқалар эса, ижтимоий мўлжални кўпроқ дунёнинг ривожланган, индустриал жиҳатдан тараққий этган, демократик давлатларга қараб танлаш лозимлигини асослашга уринди. Назаримизда, ҳар икки нуқтаи назарда ҳам рационал мағиз бир эди. Чунки топталган миллий тил, маданият, қадриятларни тикламасдан, бузиб талқин этилган миллий давлатчилик тарихини холисона баён этмасдан миллий тараққиётга эришиш мумкин эмас эди.
Айни пайтда, ижтимоий мўлжални танлашда ўтмишни ҳаддан ташқари илоҳийлаштириб юбориш ҳам миллий тараққиётга ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Шу маънода, жамият ижтимоий мўлжалини ўтмиш тарихи, миллий маданияти, мутафаккирлар илмий-маънавий меросига суянган, улардан руҳий-ахлоқий қувват олган ҳолда, асосий эътиборни келажакка, дунёнинг ривожланган халқлари ва мамлакатлари тўплаган ижобий тажрибага қараб олишни мақсадга мувофиқ, деб биламиз.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимизнинг ўз ижтимоий мўлжалини шакллантиришда кўпроқ ўзимиз учун қондош ва диндош давлатларга эътибор берганимиз бир томондан Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига тўлақонли халқаро субъект сифатида киришига имкон берган бўлса, бошқа тарафдан, бу ҳол дунёдаги ривожланган давлатлар билан алоқаларимиз жадал ривожланишига муайян даражада таъсир этганини ҳам эътироф этиш керак.
Жамият ижтимоий тараққиёти у ёки бу миллат, давлатнинг ўз қобиғида қолиши оқибатида қай аҳволга тушиши мумкинлиги яқин тарихдан ҳам маълум. Бунда айниқса, концептуал хатоларга йўл қўйиш тўғри келмайди. Дунёнинг ривожланган давлатлари томонидан танланган ижтимоий мўлжалларни ўрганиш, уларнинг барча учун муҳим бўлган энг мақбул йўлларини эътироф этиш, ижодий ўзлаштириш, бошқаларни асосли-асоссиз танқид қилиш, тараққиётнинг фақат ўзимиз учун танлаган йўлини илоҳийлаштириш кабилар, шубҳасиз, умуммиллий юксалишга зиён келтиради. Буларнинг бари бизга узоқ ва яқин тарихдан сабоқ бўлиши керак.
Хайриятки, барчаси биз учун тарих бўлиб қолди. Бугун мамлакатимиз “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари” деган улуғвор ғоя асосида ўз ижтимоий мўлжалини танлаб олди. Бу мўлжал, шубҳасиз, барчамизни тараққиётнинг янги босқичларига олиб чиқади, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди, умуммиллий тараққиётга замин яратади. Бугунги Ўзбекистон ижтимоий мўлжалида дунё халқлари, мамлакатларига қарашларимиз, муносабатимиз миллий манфаатларни кўзлаган ҳолда, ўзаро манфаатли сиёсатни олиб боришга йўналтирилган. Бизнинг бу сиёсатимиз жаҳондаги барча илғор давлатлар сиёсатига мутаносиблиги билан ҳам ажралиб туради.
Энди масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратсак. Жамият ижтимоий мўлжали шахс мўлжаллари асосида шаклланади. Бошқача айтганда, ижтимоий тараққиёт жамият ижтимоий мўлжали билан фуқаро мўлжали ўртасидаги мутаносиблик натижасидагина юз бериши мумкин. Масаланинг яна бир муҳим томони шундаки, ижтимоий мўлжал тақдири унинг ўтмишга ёки келажакка қараб белгилангани билан ҳам изоҳланади.
Ижтимоий мўлжал у ёки бу мамлакат раҳбариятининг сиёсий иродаси, олим-у зиёлилар саъй-ҳаракати натижасида тўғри аниқланиши мумкин. Айни пайтда, у яқин ва узоқ тарихимизда бўлгани каби, жамият фуқароларининг мақсад-муддаоларига мос келмаслиги ҳам мумкин.
Фикримизча, асосий омил жамият фуқаролари томонидан танланган ижтимоий мўлжални амалга оширишдаги реал ҳаракатда, эришиладиган натижада, деб ҳисоблаймиз. Бу осон иш эмас. Бунинг учун, назаримизда, жамият аъзоларидан кучли ижтимоий фаоллик, сиёсий ирода талаб этилади. Жамият ижтимоий мўлжали шахс томонидан онгли равишда англанмас, унга эришиш йўлида фидоийлик кўрсатилмас экан, кўзланган мақсадга асло етиш мумкин эмас.
