Жаҳон иқтисодиётини глобаллашуви шароитида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимидаги илмий-инновацион соҳасидагина эмас, балки барча соҳада сифатни таъминлаш ва рақобатбардошлик босқичига ўтиб бўлган. Давлат олдидаги эндиги вазифа барча соҳаларда бўлгани каби олиб борилаётган илмий тадқиқотлар сифатини таъминлаш ва назорат қилишга қаратилади. Жаҳоннинг ривожланган давлатларидаги илмий тадқиқотларга қўйилаётган талаблардан келиб чиқиб, илмий-тадқиқотларда сифатни таъминлаш ва самарадолигини ошириш бўйича яратилган ва амал қилаётган моделлардан андоза олиб жаҳон стандартига мос ва хос равишда мамлакатимизда олиб борилаётган илмий тадқиқотларда сифатни назорат қилиш юзасидан миллий модель яратиш мақсадга мувофиқдир.
Мамлакатимизда 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида Ўзбекистонда ҳуқуқ фанини ривожлантириш, қабул қилинаётган қонунларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирилган қонун ижодкорлигини такомиллаштириш ва сифатини ошириш ва бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳуқуқ фани олдига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда.
Бугунги шиддатли ислоҳотлар даврида ҳуқуқ фанини ривожлантириш ва қонун ижодкорлигини такомиллаштириш назария билан амалиёт уйғунлигини таъминлаш ва уни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш муҳим аҳамиятга эга.
Қонун ижодкорлиги ва юридик фанда бўлаётган ўзгаришлар ўз навбатида ҳуқуқ фани ва қонун ижодкорлиги фаолиятини мамлакатимиз Президентининг Фармон ва қарорларида ҳамда ўтказилаётган учрашувларда белгилаб берилаётган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда танқидий қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Назария билан амалиёт уйғунлиги таъминланмаганлиги ҳамда бу борадаги фаолиятни ривожлантиришга амалиётдаги тегишли ташкилот ва идораларнинг (хусусан, Олий Мажлис, Адлия вазирлиги, суд, прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, адвокатура ҳамда бошқа давлат ва нодавлат тузилмалар) эътибори юқори эмаслиги, юридик соҳа олимларининг илмий-тадқиқотлари натижаларини амалиётга татбиқ этишга тармоқлар томонидан қизиқишнинг пастлиги, буюртма бериш тизимининг шаклланмай қолаётганлиги юридик илм-фан ва амалиёт интеграциясини таъминлашга тўсиқ бўлмоқда.
Илмий-тадқиқот ишлари натижаларини тижоратлаштириш ва амалий, фундаментал ҳамда инновацион лойиҳалар доирасида илмий тадқиқот билан шуғулланишдан манфаатдорликнинг пастлиги ва ҳаттоки бу жараён ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, юридик илм-фан ва илмий фаолиятга молиявий ресурларнинг етарли даражада йўналтирилмаётганлиги, жумладан, ҳуқуқий фан соҳаларига давлат грантлари ажратилишининг минимал даражадалиги ва фан хусусиятлари билан боғлиқ бўлган объектив омилларнинг ҳисобга олинмаслиги ҳамда ҳуқуқий соҳадаги тадқиқот натижаларини илмий янгилик сифатида тан олишнинг инкор этилиши ҳам ушбу соҳада илм-фаннинг ривожланишига тўсиқ бўлмоқда.
Умумтаълим мактабларининг Ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг атиги
1 фоизи олий юридик маълумотга эга. Яъни Конституцияни ўрганишга оид фанлар ноюридик ихтисосликка эга педагог ходимлар томонидан амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида, ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарбияни кенг йўлга қўйишда жиддий тўсиқ бўлмоқда.
Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги “Олий таълимдан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 304-сон қарорини олий таълим муассасаларининг академик мустақиллигини таъминлаш нуқтаи назаридан тубдан қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Бунда тизимдаги эскирган, бюрократик ва ҳеч қандай мантиққа асосланмаган тартиб-қоидалардан бутунлай воз кечиш, хусусан, докторант ва мустақил изланувчиларни қабул қилиш тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, бутун дунёда тан олинган motivation letter ва research proposal тақдим этиш орқали қабул қилиш амалиётини жорий қилиш, фан доктори ва профессорлар учун илмий раҳбар ва маслаҳатчи бўлишдаги чекловларни, мустақил изланувчилик учун муддатларни бекор қилиш лозим.
Дунё тажрибасига асосланиб олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, таълим ва илм-фан соҳасини янада ривожлантириш мақсадида Республика олий таълим муассасалари миллий рейтингини нодавлат ташкилотлар (Times Higher Eduducation (THE) ва Quacquarelli Symonds (QS) рейтинг агентликлари мисолида) томонидан эълон қилиш амалиётини жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Бундан ташқари амалиётда юзага келаётган муаммоли вазиятлар бўйича университет профессор-ўқитувчилар томонидан таҳлилий муносабат билдириш амалиётини кенг жорий қилиш лозим. Жумладан, оммабоп веб-ресурслар, ижтимоий тармоқлар ва блогерлар билан ўзаро ҳамкорликда ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича берилган туркум интернет метериаллари (рукн, мақола, хабар, танқидий чиқиш, аудио ва видеоматериал) эълон қилиб борилишини жорий этиш муҳим ҳисобланади.
Профессор-ўқитувчи ва амалиётчилардан иборат таҳлил гуруҳларни шакллантириш, таклифлар базасини яратиш ҳамда университет веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида профессор-ўқитувчилар томонидан билдирилаётган таклифларни оммабоп мақолалар шаклида эълон қилиш соҳанинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Бунда, жамиятимизда кенг муҳокама бўлаётган ҳуқуқий муаммолар бўйича профессор-ўқитувчилар томонидан илмий асослантирилган позиция билдиришга алоҳида урғу бериш мақсадга мувофиқ.
Бугунги кунда, белгиланган тартибда мустақил изланувчиликка қабул қилинган диссертациясини муддати (уч йил ичи)да ҳимоя қилмаган мустақил изланувчиларни ҳуқуқий ҳолати, уларни диссертациясини тугатиш ва ҳимоя қилиш даврида мустақил изланувчи сифатида қайта расмийлаштирилиши масаласи ноаниқ бўлиб қолмоқда.
Олий таълимдан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талабларининг 16 ва 17-бандларида кўрсатилган диссертация ҳимоя қилишгача бўлган барча талабларни бажарган, бироқ диссертацияни муддатида ҳимоя қилишга улгурмаган мустақил изланувчиларга рухсат бериш ҳамда диссертацияни тугатиш ва ҳимоя қилиш даврида мустақил изланувчи сифатида қайта расмийлаштириш масаласини қайта кўриб чиқиш лозим.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги “Олий таълимдан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 304-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълимдан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талабларининг 5-бандида Олий таълимдан кейинги таълим институтларида ўқиш уч йилгача давом этиши белгиланган. Шунингдек, мазкур талабларнинг 55-бандида докторантурадан мониторинг натижалари бўйича четлатилган ёки диссертациясини муддатида ҳимоя қилмаган шахслар диссертациясини тугатиш ва ҳимоя қилиш даврида мустақил изланувчи сифатида расмийлаштирилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, мазкур талабларнинг 47-бандига кўра амалдаги барча талабларни бажарган ва диссертациясини ОАК талабларига мувофиқ равишда расмийлаштирган мустақил изланувчилар диссертация ҳимоясига қўйилади.
Илмий ишлар самарадорлигини янада ошириш
ва такомиллаштириш мақсадида Илмий кенгаш қошида энг камида
3 нафар аъзодан иборат соҳадаги етук амалиётчилардан ташкил топган эксперт комиссиясини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Эксперт комиссиясига қуйидаги вазифалар:
диссертация мазусининг бугунги кун учун долзарб ёки долзарб эмаслиги;
диссертация аппаратининг тўғри расмийлаштирилганлиги;
диссертация мавзусининг ихтисослигига мослиги;
илмий раҳбарларнинг ихтисослиги тадқиқот ишига тўғри келиши;
диссертация матни, диссертация мавзусини тўлиқ қамраб олганлиги;
диссертация ва авторефератда кўчирмачилик (плагиат) ҳолатини аниқлаш;
диссертациянинг бугунги кун учун қанчалик маҳсулдорлигини аниқлаш каби масалалар юклатилади.
