Биринчи мақолада ижтимоий мўлжал феномени, уни аниқ олиш ва мақсадга эришиш йўллари хусусида фикр юритган эдик. Энди масаланинг иккинчи жиҳатига ўтсак. Жамият ижтимоий мўлжалига эришишининг йўллари жуда кўп. Бироқ, ана шу етукликка етишимизга бугунги кунда айрим ёшларимиз томонидан маънавий идеални топишдаги ўзига хос муаммолар халақит қилаётганга ўхшайди, назаримизда. Бошқача айтганда, жамият ижтимоий мўлжали маънавий идеаллар билан узвий боғланмас экан, бу борада муайян ютуққа эришиш ўта оғир. Хўш, маънавий идеал, деганда нимани тушуниш мумкин?
Таниқли файласуф олим Қиём Назаров маънавий идеал деганда шахс ва жамият маънавиятини шакллантирувчи, йўналтирувчи ва ҳаракатлантирувчи, уни савоб ишлар, бунёдкорликка сафарбар этувчи эзгу ғоя, орзу-мақсад ва ижобий намуналар мажмуини ифодаловчи тушунчани назарда тутади.
Дарҳақиқат, маънавий идеал шахснинг шаклланиши жуда мураккаб жараён ҳисобланади, бунда шахс ва жамият манфаатлари уйғунлашуви ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Идеал жамиятни барпо этиш эса ундан ҳам оғирроқ. Иқтисодий жиҳатдан фаровон, мўл-кўлчиликка эришган давлатларни барпо этиш мумкин. Бугун жаҳон харитасида бундай мамлакатлар борлигини барчамиз ҳам биламиз.
Аммо, гап фақат инсон моддий таъминоти, мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичлари хусусида кетаётгани йўқ. Биз том маънодаги идеал жамият тўғрисида фикр юритар эканмиз, аввало, шу жамиятнинг маънавий-маърифий илдизлари, уларнинг фуқаролар камолоти йўлидаги таъсир кучини эътиборга олишимиз муҳим. Зеро, идеал жамиятнинг пойдевори энг аввало, унинг маънавий илдизлари билан белгиланади.
Маънавий идеал жамият, биринчи навбатда, ўзининг маънавий қиёфасига эга, мукаммаллик даражаси олий мақомга етган, юксак ахлоқий мезонлар билан безалган жамиятдир. Шу маънода, биз маънавий идеал, деганда юксак ахлоқ, одоб, билим, истеъдод, ақл-идрок ва тафаккур заминида инсонда шаклланадиган ишонч, эътиқод, ихлос, виждон, иймон каби фазилатларни назарда тутамиз.
Ҳар бир халқнинг ўз маънавий идеаллари мавжуд. Мазкур идеаллар у ёки бу миллат ва элатни иқтисодий фаровонликка етакласа, бошқасини ижтимоий ҳамкорликка, яна бўлагини сиёсий барқарорликка бошлайди. Хўш, биз, ўзбекларнинг миллий маънавий идеалларимиз қай йўсинда шаклланган, уларнинг таркибий қисмларини нималар ташкил этади?
Келинг, яхшиси кўҳна тарихга мурожаат қилайлик. Аслида, бизнинг тарихимиз миллий маънавий идеалларимизни қидириш, шакллантириш ва уларни реал ҳаётга жорий этишдан иборат. Кўҳна “Авесто”, Урхун-Энасой ёдгорликлари, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ўнлаб асарлари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даври мутафаккирларининг деярли барча тадқиқотлари, жадид маърифатпарварларининг нодир китоблари аслида маънавий идеални яратиш йўлидаги изланишлар, дейишга ҳаққимиз бор.
Мутафаккирларимизнинг асосий ғоялари адолатли давлат ва маънавий идеал жамият барпо этишдир. Буюк Форобий идеал жамият – бу юксак ахлоққа эга шахслар жамияти, дейди. Унинг фикрича, адолатли давлатни фақат юксак ахлоқли кишилар билангина қуриш мумкин. Ахлоқли инсон адолатли бўлсин, аммо қайсар бўлмасин, адолат олдида қайсарлик қилиб ўзибилармонликка берилмасин, лекин ҳар қандай адолатсизлик, пасткашлик олдида лафзли бўлсин, ўзи зарур, деб билган нарсасини амалга оширишда қатъийлик кўрсатсин, қўрқмас, жасур бўлсин, қўрқиш ва ожизликни билмасин.
