Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида яшовчи 34 ёшли шахс хорижда ишламоқчи бўлган фуқароларга маслаҳат ва виза олиш бўйича зарур ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашиш билан шуғулланувчи МЧЖ ташкил қилган. Шундан сўнг ижтимоий тармоқлар орқали Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида истиқомат қилувчи 4 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларга Латвия давлатига ишлаш учун боришларида керак бўладиган визани олиб бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бундай қонунбузилиш ҳолати Тошкент вилоятида ҳам қайд этилиб, унда Ангрен шаҳрида яшовчи, 28 ёшли шахс Андижон вилоятида истиқомат қилувчи 34 ва 33 ёшли 3 нафар фуқарога элчихонада ишловчи танишлари орқали Латвия давлатига бориб ишлаш имконини берувчи ишчи виза расмийлаштириб бериш эвазига 8,2 минг доллар талаб қилган.
ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида Ангрен шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағидан 2,1 минг долларини олдиндан олган вақтида қўлга олинган.
Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур икки қонунбузарга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.