Агар биз шу соҳаларга жиддий эътибор қаратсак, устувор йўналиш сифатида белгилаб олсак, уни моддий ресурслар билан таъминласак, бу ўз навбатида Ватанимизни “Учинчи ренессанси” даврини бошлаб беради, Янги Ўзбекистон вужудга келишини пойдевори бўлиб ҳисобланади деб таъкидлади юртбошимиз. Шу вақтга қадар бу соҳада амалга оширилган тадбирлар тизимли аниқ, мақсадли ва натижадорликка қаратилган эди. Президентимиз мактабгача таълимга алоҳида аҳамият берди.
Унинг болалар боғчасида тарбияланган бола билан уйда ўсган бола ўртасидаги фарқлари тўғрисидаги сўзлари бу соҳада ўзига хос дастурул амал бўлди. Мактаб таълими соҳасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилди. Иқтидорли ёшлар учун Президент мактаблари ташкил этилди. Педагогнинг ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилди. Бир миллион дастурчи кўникмалари мактабларда шаклланиши бўйича тадбирлар белгиланди. Олий таълим соҳасида квота бўйича чекловлар олиб ташланди. Дунёнинг етакчи университетларига мамлакатимизда фаолиятини турли шаклларда ташкил этишга имконият яратилди. Хусусий олий таълим муассасаларига йўл очиб берилди.
Фанлар академияси тизими ҳам тубдан такомиллаштирилди. Номигагина мавжуд бўлган илмий муассасалар қайта жонлантирилди. Тугатиб юборилган лабораториялар қайта тикланди. Илм фаннинг илғор йўналишлари бўйича янги тузилмалар ташкил этилди. Албатта буларнинг барчаси ўз самарасини берганлиги мамлакатимиз ривожини янги босқичга олиб чиққанлиги исбот талаб қилмас ҳақиқат ҳисобланади.
Таълим ва илм Янги Ўзбекистон ривожининг пойдевори деган пурмаъно мақсад ва вазифалар муваффақиятли амалга оширилди. Бироқ бу мақсад ва вазифалар шу билан ўз аҳамиятини йўқотмайди. Чунки, улар ҳеч қачон эскирмайдиган стратегик ривожланиш йўналиши ҳисобланади. Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси халқига қилган мурожаатида ушбу стратегияга янги мазмун бахш этувчи янги илғор, креатив мақсад вазифалар, уларни амалга ошириш йўллари белгилаб қўйилди. Ушбу стратегияни янада аниқлаштирилган йиллар кесимидаги ўзига хос йўл ҳаритаси Ўзбекистон – 2030 стратегияси ҳисобланади.
Албатта бу борада олдимизга қўйилган вазифалар улкан ва кенг қамровли эканлигини таъкидлаш лозим. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм фанни янада ислоҳ қилиш чора тадбирлари” тўғрисида ПФ 232-сонли фармонида таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир деган устувор ғояга алоҳида урғу берилди. Замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш, юридик таълим илм фан ва амалиётни узвий боғлаш мақсади белгилаб қўйилди.
Шу муносабат билан мен ўзим фаолият юритаётган олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар тизимини айрим йўналишлари бўйича тўхтаб ўтишни жоиз деб биламан. Олий таълимни барча турдош соҳаларида дунёнинг етакчи, илғор университетлари таълим моделлари асосида ташкил этиш ўз самарасини бериши лозим, бу қисқа қилиб айтганда жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар тайёрлашда намоён бўлади. Тўғри, ҳозирги пайтда ҳам мамлакатимизда олий таълимда олган баъзи мутахассисларнинг муайян қисми хорижий мамлакатларда юксак нуфузга эга бўлиб фаолият юритаётгани тўғрисида маълумотларга эгамиз. Бироқ, улар сони жуда кам. Шуни афсус билан таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда олий ўқув юртини тугатган ва зарурият тақозоси билан хорижда ишлаётган мутахассисларнинг анчагина қисми ўз соҳаси бўйича фаолият юритаётгани йўқ.