Абу Райҳон Беруний эса идеал жамиятнинг асосини маънавий омиллар ташкил этиши лозимлигига ишора этади. Унинг фикрича, ҳар бир инсон интиладиган маънавий идеал асосларини эзгулик, одамийлик, юксак одоб-ахлоқ ташкил этади. Беруний бобомиз инсоният орзу қилган жамиятда қуйидаги қоидалар амал қилиши лозимлигини таъкидлайди: “Ҳаким ва олимлар ахлоқидан таълим олиш яхши хулқни пайдо қилади, ёмон хулқни ўлдиради”, “Инсон ҳаётидаги зарурат, эҳтиёжлар уларнинг илмларга бўлган талабини келтириб чиқаради”, “Ҳар бир янги нарсада лаззат бор”, “Неъматнинг қадри у йўқолганидан кейингина билинади”, “Тенглик ҳукм сурган жойда сотқин, алдамчи эҳтирослар, ғам-ғусса бўлмайди”, “Ёлғончидан четланиб, ростгўйликка ёпишган кишини бошқа киши у ёқда турсин, ёлғончининг ўзи ҳам севиб қолади”.
Юсуф Хос Ҳожиб маънавий идеални инсоннинг илм-фанга бўлган муҳаббатисиз кўрмайди. Унинг қайд этишича, бетимсол бойлик бўлмиш билимнинг қадри шу даражада баландки, у дўзах ўтидан ҳам озод қилиши мумкин. Жаҳонда билимдан қудратлироқ ҳеч нарса йўқ. Билимсизлик аслида киши учун ҳақоратдир. Ҳаттоки, билимсиз одам тўрга чиқиб ўтирса, ундай тўрни тўр, деб бўлмайди. Уни пойгакдан ҳам паст, деб билиш керак. Аммо, пойгакка билимдон киши ўтирса, у жойни тўрдан ҳам аъло, деб билиш лозим.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий маънавий идеалликка эришишнинг энг муҳим жиҳатларини адолатли давлат ва унинг одил шоҳида кўради. “Одил шоҳ, – дейди аллома, – қуёш билан баҳор ёмғиридек қора тупроқдан гуллар очади ва мамлакат бошига олтин билан дурлар сочади. Камбағал ва бечора одамлар унинг яхши, мулойим муомаласидан роҳатда, золим амалдор ва миршаблар унинг сиёсати тиғидан қўрқувда. Адолатли шоҳ шундай қўриқчики, унинг сояйи давлатида қўй-қўзилар бўри хавфидан омон; ёмонларга шафқатсизлигидан йўлдаги мусофирлар йўлтўсарлар ваҳимасидан эсон. Ҳайбатидан йўлларда қароқчилар йўқ ва халқ қўли ўз моли билан тўлиқ. Забтидан амалдорлар қалами синиқ ва золимлар байроғи йиқиқ. Қасоскор тиғидан ўғри қўли эл молига етмайди. Савдо қилиш учун тун бўйи дўконларда шамъ ўчмайди, олди-сотди қилувчилар кўчаларда безорилар дайдишидан қўрқмайди. Аҳолининг ҳовли-боғи унинг шарофатидан обод. Фақирлар унга дуо-таҳсин ўқиб, эркалик қиладилар. Шоҳ эса очиқ қўллилик билан фуқарога саховат қилади ва уни сийлайди. Адолатпарвар шоҳ халқни рози қилса, Ҳақ таоло шоҳдан рози бўлади”.