Жамият ижтимоий мўлжали шахснинг сиёсий сергаклиги, жамият ва давлат томонидан юритилаётган сиёсатга қай даражада ёндошувига боғлиқлигини ҳам унутмаслик муҳим. Бу эса фуқароларнинг жамиятда ҳукм сураётган ижтимоий-сиёсий муҳитга, давлат томонидан олиб борилаётган сиёсатга муносабатида намоён бўлади.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бугун янги Ўзбекистон жамиятида фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги сезиларли даражада ўсди. “Инсон – жамият – давлат” тамойилининг амал қилиши, давлат ва жамият ишларида фуқароларнинг фаоллик даражаси ўсиши, турли сиёсий жараёнларда одамларимиз, айниқса, ёшларимизнинг яратувчанликка қаратилган саъй-ҳаракатлари кишиларда сиёсий маданиятнинг кўтарилиб бораётганидан даракдир.
Айни пайтда, ҳали бу борада қатор муаммоларимиз ҳам борлигини унутиш тўғри эмас. Ҳар қандай сиёсат – у амал қилгандагина ўз натижасини кўрсатиши мумкин. Барпо этишимиз лозим бўлган янги жамият, унинг асосий арконлари тўғрисида маълумотга, юртимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларни таҳлил қила олиш кўникмасига эга бўлмасдан жамият ижтимоий мўлжалини тасаввур этиш асло мумкин эмас.
Сиёсат, жамият аъзоларининг сиёсий саводхонлигини ошириш ҳар доим ҳам муҳим аҳамият касб этиб келган. Шарқнинг машҳур алломаларидан бири Ҳусайн Воиз Кошифий бу борада шундай дейди: “Сиёсат икки хил бўлади: бири ўз нафсига нисбатан сиёсат қилиш, иккинчиси ўзга кишига сиёсат қилиш. Ўз нафсига нисбатан бўлган сиёсат шуки, ёмон сифатларни ўзидан йўқотиш ва яхши хулқларни эгаллашдир. Бошқага нисбатан сиёсат эса яна иккига бўлинади. Биринчиси, ўз аъёнлари ва яқинлари сиёсати ва уларни тартибга солиш. Иккинчиси, умумхалқ сиёсати”.
Юқоридаги фикрдан шундай хулоса қилиш мумкинки, бир томондан, ижтимоий мўлжалнинг амалга ошиши муайян давлат томонидан олиб борилаётган сиёсат, мамлакатни адолатли равишда бошқаришга йўналтирилган сиёсатнинг асл мақсадига, бўлак тарафдан, бундай сиёсатнинг умумхалқ манфаатларига мутаносиблик даражасига боғлиқ бўлса, яна бошқа томондан, фуқароларнинг мамлакат ва миллат манфаатлари йўлида бажарадиган саъй-ҳаракати, улар сиёсий иродасига ҳам тегишлидир.
Мамлакат сиёсий раҳбарияти тарафидан тўғри, адолатли ижтимоий мўлжал танланса-ю, у жамият фуқаролари томонидан, биз юқорида таъкидлаганимиз каби, онгли равишда англанмаса, тафаккур этилмаса, бу кўзланган мақсадга олиб келмайди. Бугунги Ўзбекистонда ёшларга кўрсатилаётган эътибор, уларни замонавий билимлар билан қуроллантириш, тараққийпарвар алломаларимиз қайд этгани каби, миллатнинг нажоти илм-фанда эканини англаш, шубҳасиз, биз танлаган ижтимоий мўлжални реал ҳақиқатга айлантиради.
Дарҳақиқат, бугунги мураккаб жаҳоний жараёнларда таълим тизимида туб ислоҳотларни амалга оширмасдан, инсон капитали масаласига муҳим аҳамиятга эга феномен ҳодиса сифатида қарамасдан, бирор-бир сезиларли ютуққа эришиш амри маҳол. “Ривожланган мамлакатларда, – дейди Президентимиз, – таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни, болага 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг тарбиясига сармоя сарфлашга катта аҳамият берилади. Чунки ана шу сармоя жамиятга 15–17 баробар миқдорда фойда келтиради. Бизда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этади. Бинобарин, инсон капиталига эътиборни кучайтиришимиз, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этишимиз шарт”.