Эксперт комиссияси аъзоларига Университетнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан шартнома асосида ҳақ тўланади.
Илмий ва илмий-техник фаолияти натижаларини (кейинги ўринларда ИТФН деб юритилади) тижоратлаштиришда иштирок этган муаллифлар ва илмий жамоаларга бир марталик мукофот тўлаш тартибини такомиллаштириш зарурати мавжуд.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Илмий
ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 14 июлдаги ПҚ–3855-сон қарорининг 5-банди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 декабрдаги 979-сон қарори билан тасдиқланган Илмий ва илмий-техник фаолият натижалари ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштиришда иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоаларга қўшимча бир марталик мукофот тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ муаллифлар ва илмий жамоаларга ИТФН ишлатилган ҳар бир ҳисобот йили якуни бўйича уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисоб рақамига тушган маблағларнинг солиқлар, йиғимлар (божлар) ва бошқа тўловлар тўлангандан кейин муассаса тасарруфида қолган қолдиқ сумманинг тегишли равишда 40 ва 30 фоизи миқдорида бир марталик мукофот тўланади.
Шу билан бирга, мазкур механизм инновацион иқтисодиётни шакллантириш ҳамда олий таълим муассасалар фаолиятига “Университет 3.0” концепциясини жорий қилишга етарли даражада хизмат қилмаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ–5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясининг 2-бобида илмий ишланмаларни тижоратлаштириш натижадорлиги етарли эмаслиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Маълумот учун: Масалан, Гарвард, Оксфорд ва Кембридж университетларидан ҳар бири йил давомида 161,46 – 772 млн АҚШ доллари миқдорида фойда кўради.
Ўтказилган таҳлил натижалари ИТФНларни тижоратлаштириш билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд эканлигини кўрсатмоқда. Шу жумладан, қонунчиликда муаллифлар ва илмий жамоаларга бир марталик мукофот назарда тутилган бўлса-да:
– мукофот тўлови фақатгина ҳисобот йили якуни бўйича 3 ой мобайнида тўланиши сабабли муаллифлар ҳамда илмий жамоалар тегишли тўловни узоқ (бир йилгача) муддат давомида кутиб қолишмоқда;
– мукофот миқдори ИТФНни бевосита ишлаб чиқилиши ва уни тижоратлаштиришга асосий ҳиссани қўшган муаллифлар ва илмий жамоаларни манфаатларини тўлиқ қондирмайди.
Мазкур муаммолар Ўзбекистон Республикаси ОТМлари томонидан илмий даражали кадрлар потенциали юқори бўлган ҳолатда уларнинг фаоллиги паст даражада сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Бу муаммоларнинг салбий таъсири ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказилган олий таълим муассасаларида юқори даражада.
Маълумот учун: 2013 – 2020 йиллар давомида илмий даража олган тадқиқотчиларнинг 63 фоизи айнан олий таълим тизимида фаолият юритади.
Хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, хусусан, АҚШ, Франция, Германияда ИТФНларни тижоратлаштириш учун самарали рағбатлантириш тизими яратилган.
АҚШда 1980 йилда қабул қилинган “Бэй-Доул” қонунига (“Bayh-Dole Act”) мувофиқ давлат ҳисобидан олиб борилган тадқиқотлар натижалари университет ва бошқа тадқиқот муассасаларининг интеллектуал мулки деб ҳисобланади. ИТФН орқали келиб тушган даромадлардаги тадқиқотчиларнинг улуши университет ва тадқиқот муассасалар томонидан мустақил белгиланади ва тадқиқотчилар билан тузилган шартномаларда мустаҳкамланади. Бунда, давлат университетларида тадқиқотчилар роялтининг 25 фоизидан 75 фоизигача оладилар.