Буюк мутафаккирлар маънавий идеални комил инсон тушунчаси билан боғлаб тушунтирган. Шарқшунос олим Нажмиддин Комилов шундай дейди: “Комил инсон – бир идеал, барча дунёвий ва илоҳий билимларни эгаллаган, руҳи Мутлоқ руҳга туташ, файзу кароматдан сероб, сийрату сийрати саранжом, қалби эзгу туйғуларга лиммо-лим покиза зот”. Дарҳақиқат, комил шахс одамзод орзу қилган жамики эзгу хислатларнинг ифодачиси.
Биз юқорида давлат ва жамият томонидан танланган ижтимоий мўлжалнинг маънавий идеал билан узвий боғлиқлиги хусусида фикрлашган эдик. Инсоният интиладиган маънавий идеални беками-кўст танлаш, унинг энг мукаммал контурларини белгилаш ниҳоятда мураккаблигини барчамиз биламиз. Барча миллат ва халқлар инсон камолоти, шунингдек, жамият ҳамда давлат мустаҳкамлиги, фаровонлигига хизмат қиладиган маънавий идеални топишга ҳаракат қилган.
Бу борада маънавий идеал масаласига, унинг реал ҳаётда амалга ошириш имкониятларини кўрсатиб беришда юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларга етадигани бўлмаса керак. Шу ўринда Алишер Навоий бобомизнинг комил инсоннинг энг муҳим хислатлари сифатида санаб ўтган қуйидаги далилларига диққат қаратишни лозим топдик: биринчиси – тавба, иккинчиси – ҳалол луқма билан қаноатланиш, учинчиси – ўз касбидан топиб кун ўтказиш, тўртинчиси – шариатга риоя қилиш, бешинчиси – тариқат одобини сақлаш, олтинчиси – барчадан ўзини кам деб билиш, ҳаттоки фарзандлари, хизматкорларига қўполлик қилмаслик, еттинчиси – чучук тилли бўлиш, саккизинчиси – раҳмдил бўлиш, тўққизинчиси – сахий бўлиш, ўнинчиси – мард бўлиш, ўн биринчиси – ҳалимлик, хушхулқ бўлиш, ўн иккинчиси – ризо-розилик билан кун ўтказиш, ўн учинчиси – сабрли бўлиш, ўн тўртинчиси – садоқатли, вафоли бўлиш, ўн бешинчиси –риёзат чекишдан қўрқмаслик.
Ҳеч шубҳасиз, юқорида таъкидланган хислатларнинг барига эга бўлиш ўта мураккаб масала. Аммо, биз кўпинча олдимизга қўйилган вазифаларнинг мураккаблигига қараб, уларни бажариш амри-маҳол, деб ўзимиздан масъулиятни соқит қиламиз. Ҳеч бўлмаганда ўша хислатларга эга бўлишга ҳаракат қилишдан ҳам ўзимизни четга оламиз.
Тўғри, кўҳна тарихимизда халқимиз ўз маънавий идеалларига эга бўлишга ҳаракат қилди. Бу борада бугун жаҳон аҳли тан бераётган, эътироф этаётган ютуқларимиз ҳам бисёр. Биргина Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида ота-боболаримиз илмий-ижодий заковати туфайли яратилган саноқсиз кашфиётлар, мутафаккир-алломаларимиз жаҳон тамаддунига қўшган бебаҳо ҳиссаларининг ўзи ўзбек халқининг ўзига хос маънавий идеаллари борлигидан далолатдир.
Айни пайтда шуни ҳам қайд этиш лозимки, халқимизнинг ўз миллий маънавий идеалларига эришиш борасида кўплаб қийинчиликларга учраганимизни ҳам эслаш лозим. Узоқ даврлар давом этган мустамлакачиликлар, халқимиз бошидан кечирган аянчли кунлар, айниқса, юртимизда содир бўлган ўзаро урушлар – буларнинг бари маънавий идеалларимизга эришиш йўлидаги жиддий тўсиқлар бўлди.