Шу ўринда, айрим фуқароларимизда ҳали ҳам инсон капиталига сармоя киритиш борасида эски ақидаларга муккасидан кетиш ҳолатлари мавжудлигини таъкидлаш лозим. Бир аср аввал жадид бобомиз Абдулла Авлоний ҳам “Ким нимани яхши кўрар?” номли асарида бу ҳақда шундай деган эди: “Эҳтимол, бизнинг халқ илму маърифатни, тарбия ва таълимни, ҳунар ва саноатни яхши кўрар, деб ўйлайдурғондурсиз? Йўқ, бу фикрингиз янглиш. Дўкондорларимиз ишларини тартибга солмай, замонага мувофиқ иш юритмай, Маллахон замонидан қолғон эски дўкон, эски тос, эски тартибларини яхши кўрурлар. Оналаримиз билим ва тарбия ўрнига эрлари ила урушуб-талашуб қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар. Оталаримиз болаларини ўқитмак ва таълим бермак ўрнига “ўғлим, эмди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқуганинг етар, пул топ!”, деб “ташишка” – ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар. Ёшларимиз илм ва маърифатли бўлиш, ҳунар, санъат ўргониш ўрнига ўзларига зеб беруб тор шим ила калта камзул, қотирма ёқаларга бино қўйишни яхши кўрурлар”.
Ушбу сўзлар қанчалар аччиқ бўлганига қарамасдан, таъкидлаш лозимки, айни ҳақиқат. Тўғри, ёшларимизнинг аксарият катта қисми бугун замонавий таълим олиш, илм-фан ютуқларисиз ҳеч қандай тараққиёт бўлиши мумкин эмаслигини яхши англаяпти. Йигит-қизларимизнинг катта кўпчилиги таълим ва илм-фанни ўзлари учун мукаммалликка эришишнинг муқаддас омили сифатида тан олмоқда. Бироқ бугунги ёшлар тарбиясида фақат уларнинг ўзларини айблаш ҳам тўғри эмаслигини тан олишимиз керак.
Дарҳақиқат, бу жараёнда ота-оналарнинг ўрни катта эканини доимо ёдда тутиш керак. Назаримизда, ота-оналарнинг фарзанд тарбияси, камолоти, мутахассис бўлиб шаклланиши йўлидаги энг катта хатоларидан бири уларнинг ижтимоий мўлжал ҳақида мукаммал билим ва кўникмага эга эмасликларидадир. Биз юқорида қайд этганимиз каби, жамият тараққиёти ижтимоий мўлжални ўтмишга қараб эмас, келажакка қараб олишдагина рўй беради. Ижтимоий мўлжал шахснинг кундалик, майда-чуйда ташвишлар билан овора бўлиб қолишини тан олмайди. Қолаверса, ҳаётни фақат маиший муаммоларни ҳал этишдан иборат, деб билган жамият ҳам, унинг аъзолари ҳам асло ижтимоий мўлжални тўғри танлай олмайди.
Ҳар биримиздаги ана шу одатий, фақат маиший муаммоларни ҳал қилишдан иборат бўлган кайфиятни бартараф этишнинг энг тўғри йўли ҳам аслида, биз юқорида таъкидлаганимиз каби, шахснинг сиёсий иродаси, уларнинг жамият томонидан қўйилаётган юксак мўлжалларни англаб етиш кўникмасидир.
Бундай кўникмани шакллантириш эса яна бир муҳим феномен ҳодиса, унинг шахс интеллекти, руҳияти таъсирига боғлиқ. Гап шахс тафаккур тарзига даҳлдорлиги устида кетмоқда. Тафаккур инсоннинг фикрлаши, жамият, табиат ҳодисалари, инсоннинг ўзи ҳақидаги билимларининг реаллигига муайян даражада кафолат берадиган муҳим тушунча. Тафаккур ҳиссий билишдан фарқ қилади.
Тафаккур инсоннинг илмий, ижодий фаолиятидан иборат. У нарса, ҳодисаларнинг энг мураккаб хусусиятларини ўрганиш, ҳодисаларни олдиндан кўриш, башорат қилиш имкониятини вужудга келтиради. Тафаккур сифатлари жуда кўп. Айниқса, фикрнинг аниқлиги, тиниқлиги, ишончлилиги, мантиқлилиги, мустақиллиги, эркинлиги, илмийлиги, ижодийлиги тафаккурнинг энг муҳим қирралари ҳисобланади.
Яна бир нарсага эътибор бериш лозимки, инсон тафаккури ҳеч қандай маъмурий кўрсатмаларга бўйсунмайди. У шахсга мажбурий йўллар билан сингдириладиган сиёсий-мафкуравий кўрсатма ва зуғумларни тан олмайди. Чунки тафаккур эркин, озод ижтимоий-маънавий ҳодиса. Шунинг учун ҳам тарихда халқ ва давлат манфаатлари нуқтаи назаридан фикр қилган, ўз фаолиятида эркин фикр юрита олган, ўз ижодий-илмий фаолияти билан эл-юртга катта наф келтирган кишилар мутафаккирлар, деб аталган. Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даври алломалари, жадид арбобларини мутафаккир, деб бежиз атамаймиз.
Юқоридагилардан шундай хулоса қилиш мумкинки, ягона тўғри ижтимоий мўлжални танлашда шахснинг тафаккур тарзи алоҳида аҳамиятга эга. Шарқ мутафаккирлари инсоният тарихида ҳиссий билим билан биргаликда ақл масаласига ҳам алоҳида диққат қаратган. Ҳақиқатдан ҳам, ақл билан тафаккур бир-бирини доимо тўлдириб турувчи зарур ҳодисалардир.
Шу ўринда фикрларимизнинг исботи учун Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги фикрларидан қимматлироқ иқтибос топа олмадик: “Инсон зоти ақли билан бошқа жонзотлардан устун туради. Инсон ўзига берилган ақл воситасида инсон етиши мумкин бўлган энг юқори мартабаларга эришади. Аммо ақл ўз-ўзидан ишлаб кетавермайди. Ақлни ҳаракатга солувчи куч тафаккурдир. Бошқача айтганда, инсонни ҳаракатга солувчи куч ақли эмас, балки тафаккури ила эришган идрокидир. Тафаккур бўлмаса, ақлнинг ўзи ҳидоятга йўллай олмайди”.
Демак, жамият томонидан танланган ижтимоий мўлжалга эришишнинг энг муҳим шартлари шахс ижтимоий фаоллиги, унинг мамлакатда олиб борилаётган сиёсатни қай даражада идрок этиши ҳамда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларни унинг томонидан таҳлил эта олиш кўникмаси шаклланганига ва фуқароларнинг тафаккур тарзига тегишлидир.
Жамият ижтимоий мўлжалининг муваффақияти, шунингдек, мамлакатда кечаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-мафкуравий жараёнлар ва унга шахс дунёқараши даражасининг мутаносиблигига боғлиқдир. Улар ўртасидаги ўзаро мувофиқлик жамиятни сўзсиз тараққиётга, фаровонликка олиб боради. Номувофиқлик эса, жамиятда кўнгилсиз ҳолатларни юзага келтиради. Бундай ҳолатда давлатнинг ўрни ва аҳамияти жуда катта.
Жамият ижтимоий мўлжалининг муваффақиятини кўзлаган ҳар қандай давлат, энг аввало, ўз фуқароларининг ижтимоий-сиёсий билим савиясини оширишдан, уларнинг сиёсий иродаси ва тафаккур тарзини мустаҳкамлашдан манфаатдор. Бунинг тасдиғини бугунги Ўзбекистон мисолида кўриш мумкин. Айниқса, яқинда Конституциямизнинг янги таҳрири бўйича бўлиб ўтган референдум, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларида, давлат ва жамият бошқарувида фуқароларнинг кенг ва фаол иштирок этиши бўйича давлат томонидан яратиб берилаётган имкониятлар, шубҳасиз, жамият ижтимоий мўлжали муваффақиятининг кафолатидир.
Жамият ижтимоий мўлжали қуруқ жойда, ўз-ўзидан пайдо бўладиган ҳодиса ҳам эмас. Ижтимоий мўлжал шу жамият фуқаролари томонидан танланган мақсадлар асосида шаклланишини ҳам унутиш мумкин эмас. Сиёсий элита, давлат раҳбарияти, турли давлат ва жамоат ташкилотлари мамлакатда сиёсий-иқтисодий мўътадиллик, ижтимоий-маънавий барқарорлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик каби умуминсоний қадриятлар асосида жамият фаровонлиги бўйича улкан марраларни белгиласа-да, бироқ фуқароларда ана шу етукликка коррупцион ҳолатлар, жиноий йўллар билан эришишга интилиш кучли бўлса, бундай вазиятда ижтимоий мўлжалга эришиш амри маҳол бўлади.
Дарҳақиқат, ижтимоий мўлжал давлат, жамият ва шахс мақсад-муддаолари, стратегик режалари уйғунлиги туфайлигина мавжуд бўлади. Шу маънода, ижтимоий мўлжални у ёки бу миллатнинг ўз иқтисодий-сиёсий, ижтимоий, маънавий-мафкуравий имкониятларини холис баҳолаган ҳолда эришилиши лозим бўлган етуклик даражаси ва унинг алоҳида олинган шахс томонидан белгиланган мақсадлари билан уйғунлашиши сифатида тушуниш тўғри бўлади.
Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор