1997 йил май ойи эди. Генерал Учқин Раҳимов ва Тожиддин Жалилов билан суҳбатлашиб қолдик.
— Тожиддин ака, охирги ҳафтада бир варакайига еттита номзодлик иши ҳимоя қилиндими?
— Ҳа, Учқин Содиқович, шундай, еттита номзодлик иши ҳимоя қилинди.
— Тандирда сомса ёпгандек бўлибсизлар-ку, ҳай майли, ҳаммаси яхши-ку, лекин, менингча, ошириб юбормадингларми?
— Ҳа, энди раҳбарият шунга рухсат берган бўлса, бизнинг қўлимиздан нима келади?
Шу жавобдан кейин Учқин Содиқович Раҳимов хотираларга берилиб, бир воқеани айтиб бердилар:
— Мен етмишинчи йилларнинг охирида Бухоро вилояти ДХҚ бошқармасида бошлиқ бўлиб ишлар эдим. Ўша йили Бухоро педагогика институти география факультетида Давлат имтиҳони комиссиясининг раиси сифатида қатнашдим. География фанидан сиртқи факультетнинг бир битирувчисига савол бердим: “Аргентина давлати қаерда жойлашган?”. Бундай савол беришимга сабаб, ўша йили Аргентина терма жамоаси футбол бўйича жаҳон чемпиони бўлган эди. Ҳамманинг оғзида Аргентина давлати бўлиб, жуда машҳур бўлиб кетган эди. Битирувчи : “Аргентинами? У Пешкудан кейинги районку деди. География йўналиши бўйича ўқишни тамомлаётган битирувчининг жавоби мени ўйлантириб қўйди. Қайёққа қараб кетяпмиз, бундай кетишда келажагимиз нима бўлади? Шундай хаёллар мени чулғаб олди.”
—Кейин нима қилдингиз? , - сўрадилар Тожиддин ака.
— Ўша заҳоти Давлат имтиҳонини бекор қилиб, сиртқи факультет битирувчиларини яна бошқатдан ўқитиш керак деб таклиф бердим. Таклифимни қабул қилишди ва талабаларни яна бир йил ўқитиб, сўнгра Давлат имтиҳонларини топширтиришди.
— Тўғри қарор қабул қилган экансиз, - дедилар Тожиддин Азимович.
Суҳбатнинг охирида рулда кетаётган ва одоб доирасида суҳбатга аралашмаётган, менга уларнинг иккаласи ҳам насиҳатлар қилишди. Ҳар бир ишда мезонинг адолат ва халолликка таянсин дейишди. Илмий фаолиятим билан қизиқишди. Мен энди илмий мавзу олганимни айтдим. “Осон йўлдан борманг, қийин бўлса ҳам ишни ўзингиз ёзинг!”, - дедилар Учқин Содиқович. “Бундай дейишимга сабаб илмий фаолият бу жуда масъулиятли ишдир. Мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида бўлмаслиги керак. Унга жиддий ёндошиб, ишлаш керак. Бу фаолиятга енгил-елпи қарамаслик лозим. Имий фаолиятда андозалар бўлмайди, ҳамма ўзи индивидуал ҳаракат қилиши даркор. Илмда ўз ўрнингиз бўллиши лозим ва халқимиз илмий фаолиятингиздан манфаатдор бўлиши керак!”, - давом этди генерал. Дарҳақиқат, генерал Учқин Раҳимовнинг гаплари айни ҳақиқат эди. Ўша вақтда мен энди илмий тадқиқот фаолияти билан шуғуллана бошлаган эдим. Генерал Учқин Раҳимов ўзлари илм одами бўлмаса ҳам, менга тўғри маслаҳат берганлар.
Навоий 30-да Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов билан мақоламнинг нашри бўйича учрашган эдим. У киши илмий мавзуимга қизиқиб, савол-жавоб қилган эдилар. Шундай улуғ инсон менга вақт ажратиб, илмий мавзуим бўйича йўналишлар ва маслаҳатлар берганлар. Бир гаплари ҳеч ёдимдан чиқмайди: “Ҳаминқадар фан доктори бўлгунча, яхши фан номзоди бўлгин! Номинг илмда қолсин!”, - дегандилар. Кейинчалик фаолиятимда академик Бахтиёр Назаров, академик Азизхон Қаюмов, академик Тўра Мирзаев, академик Наим Каримов, Ўзбекистон Қаҳрамони, профессор Суйима Ғаниева, Ўзбекистон Қаҳрамони профессор Иброҳим Ғофуров, профессорлар Саидбек Ҳасанов, Иброҳим Ҳаққулов, Нўмонжон Раҳимжонов, Боқижон Тўхлиев, Боҳодир Каримов ва доцентлар Омонулла Мадаев, Шуҳрат Ризаелар билан мулоқот қилишимга тўғри келди.
Уларнинг барчаларини илмда ака-укачилик кетмайди деган гаплари ҳамон қулоғим остида янграб туради. Мен бу гапларимни илмга эндигина кириб келаётган ёшларга қарата айтаяпман. Чунончи, ёшлар бир пасда фалсафа доктори, ёки фан доктори бўлишга ва катта-катта маошлар олишга қизиқишади. Тўғри, инсон бир мақсад сари интилади, лекин бу мақсадга қайси йўл билан бориш мумкинлигини чуқур мушоҳада қилишимиз лозим. Сўнгги вақтларда олий таълим муассасаларида сонни кетидан қувиш анъанага айланмоқда, бу, албатта, ачинарли ҳол. Биз ҳар бир ишимизда сифатга эътибор беришимиз тўғрироқ бўларди. Чунки бизнинг илмий салоҳиятимиз етиштираётган кадрларни сифатига қараб белгиланиши керак. Қарийб ўттиз йилдан бери ҳарбий таълим соҳасида ишлаётган мутахассис сифатида бир қизиқ парадоксал ҳолатни кузатдим. Ҳарбий таълим муассасида қанчалик илмий салоҳият юқори бўлса, шунчалик етиштираётган кадрларни сифати паст бўлади.
Донимандлар айтганидек, ғалабанинг отаси кўп, мағлубият етим. Хулоса ўрнида шуни айтишим мумкинки, қаерда сон кетидан қувилса, ўша ерда сифат бузилади. Буни ҳаётни ўзи кўрсатиб турибди. Биз қандайдир олтин ўрталикни топишимиз лозим. Таклифим шуки, олий ҳарбий таълим муассасалари илмий салоҳият кетидан хаддан зиёд қувмаса, балки эътиборни пухта ва пишиқ билимга эга, ҳар қандай вазиятларда тўғри қарор қабул қиладиган мутахассисларни тайёрлашга қаратсак. Чунки биз оддий одамларни эмас, балки Она-Ватанга кўксини қалқон қиладиган офицерлар корпусини тайёрлаяпмиз!
Тўлқин САЙДАЛИЕВ,
филология фанлари номзоди доцент, истеъфодаги подполковник.