Булар натижасида минг йиллар давомида шаклланган миллий тарбия тизими шикастланди, миллий қадриятларимизда қадрсизланиш жараёни юз берди. Бу борада собиқ совет даврида шаклланган ўзига хос тарбия тизими жамият маънавий илдизларини емирди, сохта қадриятлар “яратилди”. Маданиятда миллийлик ўрнига сунъий байналмилаллик ғоялари илгари сурилди, ислом дини атайин сохталаштирилди, жамиятда эътиқодсиз — “худосиз атеистлар”дан иборат жамоани шакллантиришга урғу берилди.
Буларнинг бари ўзига хос ахлоқ кодекси сифатида тан олинган ва жаҳон эътироф этган миллий маънавий идеалларимиздан халқимиз катта қисмининг муайян маънода четлашишига сабаб бўлди. Натижада биз танлаган ижтимоий мўлжалимиз бир томонлама, кемтик ҳолда қолиб кетди. Гап шундаки, ҳар қандай ижтимоий мўлжал инсон фаолиятининг барча жиҳатларини ўз ичига қамраб олиши лозим. Ижтимоий мўлжалнинг муҳим таркибий қисмлари бир томондан, иқтисодиёт, жамият аъзоларининг моддий манфаатларини қондириш билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, бундай мўлжал фуқаролар маънавий қиёфасини шакллантириш, муносиб шахс тарбиялаш билан боғлиқдир. Учинчидан, жамият ижтимоий мўлжалини миллий бирликсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Яқин ва узоқ тарихимизда ижтимоий мўлжални танлашда ушбу масалаларга кам эътибор берилиши, мўлжал кўпроқ келажакка эмас, ўтмишга қараб олиниши Ўзбекистон жамиятида маънавий идеалларга бўлган муносабатни сийқалаштирди, унинг аҳамиятини пасайтирди. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, масаланинг маънавий-тарбиявий томонлари диққатимиздан четда қола бошлади.
Бугун мамлакатимизда янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида маънавий идеалларимизни танлаб олиш, уларнинг ижтимоий мўлжалларимиз билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, назаримда, олдимизда турган энг долзарб масалалардан бирига айланган.
Биринчидан, таъкидлаш лозимки, бу борадаги ишларимиз ҳавойи, мавҳум гаплардан аниқ, реал шароитни эътиборга олган ҳолда бажарилиши лозим бўлган умуммиллий ҳаракатга айланди. Фикримизнинг исботи сифатида айтиш мумкинки, мамлакат раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистонинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида илк маротаба маънавий-маърифий ишлар, шахс тарбияси билан боғлиқ муаммолар, жамиятни маънавий жиҳатдан соғломлаштиришга доир вазифаларимиз “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш”, деб номланган алоҳида йўналишда ўз аксини топди.
Бугун “Маънавий тараққиёт”, “Янги маънавий макон”, “Маърифатли жамият”, “Маърифий ислоҳотлар”, “Маънавий-маърифий саводхонлик”, “Учинчи Ренессанс” каби яқин-яқингача бизга мутлақо бегона бўлган атамалар ижтимоий-маънавий ҳаётимизга кириб келди, улар фаолиятимизнинг муҳим жабҳаларига айланди.
Таъбир жоиз бўлса қайд этиш керакки, миллат ва мамлакат тақдири билан боғлиқ бўлган ушбу масалага шу тахлитда ёндашув, аслида, давлат раҳбарининг халқимиз томонидан ўз маънавий идеалларини топиш йўлидаги дадил ва ишонарли қадами эди.
Иккинчидан, бугунги кунда таълим соҳасида амалга оширилаётган сифат ўзгаришлари, туб ислоҳотлар ҳам ёшларимизнинг ўз маънавий идеалларига эга бўлиш йўлидаги имкониятлар, дейиш мумкин. Зеро, бугун мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси – боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимиз эса янги Уйғониш даври, глобаллашув даврида мамлакатимиз рақобатбардошлигининг тўрт таянч устунига айланмоқда.
