Бугун шиддат билан янгиланиб бораётган давр барчамизни жамиятда кечаётган ўзгариш ва юксалишларга дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундамоқда. Зеро, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар самараси барча соҳаларда ўз ифодасини топаётгани, энг муҳими, ёши, касби, меҳнат фаолиятидан қатъи назар, ҳар бир юртдошимиз қалбида бахтли ва фаровон ҳаёт шукронаси акс-садо бераётгани бизни шу юртдаги ҳаётбахш янгиланишлар билан бирга одимлашга ундайди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда илм-фан ва таълим-­тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, келажак бунёдкорлари бўлган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-­қувватлаб, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилаётир.

Хусусан, миллий таълим сифатини янги ва юқори босқичга олиб чиқиш, шунинг баробарида олий таълимни юртимизга хос ва мос тизимга айлантиришни кўзда тутган юксак ислоҳотларнинг олий таълим муассасаларидаги амалий ифодалари Фарғона давлат университетида ҳам бўй кўрсатмоқда.

Ўтган қисқа вақт ичида университетнинг нуфузи ва илмий салоҳияти сезиларли даражада ошди. Жорий йилда жамоамиз сафига 3 нафар фан доктори, фанлар бўйича 32 нафар фалсафа доктори қўшилди. Сўнгги йилларда 2 та янги факультет, 5 та янги таълим йўналиши фаолияти йўлга  қўйилди. Ўтган йили профессор­ўқитувчиларимиз сафига 59 нафар ёш қабул қилинган бўлса, бу йил ёш олимлар сафи янада кенгайди.

Жорий йилда 25 нафар тадқиқотчи­-олим докторлик диссертацияси ёқлаши режалаштирилган. 2022 йил учун стажёр-­тадқиқотчи, таянч докторантура, докторантурага қабул квотаси 2 баравар оширилгани биргина таянч докторантурада бу кўрсаткич 52 тани ташкил этиши ёш тадқиқотчи-­олимларимиз сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, илмий-­тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-­қувватлаш тўғрисида”ги фармони ёш ва изланувчан педагог-­талабалар учун айни муддао бўлди.

Мамлакатимизда илк маротаба олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Илҳом” миллий мукофоти танловида филология факультети талабаси Қобилжон Шерматов ғолиблар қаторидан ўрин олгани ҳам университетда Фарғона филология мактабининг бугунги ёш авлоди шаклланиб келаётганининг исботидир.

Университетда ташкил этилган Гендер тенглик тадқиқотлари маркази ва “Болажон” инновацион маркази ҳам ҳудудда ягона ҳисобланади. Олий таълим муассасамизда таҳсил олувчи 14 минг нафардан зиёд йигит-­қизнинг пухта билим олиши ва самарали илмий фаолият юритиши учун мазкур марказлар алоҳида хизмат қилади.

Фарғона давлат университетининг халқаро олий таълимдаги ютуқларни ўзлаштириш ва таълим сифатини дунё стандартлари даражасига кўтаришга қаратилган саъй-­ҳаракатлари ҳам янги босқичга чиқди. Жумладан, Япониянинг Тохоку университети, Россиянинг Москва давлат университети, Корея Республикасининг Ҳангук университети, Қозоғистоннинг Евроосиё миллий университети, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, Хитойнинг Конфуций институти, Швециянинг Лунд университети сингари 70 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари билан ўрнатилган ҳамкорлик талабаларнинг халқаро стандартлар асосида билим олиши учун замин бўлмоқда.

Россия Федерациясининг Қозон федерал университети билан “филология ва тилларни ўқитиш: рус тили” йўналишида қўшма таълим дастури йўлга қўйилгани бу борадаги муносиб қадам бўлди. Мазкур йўналишдаги ҳамкорлик Томск ва Санкт-­Петербург давлат университетлари билан ҳам ўрнатилиши режалаштирилган. Фарғона давлат университети ва Венгриянинг Etvosh Lorand университети ўртасида мевачилик ва узумчилик йўналишида қўшма факультет ташкил этилиши олийгоҳимизнинг аграр соҳа мутахассисларини тайёрлашдаги тажрибасига билдирилган ишонч белгисидир.

Илм масканимизнинг АҚШнинг Teaching Fellow, Fulbright, UniCEN, Корея Республикасининг KOICA, Германиянинг DAAD лойиҳаларидаги фаол иштироки ҳам таълим сифати ва самарадорлиги янада ошишини таъминлаяпти. Жорий ўқув йилида энг замонавий талаб ва стандартлар асосида қайта реконструкция қилинган филология факультети биноси фойдаланишга топширилгани сифатли таълимни ташкиллаштириш йўлидаги амалий ишлардан бири бўлди.

Энг қувонарлиси, бундай янгиланиш жараёнларида олийгоҳимиз илмий жамоасининг ишга, ҳаётга муносабати ва масъулияти тубдан ўзгарди, улар илмий, инновацион янгиликларга интилиб, илғор таълим технологиялари ва методикаларини пухта ўзлаштириб боришмоқда.