Албатта, бунда дунёнинг айрим мамлакатларида хорижий мамлакат дипломини нострификация қилиш таомилларининг мураккаблиги, серҳархаша эканлиги билан изоҳлаш мумкиндек, бироқ бу баҳона бўла олмайди. Бошқа жиҳатдан олганда рақобатбардошлик бу фақат хориж мамлакатида фаолият юритаётган учун мезон, эмас мамлакатимиз ичида турли соҳаларда фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассислар ўртасида хам кучли рақобат муҳити мавжуд бўлиши лозим. Бироқ ҳозирча бундай рақобат муҳити муайян маънода ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, гуманитар фанлар ўқитувчилари ўртасидагина мавжуддек кўринади.
Мамлакат иқтисодиётини драйверлари бўлган агрономлар, инженерлар, IT соҳаларида кучли рақобат муҳити деярли мавжуд эмас. Бу эса амалиётни юқоридаги соҳалар бўйича ўртамиёна мутахассислар билан қаноатланишга мажбур қилади. Чўпонлар дронлар билан яйловларда чорва молларини ўтлатаётган ҳозирги дунёда олий таълим ҳам, касб ҳунар таълими ҳам келгуси ривожланиш, ўсиш нуқталари тизимли асосда ташкил этилиши шарт. Бунда нафақат бугунги кунга зарур бўлган, балки эртанги кун учун ҳам захира билимлари, кўникмалари даражасини таъминлайдиган олий таълим даргоҳлари фаолиятини йўлга қўйиш керак. Фақат диплом учун ўқиш, шунингдек олий таълим тизимида “қулоғидан тортиб ўқитиш” ёндашувларидан воз кечиш пайти аллақачон келди.
Мамлакатимиз баъзи олий таълим муассасалари хорижий мамлакатлар етакчи олий таълим муассасалари билан қўшма ҳамкорлик бўйича таълим дастурлари асосида фаолият юритмоқдалар. Бунда талаба таълим даврининг муайян қиссмини хорижда, муайян қисмини мамлакатимизда амалга оширади. Дипломлар эса Ҳар иккала мамлакатда бирдай тан олинади. Бу ҳам рақобатбардош кадрлар тайёрлашни ўзига хос усули деб айтиш мумкин. Сўнгги вақтларда дуал таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда талаба таълим муассасасида олинган назарий билимларни ишлаб чиқариш корхоналарида ёхуд муассасаларида бевосита давом эттиради, амалий кўникмалар ҳосил қилади. Бу эса мутахассисни амалиёт кўникмаларига эга бўлган тўлақонли мутахассис сифатида шаклланишига имкон беради.
Албатта бу ўринда муайян муқобил вариантлар хам мавжуд. Асосий масала амалиётни олий таълим муассасасига олиб келиш керакми, ёхуд олий таълим муассасаси амалиётга келиши керакми муҳим масаладир. Амалиётни олий таълим муассасасига олиб келиш ёндашувида муайян қулайликлар мавжуд. Бунда асосийси амалиётни яхши билган мутахассислар ўқув жараёнига жалб этилади. Олий таълим муассасасини амалиётга бориши бунда амалиёт ташкилотларида, корхоналарида сайёр кафедралар ташкил этилади. Талаба амалиёт кўникмаларини бевосита корхонада ўзлаштиришлари лозим бўлади. Ушбу ёндашув муайян ноқулайликларга эга деган қарашлар ҳам мавжуд.
Ҳар бир корхона, муассасадаги амалиётчи ходимларнинг ўзларининг функционал мажбуриятлари бор. Талабалар билан ишлаш баъзи ҳолларда уларни асосий фаолиятидан чалғитиш, тўсқинлик қилиши функционал вазифаларини бажаришдан чалғитиши, тўсқинлик қилиши ҳам мумкин. Тўғри, баъзи амалиётчилар югурдак, ёрдамчи топилганидан хурсанд бўлишлари ҳам мумкин, лекин бундай ҳолатлар Ҳар доим хам талабага амалиётни чуқур ўрганишга имкон беравермайди. Агарда бундай ёндашувда корхона маъмурияти масъулиятли ва зийрак бўлса, салоҳиятли талабаларни кўз остига олиб қўйишлари ва келгусида улар билан ҳамкорликни йўлга қўйишлари мумкин.