Францияда ҳам бюджет маблағлари ҳисобидан олинган ИТФН университетга тегишли бўлади. Бунда 1999 йилда қабул қилинган “Инновациялар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ИТФН тижоратлаштиришидан олинган даромадларни тақсимлаш бўйича аниқ қоидалар белгиланмаган. Францияда юқори потенциалга эга бўлган университетлар қуйидаги тақсимотни ишлатмоқдалар: 50 фоиз – тадқиқотчига; 25 фоиз – тижоратлаштириш бўйича тузилмасининг бюджетига; 25 фоиз – университет бюджетига.
Германиянинг қонунчилигига мувофиқ давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тадқиқотлар натижалари уларни амалга оширган университет ёки тадқиқот муассасасига тегишли бўлади. Мазкур мамлакатда 1957 йилда қабул қилинган Ходимларнинг ихтиролари тўғрисидаги Қонунида (Gesetz über Arbeitnehmererfindungen) кенг тарқалган “Макс Планк Модели” (“Max Plank Model”) татбиқ этилиб, давлат университетида фаолият юритадиган муаллиф интеллектуал мулкни тижоратлаштиришдан олинган даромадларнинг
30 фоизини олишга ҳақли.
Россия Федерациясида эса, МДҲ мамлакатлари учун одатий модели қўлланилмоқда. Ушбу мамлакат Ҳукуматининг 2020 йил 16 ноябрдаги 1848-сон қарори билан тасдиқланган Хизмат ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари учун мукофот тўлаш қоидаларига мувофиқ:
а) ИТФН яратганлиги учун: ихтиро муаллифларига – ходимнинг охирги 12 ой асосида ҳисобланган ўртача иш ҳақининг 30 фоизи; фойдали модел ва саноат намуна муаллифларига – ўртача иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади;
б) ИТФНдан фойдаланганлиги учун: иш берувчи ўзи фойдаланганида – ўртача иш ҳақининг 3 баробари (ихтиролар учун) ва 2 баробари (фойдали моделлар ва саноат намуналари учун) миқдорида; иш берувчи интеллектуал мулк объектини лицензия шартномаси асосида учинчи шахсларга берганида – иш берувчига ушбу битимдан келиб тушган даромадларининг 10 фоизи миқдорида.
Маълумот учун: Россия Федерациясида муаллифлар ва илмий жамоаларни самарасиз рағбатлантириш тизими сабабли юқори илмий потенциалга эга бўлган ушбу мамлакат дунёнинг инновацион маҳсулотларнинг экспортида фақатгина 0,5 фоиз миқдоридаги улушга эга (АҚШ – 36 фоиз, Германия – 16 фоиз). Ҳозирги кунда рақобатдош иқтисодиётларга саноатда инновацион маҳсулотларнинг минимал улуши 15 фоиз даражасида ҳисобланадиган бўлса-да, Россия Федерациясида ушбу кўрсаткич фақатгина 6,1 фоизни ташкил этади.
Таҳлил натижалари юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 14 июлдаги ПҚ–3855-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 декабрдаги 979-сон қарори билан тасдиқланган Илмий ва илмий-техник фаолият натижалари ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштиришда иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоаларга қўшимча бир марталик мукофот тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни такомиллаштириш бўйича қуйидагилар таклиф этилади:
– ИТФНларни яратиш ва тижоратлаштиришда иштирок этаётган муаллифлар ва илмий жамоаларга тўланадиган бир марталик мукофот миқдорини тегишли равишда олинган даромаднинг 50 ва 40 фоизигача кўпайтириш;
– ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасаларида мазкур мукофотни ҳар чорак якуни бўйича тўлаш имкониятини яратиш.
Мазкур тартибнинг жорий этилиши ОТМларда ИТФНларни тижоратлаштириш кўрсаткичлари ошишига хизмат қилади.
Эргашев Икрoм Абдураcулoвич,
Тoшкент давлат юридик универcитети
Илмий бошқармаси бошлиғи,
доцент, юридик фанлари дoктoри