Қисқа муддат мобайнида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасининг 27 фоиздан 72 фоизга ошиши, мактаб таълимида қўшимча 700 минг ўқувчи ўрни яратилиши, 200 га яқин мутлақо янгича мазмун ва шаклга эга бўлган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда 400 та хусусий мактаб ташкил этилгани, олий таълим муассасалари сонининг 77 тадан 210 тага кўпайганини ҳам, бир томондан, мамлакатни дунёдаги энг етакчи давлатлар қаторига қўшиш йўлидаги интилиш, бошқа тарафдан, ёшларимизнинг ўз миллий маънавий идеалларини топиш йўлидаги имкониятлари сифатида қабул қилиш мумкин.
Учинчидан, маънавий идеалларимизни минг йиллар давомида шаклланган илмий ва диний қадриятларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Аслида, том маънодаги маънавий идеаллар кўҳна тарих қаърида шаклланган, кишиларни эзгулик, инсонпарварлик, яхшилик, юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиб келган илғор ғоялар, таълимотлардир.
Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришар эканмиз, шубҳасиз, ана шу ғояларни ўрганиш, улардан олдимизда турган улкан стратегик мақсадларни бажаришда унумли ва самарали фойдаланиш биз учун жуда муҳим. Шунинг учун ҳам мамлакат раҳбари ўз фаолиятида мазкур масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказининг ташкил этилишини шу маънода тушуниш лозим. Марказ кўп тармоқли дунёвий илмий-маърифий маскан бўлиб, халқимизнинг муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросини илмий тадқиқ этиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб қилишни ўз олдига мақсад қилган.
Халқимиз маънавий идеалларининг муҳим устунларидан бири ислом дини таълимотлари, унинг халқимизни яхшилик, эзгуликка етакловчи ғоялари эканини барчамиз биламиз. Мамлакат раҳбарияти шунинг учун ҳам ўзбек халқи маънавий идеалларини шакллантиришда ана шу таълимотларга суянмоқда. Халқаро ислом академияси, Бухорода – Мир Араб олий мадрасаси, Термизда – Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Самарқандда – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, ҳадис илми мактаби, калом ва ҳадис, Бухорода – тасаввуф, Қашқадарёда – ақида, Фарғонада – фикҳ илмий мактаблари ташкил этилди.
Собиқ совет давлати даврида Ўзбекистонда жами 80 га яқин масжид фаолият кўрсатган бўлса, бугун уларнинг сони 2100 дан ортди. Биргина жорий йилнинг ўзида 15 мингдан ортиқ юртдошимиз Ҳаж сафарини амалга оширди. Буларнинг бари, аслида, халқимизнинг ўз маънавий идеалларини шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар эди.
Демак, ижтимоий тараққиётнинг бугунги босқичига келиб мамлакатимизда маънавий идеалларни шакллантиришда муайян натижаларга эришганмиз. Маънавий идеалларимиз пойдеворини эзгулик, иймон, эътиқод, юксак ахлоқ, ватанпарварлик каби муқаддас тушунчалар ташкил этади. Айни пайтда, бугунги кунда халқимиз маънавий идеаллари шаклланишида миллий бирлик ғоясининг ўрни ва аҳамияти жуда катта эканини ҳам асло унутиш мумкин эмас.
Маънавий идеални масаланинг фақат маънавий томонлари билангина боғлаш, назаримизда, унчалик ҳам тўғри бўлмайди. Бундай идеал жамиятда сиёсий барқарорлик, иқтисодий тараққиёт, ижтимоий ҳамкорлик масалалари ўта муҳим ўринга эга. Шу маънода, маънавий идеал минг йиллар давомида мутафаккир алломаларимиз томонидан яратилган ва халқимизни доимо эркинлик, эзгулик, юксак ахлоқ, ватанпарварлик, миллий бирлик ғоялари билан қуроллантирган ҳамда илҳомлантирган ҳолда жамият томонидан белгилаб олинган ижтимоий мўлжалга етишга имкон берадиган, сафарбар этадиган феномен ҳодисадир.
Юқоридаги фикрлардан англаш мумкинки, бугун мамлакатимизда маънавий идеалларни шакллантириш борасида талай ишлар бажарилди. Бундай идеалларнинг илмий-ижодий пойдевори мавжуд. Тобора шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги шароитда маънавий идеалларимизни замонга мос, янги мазмун билан бойитиб боришда ҳам муайян ютуқларга эгамиз. Бунга юқорида келтирган мисоллар далилдир.