Олий таълим ўқув модулларини шакллантиришда ҳам қарама қарши ёндашувлар мавжуд. Биринчи ёндашувга кўра, талаба нафақат мутахассислик бўйича маълумот олиши лозим, балки дунёқараши кенг, муайян ахлоқий, маънавий қадриятларни унга сингдириш учун муайян ижтимоий гуманитар ўқув предметларидан хам сабоқ олган бўлиши лозим. Иккинчи ёндашувга кўра, соф мутахассислик учун зарур бўлган ўқув модулларидангина сабоқ олади, бошқа ҳеч қандай ортиқча предметлар ўқитилмайди. Бундай ёндашувда талабанинг олий таълимда таҳсил олиш муддати табиийки анча қисқаради. Фикримизча, бундай вақтдан ютиш аслида комил инсонни шакллантиришдаги ютқазиш билан баробар.
Бугунги кунда олий таълимда сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш тўғрисида турлича инновацион педтехнологиялар яратилмоқда, қўлланмоқда. Бироқ бунда ҳам ижобий ютуқлар, ҳам салбий ҳолатлар намоён бўлаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Сунъий интеллектдан фойдаланишни суиистеъмол қилиш оқибатида талабада креатив қобилиятлар хиралашмоқда. Унда истеъмолчилик, боқимандачилик кўникмалари вужудга келмоқда, бу эса охир оқибатда талабани ва эртанги кун мутахассисини сунъий интеллектга мутелиги, қарамлигига олиб келиши мумкин. Инсонни гиёҳванд моддаларга қарамлиги фожиа ҳисобланади, инсоннинг сунъий интеллектга қарамлиги хам худди шундай фожиа сифатида баҳоланмоғи лозим. Бунинг учун олий таълимда сунъий интеллектдан фойдаланиш оптимал чегараларни аниқ белгилаб қўйилмоғи ва унга риоя қилиниши устидан қатъий назорат ўрнатилмоғи лозим.
Илм фан мамлакат ривожини драйверига айланиши учун муайян институционал тизим яратилмоғи лозим. Бу борада тўлақонли фойдаланилмаётган захира имкониятлари мавжуд. Энг аввало илмий даражалар олиш учун амалга оширилган тадқиқотлардан самарали фойдаланиш тизимини яратиш талаб этилади. Диссертация тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш бўйича ўзига хос тартиб таомиллар мавжуд. Бироқ бу тартиб таомиллар формал характерга эга. Гарчи юзлаб, минглаб диссертация тадқиқотлари амалга оширилган бўлса ҳам, мамлакатимиз иқтисодиётида уларни қўлланиш самарадорлиги бўйича мақтанишга арзигулик натижалар мавжуд эмас.
Ушбу соҳани жиддий ислоҳ қилиш илм фанни самарадорлигини оширишга имкон беради. Бироқ бунда бюрократик талаблар билан тадқиқотчиларни бездирмаслик, улар учун сунъий тўсиқлар қўймаслик лозим. Мамлакатимизда илм фанни ташкил этиш бўйича муайян ижобий натижаларга эришилганига қарамасдан, шуни қайд этиш лозимки, мамлакатимизда амалиёт муҳтож бўлган илмий ишланмаларни асосий қисми дунёнинг ривожланган мамлакатларида яратилади ва тегишли патентлар билан ҳимояланган бўлади. Уларни мамлакатимизга жорий этиш учун лицензия шартномалари, технологиялар трансферини амалга ошириш лозим бўлади. Тўғри, юқори самарали ишланмалар ва технологиялар патенти “фалон пул” туради. Албатта, интеллектуал мулк ҳуқуқига риоя қилиш лозим. Маданий қароқчилик мамлакатимиз нуфузи ва обрў эътиборига жиддий зарар етказдиради. Шу сабабли ҳам бу борада ҳуқуқий майдондан ташқари чиқмасдан Ҳаракат қилишни ўрганишимиз лозим. Илмий ишланмаларни патентлаш талаблари юмшатилиши лозим. Ҳозир Хитой ҳам, АҚШ ҳам патент бўйича талабномаларни кўриб чиқишда жиддий бўлмаган фарқлар асосида талабномаларни қаноатлантириш ёндашувига риоя қилмоқдалар. Бундай ҳолатда мамлакатимиз қонунчилигидаги муҳим жиддий фарқлар мезонлари асосида патентлаш ноўрин бўлган бўлур эди.
Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан олий таълимда ахолининг айрим қатламлари учун имтиёзлар белгиланган. Жумладан, магистратурада қизлар учун текин таълим, бакалавриат соҳасида ҳам шунга ўхшаш имтиёзлар назарда тутилган. Бу албатта зарур ва ижобий амалиёт. Бироқ таълим соҳасида ҳам, илм фан соҳасида ҳам давлат асосан ягона хомий бўлиб қолаётганлиги ачинарли ҳолатдир. Дунё тажрибасида олий таълимда, илм фанда хусусий стипендиялар, таълим ва илм фан учун мақсадли хусусий жамғармалар, меценантлик ва ҳомийлик фаолияти кенг ривожланган. Кўпдан буён оммавий ахборот воситаларида ёзиб келаётган яна бир масала бўйича тўхтаб ўтиш жоиз бўлур эди. Гап тўйлардаги, бошқа тантанали маросимлардаги ортиқча исрофгарчиликлар, иқтисодиётни ишлаб чиқариш секторини ривожланишига нисбатан инвестициялар оқимини камайтираётган тўйхоналар ва кўнгилочар тадбирлар бизнеси хақида бормоқда. Дунёнинг баъзи мамлакатларида инсоннинг табиий ва зарурий эҳтиёжидан ортиқ исрофгарчилик ҳолатлари ҳашаматли, муҳташам саройлар учун Ҳашамат солиғи мавжуд. Албатта, бунга эътироз билдирилиши ва мулкдор ўз мол мулки маблағларини ўзи хоҳлаган тарзда тасарруф қилиш ҳуқуқи борлиги тўғрисида мулоҳазалар билдирилиши мумкин. Тўғри, мулкдор ҳуқуқлари кафолатланган. Бироқ бу дегани уни исрофгарчилик қилиши тўғри деган маънони англатмайди.
Ҳадиси шарифларда ҳам енглар, ичинглар лекин исроф қилманглар, ношукур бўлманглар деб айтилган. Фикримизча, ҳашамат солиғи нозик масала. Ҳашамат солиғининг объекти бўлиб қимматбаҳо иномаркалар, ҳашаматли саройсифат ҳовли жой, дачалар ва икки юздан ортиқ меҳмон таклиф этилган тўйлар, тантаналар, маросимлар учун белгиланмоғи лозим. Солиқдан тушган тушумнинг бир қисми таълим жараёнига, бир қисми эса илм фанни ривожлантиришга сарфланмоғи шарт. Фикримизча, Ҳашамат солиғини жорий этиш бўйича тегишли қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси асосида тайёрланиши ва кенг омма муҳокамасидан ўтиши лозим. Олий таълим ва илм фанни уйғун ривожланиши ижодий фикрлайдиган мутахассислар доирасини кенгайтиради, бу эса иқтисодиётни сифат жиҳатдан янги савияга олиб чиқади. Бундай сифат ўзгаришлари креатив иқтисодиёт ва инновация инвестициялари манбалари институционал тизими мавжуд бўлган сегментларда намоён бўлади.
Президентимиз Мурожаатномада таъкидлаганидек, “Бундан буён Ҳар бир доллар инвестиция энг аввало илғор технологиялар ва уларнинг трансфери, ташқи бозори аниқ юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, энергия, сув, ер ва бошқа ресурслардан фойдаланишни самарадорлигини оширишга, маҳаллий ишчиларни янги технологиялар билан ишлашга ўқитиш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши керак. Яъни юқори технологиялар ва янги компитенциялар олиб кирган экспорт учун ишлаган инвестор энг ишончли ҳамкоримиз бўлиб ҳисобланади”.
Таълим ва илм фан уйғун ривожлантириш стратегияси мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида худди шундай ўзгаришларни вужудга келишини таъминловчи қудратли омил бўлиб хизмат қилади.
О. Окюлов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар доктори, профессор.
Тошкент давлат юридик университети профессори.