Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Россия Федерациясига хизмат сафари доирасида Россия Фундаментал тадқиқотлар жамғармасида бўлди. Вазир Курчатов институти миллий тадқиқотлар маркази вице президенти Владислав Панченко билан мулоқот қилди. Суҳбат давомида ҳамкорликда илмий ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш, ёш олимлар ва мутахассислар учун стажировкаларни ташкил этиш, илмий ишланмаларни тижорийлаштириш, бу соҳада тажриба алмашиш масалалари муҳокама этилди.
Томонлар ген технологияларини қўллаган ҳолда юқори технологик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, саноат биотехнологияларини ривожлантириш, медицина технологиялари, хусусан, ядро тиббиёти, ядро-энергетика технологиялари, робототехника, сунъий интеллект, ахборот технологиялари, маданий объектларни ўрганиш учун ядро-физика усулларини қўллаш, таълим фаолиятида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига тўхталдилар.
Таъкидлаш жоизки, Курчатов институти миллий тадқиқотлар маркази таркибига Россия ядро-физика комплексининг 10 та илмий ташкилоти киради. Институт қатор фундаментал ва амалий физика-кимё йўналишларини қамраб олиш билан бирга генетик технологияларни ривожлантиришга ҳам масъул илмий ташкилот ҳисобланади. Охирги икки йилда марказда узумнинг Россия тарихидан маълум бўлган навлари геномлари тўлиқ ўқилди ва узумчилик кластери ривожланишида асосий иштирокчига айланди. Ҳозирги кунда 4 минг гектардан ортиқ майдонда узумчилик ва узумни қайта ишлаш соҳасида генетик тадқиқотлар ўтказилмоқда.