Энди масаланинг прагматик-амалий жиҳатига эътибор берамиз. Хўш, биз бугун шунчалик бой маънавий-ижодий меросга эга эканмиз, нега унда баъзи ҳолларда вазият тақозоси билан урчиб, кўпайиб бораётган ички ва ташқи таҳдидлар олдида эсанкираб қоляпмиз, нима учун ёвуз ғоялар ва мафкураларнинг концептуал хатоларини кўрмаяпмиз ва уларга қарши самарали акс таъсир кўрсата олмаяпмиз.
Назаримизда, бунинг қатор объектив ва субъектив сабаблари борга ўхшайди. Масалан, биринчидан, биз ҳар доим ўзбек халқи бой миллий-маданий меросга эга, барчамиз улардан хақли равишда фахрланамиз, деймиз. Бу аслида тўғри гап. Бироқ, бугун биз ўша мутафаккирларимиз, буюк тарихий сиймоларни халқимизга оддий усулларда, тушунарли тарзда етказиш имконига эгамизми?
Биргина мисол: А.Чехов асарлари 146 марта, А.Пушкин асарлари 89 марта, Н.Гоголь асарлари 68 марта, Ф.Достоевский асарлари 46 марта, А.Толстой асарлари 44 марта экранлаштирилган экан. Мутахассислар дунёда асарлари энг кўп экранлаштирилган адиб У.Шекспир (300 марта) эканлигини қайд этишган.
Хўш, бизда буюк боболаримиз Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюкларимиз, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби давлатчилик асосчилари сиймоларини акс эттирувчи нечта ҳужжатли ёки бадиий фильмимиз, оддий ўқувчига тушунарли тарзда ёзилган, ёшларимизни эзгу ғоялар сари етаклайдиган қанча оммабоп (мураккаб тилда ёзилган илмий-академик нашр ҳақида гап кетмаяпти) асаримиз бор?
Шу маънода, мамлакат раҳбари томонидан яратиб берилаётган улкан имкониятлардан фойдаланган ҳолда маънавий идеалларимизнинг асосий ғояларини содда тилда, тушунарли тарзда етказиб берадиган бадиий, ҳужжатли фильм, адабий-бадиий асар, мультфильм, видеороликлар яратиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан, деб ўйлаймиз.
Иккинчидан, бой миллий-маданий меросимизни ўрганишга, маънавий идеалларимизга содиқ бўлишга халақит қилаётган яна бир муҳим объектив сабабни бугунги таълим тизимидан қидириш керак, деб ўйлаймиз. Тўғри, бугун бутун дунёда иқтисодий соҳада, ҳар бир давлатнинг ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиши борасида мисли кўрилмаган кучли мусобақа кетмоқда. Ана шундай шароитда биз учун иқтисодиёт ва бошқарув жабҳасида ўта билимдон, кучли мутахассислар зарур.
Айни пайтда, бундай малакали мутахассис кадрларнинг маънавий-мафкуравий салоҳияти, уларнинг юксак ватанпарварлик даражаси, ахлоқий сифатлари жуда муҳим аҳамият касб этади. Бундай сифатлар эса таълим тизимида, айниқса, олий таълимда устувор ўринга эга эканини унутиш асло мумкин эмас. Бугун дунё зиддиятлар, қарама-қаршиликлар, ўзаро низолар маконига айланган. Ана шундай шароитда тўғри билан нотўғрининг, яхши билан ёмоннинг фарқини англатишда миллий меросимизнинг алоҳида ўрни бор. Бу эса таълим тизимида, айниқса, ижтимоий-гуманитар фанлар орқали ёшлар онгига маънавий идеалларимизнинг энг муҳим устунлари ҳақидаги ғоя ва таълимотлар сингдирилишига устувор эътибор бериш лозимлигини талаб этмоқда.
Учинчидан, одамларимизда маънавий идеалларимизга содиқлик ҳиссини оширишга халақит қилаётган субъектив омиллар эса айримларда, айниқса, баъзи раҳбар ходимларда зиёлилик сифатларининг пасайиб бораётгани билан белгиланади. Зиёлилик аниқ мақсад йўлида инсон томонидан ўзини ўзгартириш борасидаги ҳаракат. Биз бир зарб билан, бирданига жамиятни маънавий жиҳатдан соғломлаштира олмаймиз. Бугунги глобал ўзгаришлар даврида буни зудлик билан ҳал этишнинг иложи ҳам йўқ. Жамиятни поклантириш, юксак маънавий-ахлоқий муҳитни барпо этиш аслида конкрет шахс дунёқараши, руҳияти, маънавий кўрсаткичлари асосидагина юз беришини унутиш мумкин эмас. Биз бугун ўз олдимизга маърифатли жамият барпо этишни устувор вазифалардан бири сифатида қўйганмиз. Маърифатли жамият эса қўпол, андишасиз, риёкор, дангаса, бир сўз билан айтганда, тарбиясиз кишилар жамияти эмас. Айниқса, бугун айрим ёшларимизда агрессивлик ҳолатининг кучайиб бораётгани бутун жамиятни хавотирга солаётгани ҳам бор гап.
Шунинг учун ҳам маърифатли жамиятда аслида одамларда зиёлилик сифатлари авж олган муҳит яратилишини инобатга олиш лозим. Бу муҳитда ўзаро самимийлик, бир-бирига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, ҳар бир ҳаракатда юксак ахлоқийлик намуналарини намоён этиш, собитқадамлик, адолат, шафқат ва марҳаматлилик, тавозе, вафо ва аҳд, ростгўйлик, андиша, фаросат, ғайрат ва шижоат билан ишлаш каби хислатлар реал кучга айланиши керак. Бир сўз билан айтганда, маърифатли жамият одамларида зиёлилик устувор аҳамият касб этади.
Яна бир муҳим масала шундан иборатки, агар биз одамларда маънавий идеалларга содиқликни кучайтира олсак, унда жамият аъзоларида зиёлилик хислатлари янада кўпаяди. Биз юқорида таъкид этганимиз каби маърифатли жамият аслида зиёлилар жамиятидир. Одамларда маънавий идеалларга содиқлик хислатлари ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бунинг учун ҳар биримизда соғлом маънавий эҳтиёж зарур. Соғлом эҳтиёж кишиларнинг тинимсиз ўқиши, изланиши, янгиликка интилиши, ўзини қийнаши натижасидагина юзага келади. Бугунги ҳолатимиздан қониқиш ҳосил қилишимиз аслида, маънавий идеалларга содиқлик йўлида биз танлаган хато йўлдан бошқа нарса эмас.
Маънавий идеалларни тўғри танлаш жуда оғир вазифа. Бугун ҳайвоний истак ва майлларга қул бўлиб, ҳаётнинг мазмун-моҳиятини фақат айш-ишрат, лаззатдан иборат деб билиш, миллий қадриятлар сўниб, минг йиллар давомида шаклланган маънавий идеаллар беэътибор қолаётган бир шароитда майдонга зўравонлик, беҳаёлик, супер қаҳрамонларнинг чиқиши бутун жамиятни безовта қилмоқда.
Миллат софлиги, унинг бирлиги, буюк давлатчилик арконлари мустаҳкамлигини таъминловчи куч аслида бизнинг миллий идеалларимиз ва халқимизнинг унга содиқлик даражасидир. Ўз миллий қадриятларимиз, миллий-маданий меросимизга суянган ҳолда дунёнинг ривожланган давлатлари ва халқлари тажрибасини ўрганиш ва келажакка соғлом тафаккур билан қараш асосида танланган ижтимоий мўлжалимиз минг йиллар давомида шаклланган ва бугун тараққиётнинг янги талаблари асосида бойиб бораётган маънавий идеалларимиз билан уйғунлашиши, шубҳасиз, мамлакатимизни янада ривожлантиради, халқимизни янги марраларга олиб чиқади.
Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор