Унинг асарларида фарзанд тарбияси масаласи алоҳида боб сифатида ажратиб кўрсатилмаган бўлса-да, деярли барча ахлоқий, фалсафий ва ижтимоий қарашлари айнан тарбия мавзусига бориб тақалади. Шоир наздида тарбияли авлод — адолатли жамият ва барқарор давлатнинг асосий кафолати. Комил инсонни вояга етказиш — жамиятни ислоҳ қилишнинг энг ишончли ва узоқ муддатли йўли. Шу маънода, Навоийнинг қарашлари янги Ўзбекистоннинг инсон қадрига асосланган тараққиёт ғоялари билан ҳамоҳанг.
Алишер Навоий назарида тарбия — инсон ҳаётидаги энг муҳим жараён. Шоир болаликда берилган тарбия инсоннинг феъл-атвори, дунёқараши ва жамиятдаги ўрнини бутун умр давомида белгилаб беришини чуқур англаган. Шу сабабли тарбияни кечиктириб бўлмайдиган ва бепарволикка йўл қўйилмайдиган масъулиятли вазифа деб билади. Алломанинг фикрича, инсон туғилибоқ яхши ёки ёмон бўлиб қолмайди, балки уни шакллантирадиган асосий омил муҳит ва тарбиядир. Агар бола меҳр, одоб ва ҳалоллик муҳитида улғайса, келажакда жамиятга фойдали инсон бўлиб етишади. Аксинча, бефарқлик ва қўпол муносабат ҳукмрон бўлган муҳит фарзанднинг дунёқарашини издан чиқаради.
Шунингдек, ҳазрат тарбияни инсон тақдирини белгиловчи асосий мезон сифатида талқин қилади. Унинг қарашларида тарбия шунчаки шахсий масала доирасидан чиқиб, ижтимоий масъулият даражасига кўтарилади. Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида бундай ёзади: “Агар тарбия бўлмаса, табиатдаги яхши хислат ҳам сўнади”. Бу фикр инсондаги ижобий имкониятлар фақат тўғри тарбия орқалигина юзага чиқишини англатади. Навоий фикрича, агар тарбия кечиктирилса ёки эътиборсиз қолдирилса, жамиятда ахлоқий инқироз юзага келиши муқаррар.
Буюк адиб ота-онани фарзанднинг нафақат моддий таъминотчиси, балки унинг ахлоқий қиёфасини шакллантирувчи шахс сифатида кўради. Шоирнинг машҳур ҳикматларидан бирида “Фарзанд кўрганини қилур, эшитганини эмас” деган фикр илгари сурилади. Мазкур қараш бугунги педагогик психологияда илгари сурилаётган “ибрат орқали тарбиялаш” моделига тўлиқ мос келади. Зотан, Навоий ота-онанинг шахсий хулқи фарзанд тарбиясида ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини салкам олти аср олдин таъкидлаган эди.
Улуғ мутафаккир ота-онани ўз хулқи, сўзи ва муомаласига масъул бўлишга чақиради ҳамда болага панд-насиҳат қилишдан аввал ўзимиз тарбияли бўлишимиз лозимлигини эслатади. Ота-онанинг ҳалоллиги фарзанднинг виждони, ота-онанинг сабри эса фарзанднинг матонати бўлиб шаклланади.
Ҳазрат Навоий илмни инсонни юксакка кўтарувчи энг буюк куч деб билган бўлса-да, уни одоб-ахлоқдан айро ҳолда асло тасаввур қила олмаган. “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги “Илм бирла бўлмаса адаб, ул илм жаҳолатдин ёмон” деган пурмаъно сатрлари мутафаккирнинг бу борадаги қарашларини яққол ифодалайди. Навоийнинг уқтиришича, тарбиясиз олинган билим жамиятга фойда келтириш ўрнига хавф туғдириши мумкин. Шу боис, ёш авлодга нафақат зиё тарқатиш, балки маънавий жиҳатдан бутун ва етук инсон этиб вояга етказиш ғоят муҳим.
Шоир инсон хулқини тарбиянинг ўзаги ва пойдевори деб билади. Унинг наздида гўзал хулқ — инсоннинг энг олий зийнати. “Маҳбуб ул-қулуб” асарида бу ҳақда: “Яхши хулқ — инсон зийнати, ёмон хулқ — бало”, дея таъкидланади. Навоий кибр, манманлик ва нодонликни жамиятни ичидан емирувчи иллат сифатида қаттиқ қоралайди. Унинг эътирофича, болаликдан камтарлик ва гўзал одоб руҳида тарбия топган фарзанд келажакда жамият мувозанатини сақловчи катта кучга айланади.
Аллома асарларида ҳалол меҳнат тарбиянинг энг мустаҳкам устуни сифатида улуғланади. Меҳнат инсон қадрини оширади ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади. Шоирнинг “Ҳалол меҳнат била топилган луқма жонни пок этур” деган ҳикмати фикримизнинг ёрқин исботидир. Навоий машаққатсиз ва меҳнатсиз бойлик орттиришни маънавий тубанлик деб баҳолайди. Шу сабабли фарзандни ёшлигиданоқ меҳнатсеварлик, масъулият ва сабр-тоқат руҳида чиниқтириш зарурлигини таъкидлайди.
Тарбияда меҳр-муҳаббатнинг ўрни беқиёс эканини Навоий бот-бот уқтиради. Инсон қалбини жазо ёки зўравонлик билан эмас, фақат самимий муҳаббат билан забт этиш ва тарбиялаш мумкин. Унинг “Кўнгулни синдурма, кўнгул Худо уйидур” деган сўзлари тарбияда инсонпарварлик ва руҳий назокат бирламчи бўлиши кераклигини англатади. Мутафаккир қўпол муносабат боланинг маънавий дунёсини жароҳатлашини чуқур ҳис этган.
Бугунги глобаллашув ва шиддатли ахборот асрида фарзанд тарбияси ҳар қачонгидан ҳам мураккаб жараёнга айланди. Айни шу паллада Алишер Навоий ўгитлари миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этган маёқ сифатида бизга йўл кўрсатади. Унинг ғоялари замонавий педагогика ва маънавий қарашлар билан ҳамоҳанг. Янги Ўзбекистон тараққиётининг марказида инсон қадри ва камолоти турган бир пайтда Навоийнинг тарбия хусусидаги ўлмас ғоялари бугунги маънавий ҳаётимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Нодир ҒАФФОРОВ,
филология фанлари доктори, профессор